Стратегия действий по пяти приоритетным направлениям развития Республики Узбекистан в 2017-2021 годы
Сайёр қабул азият чеккан инсонларга мадад берди, 36 маҳкум эса жазони ўташдан шартли равишда озод этилди

Термиз шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъуллари, вилоятдаги Халқ қабулхоналари, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари иштирокида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича сайёр қабул ўтказилди.

Оммавий қабулда Термиз шаҳри, Термиз, Ангор, Музработ туманларида яшайдиган 623 мурожаатчининг 717 та масаласи кўриб чиқилди. Жумладан, термизлик тадбиркор Нодир Мамадалиев бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси учун бир танишидан 132 тонна цемент, бошқа биридан 8 минг АҚШ долларини қарзга олган. Шундан сўнг икки қарз берувчининг аризаси асосида жиноят иши қўзғатилиб, у 2016 йил 23 ноябрдаги суд ҳукмига кўра фирибгарликда айбланган. Унга 1 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Мурожаатчи қурилиш материаллари пулини ва олган қарзини бўлиб тўлаб берганини, бу масала фуқаровий низо яъни, қарз олди-бердиси эканини айтиб, Олий суд мутасаддиларидан ёрдам сўради.

Термизлик Комил Худойқулов қабулда Термиз халқаро аэропорти раҳбарияти билан меҳнат муносабатларига оид низоси бўйича Термиз тумани ва Сурхондарё вилояти маъмурий судлари чиқарган қарорлардан норози эканини маълум қилди. Бу иш ҳам яқин кунларда Олий судда кўриладиган бўлди.  

Халқ билан очиқ мулоқот шаклида ўтказилган оммавий қабул адолатсизликдан азият чеккан инсоннинг ҳақиқат тикланишидан беҳад мамнун ва жамиятдан рози бўлишини амалда кўрсатди. Мамлакатимизда сўнгги йилларда йўлга қўйилган аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими адолат қарор топишида ўз самараларини бераётганини намоён этди. Масалан, олтинсойлик ака-ука Дилмурод ва Ойбек Пардаевлар тақдир тақозоси билан 2011-2014 йилларда ноҳақ айблов сабабли жазо муддатини ўтади. Амнистия акти қўлланилиб, жазодан озод этилди. Лекин, судланган деган тамға ака-ука ҳаётига қора доғдек соя солиб келаётган эди. Президент виртуал қабулхонасига мурожаатларидан сўнг, иш кўриб чиқилиб, улар оқланди.  

– Одам адолатсизликка учраганида унинг ҳақиқат тикланишига умиди куч берар экан, – дейди Д.Пардаев.

 – Ноҳақ айблов қурбони туфайли жабрланган йилларимда бу туйғуни чуқур ҳис этганман. Мана, бошимизга тушган синовлар ортда қолиб, адолат қарор топди. Ҳозир ўзим адвокатура соҳасида ишлаяпман. Укам ўзи хизмат қилган ички ишлар тизимига тикланди. Бунинг учун инсон манфаатларини, қонун устуворлиги таъминланаётган давлатимиздан миннатдормиз.  

Аҳоли билан самимий, очиқ суҳбат шаклида ўтказилган қабул фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга ва халқ билан юзма-юз мулоқот тизимининг самараларига ишонч туйғусини янада мустаҳкамлади.  

Шу куни суд қарорлари ижроси, тергов, тадбиркорлик масалалари билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар адолатли ҳал этилди. Шунингдек, ички ишлар тизимида хизмат қилиш орзуси билан мутасаддиларга мурожаат этган Одилбек Ҳакимов ва Шаҳзод Эшимов шу ернинг ўзида профилактика инспектори ёрдамчиси вазифасига ишга қабул қилинди. Фуқаролар мурожаатлари асосида сайёр суд мажлислари ҳам ўтказилиб, 36 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди. Музработлик Камолиддин Жумаев жорий йил февраль ойида фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Турмуш ўртоғи Олий суд масъулларига мурожаат этиб, эри етказилган зарарни қоплаб берганини айтгач, Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг ҳукми билан шу куни К.Жумаевга икки йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди ва суд залининг ўзида қамоқдан озод этилди.

Оммавий қабулда вилоят мутасаддилари ижтимоий-иқтисодий йўналишга оид мурожаатларни ўрганиб, аҳоли ўртага ташлаган муаммолар ечимини излади. Мисол учун, фуқаро Рисолат Мирзақулова бир йўла иккита муҳим масалани ўртага ташлади. Ўтган йили июль ойида Термиз банк коллежи тугатилгач, у ишсиз қолгани ва Термиз шаҳри “Истиқлол” кўчасида жойлашган савдо дўкони давлат эҳтиёжи учун олиниб, бузилгач, 176 миллион сўм компенсация пулининг 80 миллион сўми ҳозиргача тўлаб берилмаганини маълум қилди. Натижада Р.Мирзақулова доимий иш билан таъминланадиган ва компенсация маблағи тўлиқ тўлаб бериладиган бўлди. Моддий кўмак ва иш сўраб мурожаат этган фуқароларнинг масаласи ҳам ижобий ечим топди.

– Кўп қаватли уйда яшаймиз, -- дейди  Термиз шаҳрилик Светлана Калинина. 

– Ўзим ишсизман. Саломатлигим яхши эмас. Ижтимоий ёрдамга муҳтожмиз. Қизим турмушидан ажраб, фарзанди билан қайтиб келган. У ҳам ишсиз. Қозон қайнатишга қийналиб қолдик. Шу масалалар юзасидан қилган мурожаатимиз ижобий ҳал этиб бериладиган бўлди.

Мулоқотлар доирасида Термиз шаҳридаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидан бир гуруҳининг фуқароликни тасдиқловчи ID карталар олиши учун ички имкониятлар ҳисобидан бож тўловлари тўлаб берилиб, ёшларга шу ернинг ўзида мазкур ҳужжатлар топширилди.  

Сайёр қабулда 202 та мурожаат жойида ҳал этилиб, 180 таси бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган 335 та масала бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, ижроси қатъий назоратга олинди.

Бугун оммавий қабул Денов туманида давом этмоқда. Унда Олтинсой тумани ва Деновлик фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, жойида ечимини топиш чоралари кўрилаётир. Худди шундай очиқ мулоқотлар Сариосиё, Узун, Қумқўрғон, Шўрчи, Шеробод, Қизириқ, Бандихон, Бойсун туманлари аҳолиси учун ҳам ташкил этиш режалаштирилган.  

11.03.2021

Решенные обращения

Тип классификации обращенияСпособ направленияДата принятияДата рассмотренияРегион
Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундиришТелефон доверия5 Июнь 202117 Июнь 2021Андижанская область

полезные ресурсы