2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Улуғ айём кунларидаги эзгу ишлар

Президент Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни Тошкент шаҳри Олмазор туманида олиб борилаётган бунёдкорлик ва маҳаллаларни ободонлаштириш ишлари билан танишди.

2018 йил 15 июнь, Рамазон ҳайити куни Президентимиз Ислом цивилизацияси маркази пойдеворига тамал тоши қўйган эди. Бугунги муборак Рамазон кунларида давлатимиз раҳбари ушбу мажмуага яна ташриф буюрди.

Бу марказ ҳам маҳобати, ҳам моҳияти жиҳатидан улкан лойиҳа. Унинг қурилиши қарийб тўрт йилдирки давом этмоқда. Мажмуа уч қаватли бўлиб, қадимий обидаларимиз шаклида барпо этилган. Бино марказида улкан гумбаз, тўрт томонида симметрик пештоқлар қурилган. Бугунги кунда пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев шу ишларни кўздан кечирди. Бинони пардозлашда қадимий мадрасаларимиздаги белгилар ва иссиқ ранглардан фойдаланилмоқда.

Давлатимиз раҳбари мажмуани чиройли ва сифатли қилиб қуриш билан бирга мазмунига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

– Бугун, муборак Рамазон ойида, жума кунида бу ерга келишимиз бежиз эмас. Бундай улуғ айём кунларида қилинган ниятлар амалга ошади. Охирги йилларда оғир-оғир синовлардан ўтдик. Лекин бу ерда иш тўхтагани йўқ. Нима учун буни қураяпмиз? Халқимизнинг дунёқарашини, ғурурини кўтариш, қандай буюк эл эканимизни ашёвий далиллар билан намоён этиш учун, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг маънавий қудратини кўрсатиши қайд этилди.

– Ўтган йили Қашқадарёда “Ўзбекистон GTL” заводини очиб, бутун дунёга мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини кўрсатдик. Бу марказ халқимизнинг маънавий ва маърифий қудрати тимсоли бўлиб қолади, – дея таъкидлади Президент.

Давлатимиз раҳбари деворлардаги равоқларнинг безак ва ёзувлари намуналари билан танишди. Дарвозалар тепасига тинчлик, илм, одобга чорловчи оятлардан ёзиш мақсадга мувофиқлигини айтди.

Ислом цивилизацияси марказининг таркибий қисмлари тўғрисида маълумот берилди. Биринчи қаватда музей омбори, қадимий қўлёзма ва осори-атиқаларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш хоналари, нашриёт ва китоб дўконлари жойлашади.

Иккинчи қават мажмуанинг асосий кўргазма майдони бўлади. Бу ердаги Ислом тарихи музейи 9 та бўлимдан ташкил топади. Бинонинг марказида 65 метр баландликдаги гумбаз остида Ислом оламининг дурдонаси ҳисобланган Усмон мусҳафи қўйилади. Бу зал атрофида яна 8 та – “Исломдан аввалги даврда Марказий Осиё”, “Исломнинг Марказий Осиёга ёйилиши”, “Таълим”, “Илм-фан”, “Меъморчилик ва шаҳарсозлик”, “Санъат ва бадиий ҳунармандчилик”, “Анъаналар” ҳамда “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” бўлимлари жойлашади.

Шунингдек, бу қаватда 550 кишига мўлжалланган конференция зали бўлади.

Президентимиз “Илм-фан” бўлимини кўздан кечирди. Аллома боболаримиз меросини кенг ва таъсирчан тарғиб этиш бўйича тавсиялар берди.

Давлатимиз раҳбари учинчи қаватга чиқиб, кутубхона, Ислом академияси илмий кафедралари ва маъмурий хоналар намуналарини ҳам кўрди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олмазор туманидаги Университет маҳалласига борди.

Ижтимоий дастурларни маҳаллабай амалга ошириш – давлатимиз раҳбарининг энг асосий талаби. Университет маҳалласида ҳам иш шундай ташкил этилган. Фуқаролар йиғини биноси замонавий таъмирланган. Уйлар ҳовлиси, майдончалар обод қилиниб, ички йўллар бетон билан текисланган, 700 метр узунликдаги велосипед йўлаклари қурилган.

Маълумки, ўтган йили ноябрда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилинган эди. Давлатимиз раҳбари бу жараёнда дарахт кўчатлари экиш билан бирга маҳаллаларда ишкомли кўчалар ташкил қилиш зарурлигини айтган эди. Шунга мувофиқ, Университет маҳалласида 750 метр узунликдаги ишкомлар ўрнатилиб, узум кўчатлари экилган. Кўп қаватли уйлар олдидаги майдонларга райҳон, намозшомгул каби гуллар етиштирилмоқда.

Университет маҳалласида 4 минг нафардан зиёд аҳоли яшайди. 19 та кўп қаватли уйнинг қиёфаси, йўлаклари яхшиланди. Бу ерда 150 ўринли хусусий мактаб ҳам бор. Ўндан ортиқ кичик бизнес корхонасида маҳаллий ёшлар ва аёллар ишламоқда.

Президентимиз маҳаллада бажарилган ишларни кўздан кечирди. Маҳалла фаоллари, нуронийлар билан суҳбатлашди.

– Сизларни аввало Рамазон ойи билан, маҳаллангиз шундай обод бўлгани билан табриклайман. Бу салгина ҳаракат қилса, раҳбарлар пастга тушиб ишласа, натижа бўлишининг бир мисоли. Илгари маҳалланинг номи бор эди, ҳоким хуши келса, гаплашарди. Ҳозир ҳамма тизимни маҳаллада мужассам қилаяпмиз. Нима учун? Ҳар бир оилага, ҳар бир инсонга етиб бориш учун. Бундай ишлар ҳамма маҳаллада тезроқ бўлишини истардим, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўтган йили Тошкент шаҳридаги 579 та маҳаллага 2 миллиард сўмдан берилган эди. Бу йил ҳам яна шунчадан маблағ йўналтирилиши маълум қилинди.

Давлатимиз раҳбари маҳалладаги “Олмазор холдинг гранд” бошқарув сервис компанияси фаолияти билан ҳам танишди.

Кўп жойларда бўлгани каби Университет маҳалласида ҳам коммунал хизмат кўрсатишда муаммолар бор эди.

2021 йил 19 июнда Ўзбекистон Президентининг “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. “Олмазор холдинг гранд” компанияси ушбу имкониятлар натижасида ташкил топди. Унинг икки қаватли биносида қулай шароитлар яратилган.

Компания 7 маҳалладаги 103 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади. Илгари бу уйларга 27 та ширкат қараган. Уларда директордан бошқа мутахассис, махсус техника бўлмаган. Ҳозир сервис компаниясида 70 та доимий иш ўрни яратилган. Махсус техникалар сотиб олинган. Компания биносида коммунал хизматлар бўйича ўқув маркази ҳам очилган.

Ҳисоб-китобларда биллинг тизими йўлга қўйилган. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида «Менинг уйим» мобиль иловаси жорий этилган.

Бундан ташқари, бошқарув компанияси биносидаги қўшимча хоналар ҳамда кўп қаватли уйларнинг ертўласида 30 га яқин маиший хизматлар ташкил этилган. Президентимиз ушбу шохобчаларни ҳам кириб кўрди.

Шу ерда Тошкент шаҳри туманларида ташкил этиладиган бошқарув сервис компаниялари бўйича тақдимот ўтказилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Олмазор туманидаги 102-сонли заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатни бориб кўрди.

Мазкур таълим муассасаси 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, 2016 йилда капитал таъмирланган. Айни пайтда бу ерда 221 нафар ўқувчи тарбияланмоқда. Уларга олий маълумотли дефектолог ва тарбиячилар сабоқ бермоқда. Ўтган йили 21 нафар битирувчидан 3 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган.

Мактаб-интернатда 4 та ўқув биноси, 280 ўринли ётоқхона, ошхона, кутубхона, спорт зали, фаоллар зали мавжуд.

Давлат раҳбари ўқитувчилар билан суҳбатлашди. Тарбияланувчиларнинг машғулот жараёнларини кўздан кечирди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигига мактаб-интернатнинг ошхонаси ва технология хоналарини таъмирлаш, спорт комплекси ва ишлаб чиқариш устахонаси ташкил этиш бўйича топшириқ берди.

Халқ таълими вазирлигига “Замин” жамғармаси билан бирга 2 минг 600 дан зиёд заиф эшитувчи болаларни тиббий текширувдан ўтказиб, уларни эшитиш мосламалари билан таъминлаш, эшитиш қобилияти тикланган болаларни босқичма-босқич умумтаълим мактабларига ўтказиш вазифаси қўйилди.

Шундан сўнг мактаб-интернатда юртимиздаги шундай ижтимоий муассасалардаги шароитларни яхшилаш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида Қуръони каримнинг “Раҳмон” сурасидаги “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”, деган оятни ёдга олди.

Кексаларга ҳурмат, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Пандемия даврида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати кенг тарқалиб, элимиз эҳтиёжмандларга беғараз ёрдам бергани, қийинчилик ва синовларни баҳамжиҳат енгиб ўтгани бунинг ёрқин мисоли бўлди.

Инсон қадрини улуғлаш, меҳр ва ёрдамга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш – давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналиши. Бу борада жуда кўп хайрли ишлар қилинмоқда.

Ўтган йили 25 мартда қабул қилинган Президент фармони асосида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларини яхшилаш чоралари кўрилди. Жумладан, Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, “Саховат” ва “Мурувват” уйлари, фахрийлар санаторий ва пансионатлари, бошқа қатор тиббий-ижтимоий муассасалар унинг тасарруфига ўтказилди.

“Саховат”, “Мурувват” уйлари, Республика фахрийлар пансионатининг раҳбар ва шифокорлари иш ҳақи 1,5 баробарга, кичик ва ўрта тиббиёт ходимлари иш ҳақи 2 баробарга оширилди.

Ушбу интернат уйларда яшовчи 9 минг 400 нафар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда 18 минг нафар ёлғиз фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди.

“Замин” жамғармаси билан ҳамкорликда заиф эшитувчи 2 мингдан зиёд болалар рақамли эшитиш мосламалари билан таъминланди, 11 та ихтисослашган мактаб-интернат ёрдамчи товуш-нутқ воситалари билан жиҳозланди. Ногиронлиги бўлган 900 нафар бола протез-ортопедия мосламалари, 1 минг 100 нафар шахс пультли аравачалар билан таъминланди.

Йиғилишда вилоят ҳокимлари ўз ҳудудидаги тиббий-ижтимоий муассасаларга бориб, у ердаги аҳволни ўз кўзи билан кўргани, муаммоларни ўргангани ҳақида ахборот берди.

Жумладан, 12 та “Саховат” ва “Мурувват” уйида қўшимча бино, 7 тасида ётоқхона, ошхона, тиббиёт бўлими, спорт зали қуриш, 21 тасида бинолар ва иситиш-совутиш тизимини таъмирлаш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, 6 та “Меҳрибонлик уйи”, имконияти чекланган болаларга ихтисослашган 11 та мактаб-интернат таъмирга муҳтож.

Президент мутасаддиларга барча тиббий-ижтимоий муассасалар аҳволини яна бир бор чуқур ўрганиб, зарур қурилиш ва таъмирлаш ишларини қамраб олган ҳолда 2022-2024 йилларга мўлжалланган ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлашни вазифа қилиб қўйди.

Бундай муассасалардаги кексалар, ногиронлиги бўлган болалар ва шахсларни тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиб, уларни манзилли даволаниш ва дам олишга йўналтириш бўйича топшириқ берилди.

Ота-она қарамоғидан маҳрум кўплаб болалар оилаларга қайтаётгани, 10 та меҳрибонлик уйи, 3 та болалар шаҳарчаси ва 2 та болалар уйи эҳтиёж қолмагани сабабли ёпилгани қайд этилди.

– Болалар уйлари ва улардаги етимлар сони камайгани халқимизнинг юксак маънавияти, иймон-инсофини кўрсатиб турибди. Лекин, мамлакатимизда умуман етимлар бўлмаса, қандай яхши бўлар эди. Шунинг учун, имкон қадар уларни муносиб оилаларга фарзандликка бериш чораларини кўриш лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.

Тиббий-ижтимоий муассасалар директорлари сўзга чиқиб, таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Йиғилишда маҳаллаларни озода ва яшил маконга айлантириш, маданий-маърифий тадбирларни кўпайтириш вазифалари ҳам белгиланди.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар