2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Пандемиядан сўнг дунё аввалгидек бўлмайди

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов онлайн режимида пандемия шароитида жамият ҳаётининг долзарб ҳуқуқий жиҳатларига бағишланган 9 ½: “Коронавирус қонунлари” махсус халқаро форумида иштирок этмоқда.

Адлия вазирларининг очиқ йиғилишида иштирок этар экан, Р. Давлетов йиғилганларга Ўзбекистон ўз салоҳиятига таянган ҳолда, шунингдек бошқа давлатлар тажрибаси ва ЖСТ тавсияларидан келиб чиқиб COVID-19 тарқалиши билан қандай курашаётгани ҳақида маълумот берди.

Хусусан, вазир республикада режимларнинг энг эгилувчани ҳисобланган чекловчи тадбирлар, яъни карантин жорий этилганини маълум қилди. У юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган, хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг алоҳида тартибини, аҳоли, транспорт воситалари, юклар ва (ёки) товарлар ҳаракатланишининг чекланишини назарда тутадиган маъмурий, тиббий-санитария чора-тадбирлари ва бошқа чора-тадбирларни кўзда тутади.

“Ҳеч бир давлат бундай инқирозли вазиятларда қандай ҳаракат қилиш тўғрисида инструкцияга эга эмас. Чора-тадбирлар зарур ҳолларда шошилинч равишда белгиланади ва қабул қилинади. Бунда шубҳасиз жамият, давлат ва инсон ҳуқуқлари уйғунлиги энг муҳим омиллардан бўлиши керак”, дея таъкидлади Р. Давлетов.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан комплекс ва тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Хусусан, барча таълим ва диний муассасалар вақтинча ёпилди, интернет ва телевидение орқали масофавий таълим амалиёти йўлга қўйилди, халқаро ва ички транспорт қатновлари тўхтатилди, йирик шаҳарлар, ҳудудлараро автомототранспорт ҳаракатланиши чекланди, ёлғон хабарлар тарқатиш ва карантин қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди.

Қатор олий ўқув юртлари, жумладан Тошкент давлат юридик университети томонидан масофавий таълим тизими йўлга қўйилди. Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчилари учун бир нечта телеканал орқали машғулотлар эфирга узатилмоқда. Бундай иш формати айниқса аҳолининг Интернетга уланиш имкони бўлмаган қишлоқ жойлари ва олис туманларда ўзини оқлади.

Вазир таъкидлаганидек, карантин даврида давлат бошқаруви “қўлда ишлаш” режимига ўтказилди. Махсус Республика комиссияси фаолиятининг мутлақо очиқлиги таъминланди. Аҳолини хабардор қилиш бўйича штаб ташкил этилди. Хусусан, аҳолини тезкор ва ҳаққоний равишда хабардор қилувчи 1,3 миллион нафардан зиёд обуначига эга махсус Telegram-канал фаолият юритмоқда.

 

photo_2020-04-10_19-38-51.jpg


Бундан ташқари, COVID-19нинг оммавий тарқалиши хатарини камайтириш мақсадида Ўзбекистонда корхона ва ташкилотлар, жумладан давлат органлари, ходимларига мулкчилик шаклидан қатъий назар меҳнат таътили берилди, уларнинг бир қисми масофадан туриб ишлашга ўтказилди. Хусусан, Адлия вазирлигида ҳам ходимларнинг 90 фоизи масофадан туриб ишлашга ўтказилди.

Карантин шароитида қонун ижодкорлиги соҳаси ахборот технологиялари туфайли бундай ўзгаришларга энг тайёр соҳа эканлиги маълум бўлди. Ўтган йилдан бошлаб меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини электрон тарзда ишлаб чиқиш ва келишиш тартиби амал қилмоқда.

“Мазкур тизимга 200 та ташкилот, жумладан юртимизнинг йирик компаниялари, банклари, ассоциация ва концернлари уланган. Натижада республикамизда қонун ижодкорлиги жараёни самарали давом этмоқда ва тезкор равишда вирус билан курашиш бўйича янги қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинмоқда. Масалан, ҳақиқатдан мутлақо йироқ бўлган маълумотлар (фейклар) тарқатиш, шунингдек карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонунлар қабул қилинди”, — деди Р. Давлетов.

Электрон онлайн-механизмлардан фойдаланиш давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида устувор аҳамият касб этади. Шу тариқа, нотариуслар фақатгина зарур ҳолларда e-notarius.uz сайти орқали электрон навбатдан ўтилгандан сўнг қабул қилмоқда. Давлат хизматлари ҳам онлайн тарзда my.gov.uz портали орқали, ўта зарур ҳолларда эса давлат хизматлари биноларида кўрсатилмоқда.

Р. Давлетов инқироз даврида дунё кооперациясини ривожлантириш, ижтимоий муносабатларни рақамлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини фаоллаштириш, карантин шароитида ҳуқуқ ва эркинликларни таъминлаш бўйича қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, у давлатлар ўртасида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини электрон платформага ўтказиш, пандемия шароитида ҳуқуқий ахборот алмашиш учун халқаро онлайн платформа яратиш муҳимлигини қайд этди.

“Бизнинг бугунги кундаги асосий бурчимиз барчага пандемия сабаб юзага келган юридик ва ҳуқуқни қўллашга оид масалаларга ечим топишга кўмаклашишдан иборат. Узоқ истиқболга мўлжалланган вазифамиз эса — коронавирус пандемиясига ўхшаш омиллар юзага келганда давлат, жамият ва шахснинг барқарор фаолиятини таъминловчи ҳуқуқий базани шакллантиришдан иборат. Бундан буён дунё биз барча муносабатларда кўникиб қолгандек бўлмаслиги аён. Қоидалари биз, юристлар томонидан ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириладиган янги муносабатлар, жумладан халқаро миқёсдаги муносабатларни шакллантириш босқичига қадам қўймоқдамиз”, — ўз сўзини якунлади Р. Давлетов.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Уй-жой билан таъминлашХалқ қабулхонаси10 Август 201917 Сентябрь 2019Тошкент вилояти
Қимматли қоғозлар бўйича дивидендларИшонч телефони7 Сентябрь 201916 Сентябрь 2019Қашқадарё вилояти

Фойдали ресурслар