2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Тошкентда оммавий қабуллар ҳафталиги бошланди

Президент Халқ қабулхоналарининг Тошкент шаҳрида ўтказаётган оммавий қабуллар ҳафталиги қизғин мулоқотлар билан бошланди.

Ҳафталикнинг илк кунида пойтахтимизнинг барча туманидаги Халқ қабулхоналари секторлар раҳбарлари, ҳудудий бошқарма ва идоралар, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар масъуллари билан фуқаролар ва тадбиркорларнинг жонли мулоқотларини ташкил этди. Қизғин кечган учрашувларда аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳар бир туман ва соҳа кесимида яна бир бор назардан ўтказиш, уларга жойида ечим топиш, муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш асносида келгуси йиллар дастур ва режалари учун таклифлар ишлаб чиқиш бош мақсадни ташкил этди.

Сергели туманида бўлиб ўтган оммавий қабулда асосан Сергели ва Янги ҳаёт туманлари маҳаллаларида яшовчи аҳоли вакиллари ўз ариза ва шикоятлари, таклиф-тавсиялари билан туман ва шаҳар миқёсидаги секторлар раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар билан бирга тегишли вазирлик ва қўмиталар, республика идоралари вакилларига мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди.

Қабул жараёнида ўндан зиёд шўбаларда иш олиб борилди. Уларда республика, шаҳар ва туман масъуллари суд-ҳуқуқ, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, уй-жой коммунал, энергетика, банк, маҳалла ва оила, таълим каби йўналишлардаги мурожаатларни биргаликда кўриб чиқишди.

Қатор мурожаатлар жойига чиқиб ўрганилгач, муаммоларни ҳал қилиш учун амалий ишлар бошлаб юборилди.

Сергели тумани 1-сектори«Ўзгариш» маҳалласидаги 29-уйдаги лифтнинг яроқлилик муддати ўтаб бўлган. Шу боис тез-тез бузилиб қолади. Юқори қаватда яшовчилар зинадан тушиб чиқишга анча қийналиб қолган эди. Мазкур мурожаат жойига чиқиб ўрганилгач, ушбу кўп қаватли уйга янги лифт ўрнатишга киришилди.

Яшнобод туманидаги жонли мулоқотлар ҳам амалий ишларга уланди. «Тузел» маҳалласида 9 қаватли уйнинг ҳам лифти анча вақтдан бери носоз эди.Аҳоли мурожаатидан сўнг мазкур уйга ҳам янги лифт ўрнатишга киришилди.

Худди шундай муаммо «Хосиятли» маҳалласидаги 66-уй аҳолисини ҳам безовта қилиб келарди. 9 қаватли бу умумий ётоқхонадаги 71 та хонадонда яшовчи 200дан зиёд аҳоли 1980 йилда ўрнатилган эски лифт носозликларидан юракзада бўлган эди. Мурожаатдан сўнг бу уйда ҳам янги, замонавий лифт ўрнатиш ишлари бошланди. Мутахассислар монтаж ва синов ишлари учун узоғи билан 2 ҳафта муддат зарурлигини айтди. Демак, икки ҳафта нари-берисида бу уйдаги катта бир муаммо барҳам топади.

Яшнободнинг«Нодирабегим» маҳалласидаги 44 та хонадон эгалари ичимлик суви босими пастлигидан қийналиб келаётганди. Сабаби қувурлар эскирган, юқори босимни кўтаролмайди. Аҳоли мурожаатларидан сўнг бу ерда асосий ичимлик суви қувуридан 80 метр масофага янги қувурлар ўтказилмоқда. Бу билан эса тез орада 44 та хонадондаги 200 нафардан зиёд аҳолининг мушкули осон бўлади.

Яшнобод туманидаги Халқ қабулхонасига «Машинасозлар» маҳалласи ПаҳлавонМаҳмуд кўчасидаги умумий ётоқхона типидаги 33-уйдан шикоят келиб тушган эди. Муаммо – бу ётоқхона хусусийлаштирилгач, иссиқлик тизимидан узилган. Мурожаатдан сўнг Халқ қабулхонаси ва секторлар ҳамкорлигида бу масалага ечим топилиб, 40 хонадонни иссиқлик билан барқарор таъминлаш учун алоҳида замонавий локал қозонхона ўрнатилди. Бу уйдаги аҳолининг қиш фаслидаги энг катта муаммоси ҳал этилди.

Олмазор туманидаги оммавий қабуллар ҳам ишчан руҳда ўтди. Ҳар бир мурожаат синчиклаб ўрганилиб, ечим топишга ҳаракат қилинди. Дейлик, олмазорлик Фания Тугушова масъуллардан бахтсиз ҳодисага учраб, чап сон суяги цинган ўғлини даволатишда амалий ёрдам сўради. Ўрганишлар давомида бу оила чиндан ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги аён бўлгач, уларга республика шифохонасида бепул жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун йўлланма ажратиладиган бўлди.

Олмазорлик Шаҳноза Собированинг касби – ҳамшира, бироқ унинг доимий иши йўқ эди. Шу масалага ечим излаб оммавий қабулга келган бу келинчакнинг ҳам муаммоси ҳал қилинди, у шу тумандаги 15-оилавий поликлиникага ишга жойлаштирилди.

Олмазорда ҳам мурожаатларда кўтарилган масалалар юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилди. «Янги Тошкент» маҳалласида ичимлик суви қувури эскириб кетган, оқибатда бир неча марта авария ҳолати юз берар, ичимлик суви эса узилиб қоларди.Айни пайтда бу қувурнинг 100 метр қисмини алмаштириш ишлари бошлаб юборилиши билан 120 та хонадон узлуксиз ичимлик суви билан таъминланадиган бўлди.

Оммавий қабуллар жараёнида фуқароларга имкон қадар кўпроқ қўшимча имконият ва қулайликлар яратиш мақсадида бўш иш ўринлари ярмаркалари, чуқурлаштирилган тиббий кўриклар, арзонлаштирилган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси, ҳунармандлар кўргазмалари ҳам ташкил этилди.

Худди шундай мулоқотлар пойтахтимизнинг қолган туманларида ҳам ўтказилди.

Биринчи куннинг ўзида Тошкент шаҳри туманларида ўтказилган оммавий қабулларда жами 2 мингдан зиёд мурожаатлар қабул қилиниб, уларнинг деярли 800 таси жойида ижобий ҳал этилди, 350 га яқинига ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди, 880 дан зиёди ижро қаратилиб, назоратга олинди.

Тошкент шаҳридаги оммавий қабуллар ҳафталиги давом этмоқда, биз ҳам воқеалар ривожини кузатиб борамиз.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Қимматли қоғозлар бўйича дивидендларИшонч телефони7 Сентябрь 201916 Сентябрь 2019Қашқадарё вилояти
Уй-жой билан таъминлашХалқ қабулхонаси10 Август 201917 Сентябрь 2019Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар