2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Ислоҳотлар юрт ободлиги ва аҳоли фаровонлигига хизмат қилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 май куни саноат ва жамоат транспорти соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар, маҳаллалардаги бунёдкорлик ишлари билан танишиш мақсадида Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Чилонзор саноат зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишди.

Мазкур саноат ҳудудида бугунги кунда 510 та корхона бўлиб, яна кўплаб янгилари ташкил этилмоқда.

Хусусан, озиқ-овқат корхонасида йилига 7 минг тонна маҳсулот, шу жумладан, 10 турдаги чипс тайёрланмоқда. Яқинда лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга туширилиб, маҳсулотлар тури кенгайтирилади.

Мебелсозлик тармоғидаги корхонада йилига 2 миллион метр квадрат ёғоч панеллар ишлаб чиқарилмоқда. Уларнинг катта қисми импорт ўрнини босиши билан аҳамиятли.

Функционал озиқ-овқатлар комбинатида йилига 5 миллион қути йодланган қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Уларнинг 30 фоизини экспортга йўналтириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари ушбу корхоналарнинг ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди. Уларнинг ҳар бири ўзига хос йўналиш танлаганига эътибор қаратиб, барча ҳудудларда шундай корхоналарни ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Йоднинг аҳоли саломатлиги учун муҳимлигини инобатга олиб, мамлакатимизда йод билан бойитилган озиқ-овқатларни кўпайтириш бўйича кўрсатма берди.

Шу ерда Чилонзор туманида саноатни ривожлантириш режалари бўйича тақдимот ўтказилди.

– Чилонзор туманида жуда катта инфратузилма, бўш турган бинолар, кафолатланган энергия ресурлари бор. Фақат тадбиркорларга маблағ бериб, хорижий технологиялар олиб келиб, Чилонзорни индустрия хабига айлантириш керак, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари иқтисодий лойиҳалар ижтимоий соҳада ҳам натижа келтириши зарурлигига алоҳида тўхталди. Тадбиркорларга кўмак бериб, фаолиятини кенгайтириб, маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига ҳисса қўшиш зарурлигини таъкидлади. Бу борада бошланган янги дастурдан фойдаланиб, тумандаги 3 минг камбағал ва 10 минг ишсиз фуқарони иш билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Президентимиз Чилонзор туманидаги корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмасини ҳам кўздан кечирди.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамияти тизимидаги 7-автобус саройига борди.

Аҳолининг кундалик ҳаётига дахлдор ҳар бир масала давлатимизнинг эътиборида. Хусусан, жамоат транспорти тизими ўсиб бораётган талабдан келиб чиқиб ривожлантирилмоқда.

Сўнгги йилларда Тошкент шаҳри ҳам энига, ҳам бўйига ўсди. Муқим аҳоли, вақтинча яшовчилар, туристлар, талабалар сони ошди. Илгари шаҳарда кунига 800-900 минг йўловчи жамоат транспортидан фойдаланган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 1 миллион 300 мингдан ошган. Шу боис автобуслар етишмаслиги, кутиш вақти кўплиги каби муаммолар юзага келган эди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йил 13 декабрь куни пойтахтмиздаги 18-автобус саройида бўлиб, бу аҳволни ўзи кўрган, янги автобуслар олиб келиш ва йўловчиларга қулайликларни ошириш бўйича топшириқлар берган эди. Шундан келиб чиқиб, жорий йил 16 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу галги ташриф чоғида Шавкат Мирзиёев соҳадаги вазифалар ижроси билан танишди.

Апрель-май ойларида Тошкент шаҳрига 755 та замонавий автобус олиб келиниб, йўловчилари энг кўп йўналишларга қўйилган. Натижада автобусларнинг кунлик сони 1 минг 400 тага етган, 9 та қўшимча йўналиш очилган. Яқин кунларда яна 245 та автобус келтирилади.

Жумладан, 7-автобус саройи шу пайтгача 18 та йўналишда кунига 90 минг йўловчига хизмат кўрсатар эди. Яқинда унинг парки 67 та янги транспорт билан бойиди. Табиийки, йўловчи ташиш қуввати ошиб, автобусларнинг оралиқ вақти қисқарди.

Мутасаддилар Тошкент шаҳрининг янгиланган Транспорт бош режаси бўйича ҳам ахборот берди. Қайд этилганидек, у шаҳарнинг кенгайиши ва йўловчилар оқими таҳлили асосида, 167 та йўналишдан иборат тарзда ишлаб чиқилган. Шундан 17 тасида кунлик режа белгилаш тартиби бекор қилиниб, босиб ўтилган масофага қараб ҳисоб-китоб тизимига ўтилган. Июнь-июль ойларида қолган 150 та йўналиш ҳам тендер савдолари орқали шундай тизимга ўтказилади. Натижада қатновлар мунтазамлиги таъминланади, хизмат сифати ошади.

Бунда ҳайдовчиларнинг малакаси ҳам жуда муҳим. Шу боис Тошкент давлат транспорт университети ва бошқа ўқув марказларида ҳайдовчиликка ўқитиш ҳамда қайта тайёрлаш йўлга қўйилган. Автобус ҳайдовчиларининг ойлик маошлари икки баробар оширилиб, йил бошидан бери мингдан зиёд ҳайдовчи ишга қабул қилинган.

Давлатимиз раҳбари автобусларга сифатли сервисни йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади. Йўлкира тўлови тизимини тартибга солиш, ҳаракат назоратини рақамлаштириш, бекатларда шароитларни яхшилаш бўйича кўрсатмалар берди.

– Янги автобуслар, албатта, халқимизга қўшимча шароит яратди, – деди Шавкат Мирзиёев. – Эндиги вазифа йўлларда тирбандликни камайтириб, автобусларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш. Пировард мақсад – Тошкентда жамоат транспорти қамровини 2 миллион йўловчига етказиш.

Президент автобусга ўтириб, оддий йўловчилар билан бирга йўналиш бўйлаб юриб кўрди.

Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги 3-Катта Чилонзор маҳалласига ҳам ташриф буюрди.

Мамлакатимизда барча дастурлар аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, манзилли амалга оширилмоқда. Бунинг учун “маҳалладаги бешлик” тизими жорий этилиб, уларга кенг имкониятлар берилди. “Хавфсиз маҳалла”, “Хавфсиз кўча” концепциялари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Маҳаллаларнинг ўзига маблағ йўналтирилиб, обод қилинмоқда.

Бу 3-Катта Чилонзор маҳалласида ҳам яққол намоён. Фуқаролар йиғини биноси, 52 та кўп қаватли уй замонавий қиёфага эга. Майдончалар ва ички йўллар текисланиб, атрофи ободонлаштирилган. Болалар ўйингоҳи ва сайилгоҳ ташкил этилган.

«Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига мувофиқ, бўш майдонларга дарахт кўчатлари, райҳон, намозшомгул каби гуллар экилди, майсазорлар ташкил этилди. Маҳалла ҳудудидан ўтган “Анҳор” канали бўйида сайилгоҳ, пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилди. Шунингдек, электр подстанцияси, трансформатор ва паст кучланишли кабеллар янгиланди.

Президентимиз бу ўзгаришларни кўздан кечирди. Шу ерда маҳаллалар фаоллари, нуронийлар билан мулоқот бўлди.

– Биласизлар, ҳамма ишларимизни маҳаллада амалга оширяпмиз. Агар маҳалла обод, оилалар тинч ва даромадли бўлса, ўқиш, изланиш, ривожланиш бўлади. Шу боис бу тизимга қўшимча ваколатлар бераяпмиз. Бугун маҳалла камбағалликни қисқартириш, хотин-қизлар муаммосини ҳал қилиш, ёшлар тарбиясида катта кучга айланмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.

 Аҳоли вакиллари буни маҳалла ҳаётида сезаётгани, ёшларни ўқитиш, ишга жойлаштириш эътиборда эканини айтишди. Чилонзордаги 55 та маҳаллани обод қилиш, ижтимоий масалаларни ҳал этишга 115 миллиард сўм ажратилгани қайд этилди.

Бу йил Тошкент шаҳрининг 585 та маҳалласига 351 миллиард сўм, шундан Чилонзордаги 55 та маҳаллага 35 миллиард сўм йўналтирилиши маълум қилинди.

Президент бандлик масаласига алоҳида эътибор қаратди.

– Хабарингиз бор, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича янги тизим асосида иш бошладик. Бунда маҳаллалардаги ишсизлар салоҳиятли тадбиркорларга бириктирилади. Чилонзор туманида 10 минг нафар ишсиз фуқаронинг бандлигини таъминлашимиз керак. Ўйлайманки, тадбиркорлар бу бўйича ўзига масъулият олиб, нуронийларимиз бош-қош бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Учрашувда Президент фуқаролар билан очиқ, самимий суҳбатлашди.

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида бўлди.

Бу маскан 2019 йилда хорижий компанияга ижарага берилган эди. Ўтган вақтда 12 миллион долларлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, шароитлар яхшиланди. 43 та янги аттракцион ўрнатилиб, уч юздан зиёд иш ўрни яратилди.

Асосийси, боғни реконструкция қилишда бирор-бир дарахтга зиён етказилмасдан, аксинча, ҳудудга уч мингдан зиёд манзарали кўчатлар  ва дарахтлар экилди. Боғда ичимлик суви ва газ ҳамда канализация ўтказилган, шунингдек, ҳудуд тўлиқ замонавий суғориш тизими билан қамраб олинган. 

Илгари боққа кунига 30 минг атрофида меҳмон келган бўлса, реконструкциядан сўнг ўртача 60 минг киши ташриф буюрмоқда.

Давлатимиз раҳбари боғ бўйлаб юриб, одамлар билан суҳбатлашди. Болажонларга меҳр кўрсатиб, эзгу тилаклар билдирди.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар