Стратегия действий по пяти приоритетным направлениям развития Республики Узбекистан в 2017-2021 годы
Вилоят ҳокими Фориш туманида ўтказган сайёр қабулда фуқаролар мурожаати ҳал этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мамлакатимизни барқарор тараққий эттириш, аҳоли фаровонлигини янада оширишга қаратилган муҳим ҳужжат ҳисобланади. Унинг ижросини таъминлаш бугуннинг муҳим талабидир.

Бу борада жисмоний ва юридик шахсларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатлари синчиклаб ўрганилиб, уларда кўтарилган масалаларни ҳал этиш, навбатдаги долзарб вазифаларни белгилаб олишда сайёр қабуллар муҳим аҳамият касб этяпти.

Жиззах  вилояти  ҳокими,  биринчи  сектор раҳбари Эргаш Салиев Фориш тумани "Эгизбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказди.

Сайёр қабулда вилоятдаги 4 та сектор раҳбарлари, вилоят корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоят халқ қабулхонаси мудири Байрамбек Узоқов кириш сўзи билан очди.

Йиғилишни бошқарган вилоят ҳокими Эргаш Салиев қатнашчилар эътиборини сайёр қабуллар жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мансабдор шахсларнинг мурожаатлар билан ишлашдаги масъулиятини оширишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. Фуқароларнинг мурожаатлари эътиборсиз қолмаслиги, уларнинг барча саволларига вилоят корхона ва ташкилотларининг раҳбарлари очиқ-ойдин жавоб беришлари ҳақида сўз юритди.

Шундан сўнг сайёр қабулга вилоят корхона ва ташкилотлари, туман ҳокимлиги мутасаддилари, секторлар ҳамда идора ва муассасалар раҳбарлари жалб этилди.

- Қабул давомида 98 та фуқаролар иштирок этишди. Муаммоли масалалар юзасидан мурожаатларнинг 11 таси жойида ҳал этилган бўлса, 7 та фуқарога  ҳуқуқий  тушунчалар  берилди - дейди ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича вилоят ҳокимининг 1-сектор штаби котиби Фазлиддин Элчибоев.

Фуқароларнинг мурожаати асосан йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш, коммунал соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, уй-жой билан таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантириш, тижорат банкларидан кредит олишда кўмаклашиш, ишга жойлашиш каби муаммолар ҳақида бўлди.

Жойида ҳал этиш имкони бўлган мурожаатлар юзасидан талаблар қаноатлантирилди. Атрофлича ўрганишни тақозо этадиган долзарб масалаларни ҳал этиш юзасидан ечимини топиш ваколатига эга бўлган корхона, ташкилот, муассасаларга муддат белгиланиб, тегишли органлар томонидан назоратга олинган ҳолда топшириқлар берилди.

– Қишлоқдаги 6-умумтаълим мактабида ўқувчилар кўплиги боис қўшимча бинога муҳтожлик сезиляпти, – дейди «Оқтепа» маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Абдуманнон Абдуқодиров. – Бундан ташқари маҳалла ҳам ўз биносига эга эмас. Ушбу масалаларни ҳал этишда амалий ёрдам сўрадик.

«Сайёд» маҳалласи Баландосмон қишлоғида яшовчи Юсуф Шойимов қишлоққа 1970 йилларда аҳолини электр энергияси билан таъминлаш учун ўрнатилган ёғоч таянчлар чириб, тамом бўлаётгани, қишлоқ аҳолисига «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури бўйича 8 фоизли имтиёзли кредит ажратишга эътибор қаратиш, «Эгизбулоқ» маҳалласида яшовчи Наргиза Рўзиева ҳозирда яшаб турган уйи вафот этган қайнотаси номидалиги, шу сабабли ҳозирда уйни кадастр ҳужжатларини тайёрлашда муаммо бўлаётгани, уни қайнонасининг номига ўтказиб беришда ёрдам сўради.

Бундан ташқари «Ўхум» маҳалласидан Саттор Аҳмедов, Хушвақт Норбоев, «Оқтепа» маҳалласидан Ботир Шумқоров, «Осмонсой» маҳалласидан Нуриддин Балхиев, «Хонбанди» маҳалласидан Меҳринисо Раббимова, «Нурак» маҳалласидан Ғаппор Астанов, «Учма» маҳалласидан Янгибой Ҳайдаров ва бошқалар ҳам ўзларини қийнаётган муаммоларини баён этдилар.

Мурожаатлар юзасидан тегишли корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарларига топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.

Сайёр қабул давомида қайд этилган мурожаатларнинг асосий қисми ижтмоий-иқтисодий масалаларга оид бўлиб, барчаси назоратга олинди ва уларни ҳал этиш бўйича аниқ муддатлар белгиланди.

23.07.2019

полезные ресурсы