2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Жиззах вилоятидаги энг катта муаммо бартараф этиладими

Сув истеъмоли фақат истакка, эҳтиёжга эмас, унинг манбаидаги миқдорига, захирасига ҳам боғлиқ. Табиатнинг бу неъмати ҳамма жойга тенг тарқалмагани туфайли тақсимотда, таъминотда тенгсизликни, етишмовчиликни, норозиликни келтириб чиқаради.

Бундан ўн кун аввал Жиззах вилоятида Президент Администрацияси, вазирлик ва идоралар томонидан аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ ва тезкор чоралар кўриш мақсадида ташкил этилган оммавий сайёр қабуллар давомида коммунал соҳа бўйича жами 43 та мурожаатнинг 41 таси ичимлик суви таъминотидаги муаммолар ҳақида бўлди.

Бу мурожаатларда бир кишининг ташвиши эмас, қишлоқ, маҳаллалар, баъзилари бир неча манзиллардан иборат ҳудудлар аҳолиси номидан қилингани ҳисобга олинса, муаммонинг кўлами нечоғли катта эканлигини тасаввур этиш қийин эмас. Бундан ташқари, оммавий қабулга қилинган мурожаатлар сув муаммоси бўлган барча ҳудудларни тўлиқ қамраб олмаслиги ҳам маълум.

Масалан, Мирзачўл тумани Гулзор аҳолиси номидан қилинган мурожаат айни кунларда сув таъминоти билан боғлиқ кўплаб қишлоқларга хос бўлган муаммо ҳақида бўлди. Бу қишлоққа бир вақтлар сув узатиш тармоғи тортилгани, водопровод бўлганини катталар эсламаса, ҳозирги ёшлар билмайди ҳам. Қишлоқ аҳолиси ичимлик сувининг кўп йиллардан буён бошқа жойдан ташиб келтирилишига кўникиб қолган.

Аммо аҳоли мол-ҳолига ва ичишдан бошқа эҳтиёжлари учун фойдаланиб келаётган лоток-ариқ эскириб сув келиши тўхташи, ичимлик сув ташийдиган машинанинг бир-икки кун келмай қолиши, сув тақсимотида адолатсизлик, бировлар кўпроқ олиб, бировларга етмаслиги муаммони яна кучайтирди.

Қишлоқ аҳлининг оммавий қабулга мурожаати Республика уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги раҳбарлари томонидан ўрганилиб, дастурга киритилишини, лоток-ариқни тузатиш маҳаллий бошқарув идоралари томонидан ҳал этилади, деган жавоб берилди. Масаланинг бошқа ечими йўқ. Қишлоққа водопровод ўтказиш бирданига бўладиган иш эмас, ҳозирча ташиб берилаётган сувга қаноат қилишга тўғри келади.

Аммо саратоннинг ўртасида муаммони енгишга фақат қаноатнинг ўзи камлик қилади. Қишлоқ аҳолисининг захкаш зовурдан сув ташиётган видеотасвирлари, ичимлик суви ташийдиган машинанинг икки кунлаб келмай қолиши ҳақидаги, нолишлари ижтимоий тармоқларга тарқалиб кетди.

Албатта бундай «хабарлар» биринчи навбатда туман ҳокимлигини безовта қилади. Шу куниёқ «муаммони ўрганиб, жойида ҳал этиш» соҳага тегишли мулозимлар етиб келишди. Муаммо маълум: сув бировга етиб бировга етмаётир. Сувни кўпайтириб бўлмайди, фақат сув ташийдиган машинанинг ҳар куни келишини таъминлаш, тақсимотни тартибга солиш керак.

– 20 кундан буён бизнинг кўчамизга суви етиб бормаяпти, – дейди қишлоқнинг «Турон» кўчасида яшайдиган уй бекаси Шахло Ширинова. – Ҳамма сув машинанинг олдига чиқиб, талашиб-тортишиб олиб қўяди. Бизга ўхшаган етмаганлар сувни бошқа жойлардан транспорт ёллаб олиб келишга мажбур.

Қишлоқда 260 хонадон бор. Тўққиз тонна сиғимга эга машина ҳар куни икки қатновда, орада бузилиб туришини ҳисобга олмаса, ўн саккиз тонна сув олиб келар экан. Бу ҳар бир хонадонга салкам 70 литрдан сув тўғри келади, дегани. Бироқ ёзнинг куни, истеъмол ортган, бунинг устига сув тарқатишдаги тартибсизлик...

Бироқ ҳозирги вазиятда сувни тартиб билан тарқатишни сув ташийдиган машина ҳайдовчиси удда қилолмайди. Демак, бу ишни маҳалла фуқаролар йиғини қилиши керак. Бир киши масъул бўлиб, келтирилган сувни адолат билан тарқатиб берса, одамлар норози бўлмайди. Бу масалани тумандан келиб қилиб бериш шарт эмас. Маҳаллада штатли ходимлар ҳам, фаоллар ҳам етарли.

Албатта махсус транспорт билан сув ташиб бериш муаммонинг вақтинчалик ечими. Бироқ бу «вақтинчалик» доимий ҳаёт тарзига айланиб қолган қишлоқ туманда биргина Гулзор эмас. «Тошкент», «Ўзбекистон» қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудларида ҳам бир неча йилдан буён канал ва ариқлар сувини ичиб келаётган маҳаллалар, кўчалар аҳолиси бор.

Вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам ичимлик суви йиллар бўйи ҳал бўлмай келаётган қишлоқ ва маҳаллалар ҳам оммавий қабулга шу масалада бўлган мурожаатлар сонига қараганда кўпроқ. Ҳудуддаги қишлоқларнинг ярмидан кўпи марказлаштирилган сув таъминоти билан таъминланмаган. Марказлашган тармоқларда ҳам сув олиш иншоотларининг аксарияти ўтган асрнинг 70 — 80 йилларида қурилгани ҳамда жуда эскириб кетганлиги оқибатида уларнинг қуввати 3 баробардан кўпга қисқарган.

Давлатимиз раҳбари вилоятдаги бу ўткир муаммони ҳал этишга алоҳида эътибор қаратаётгани ҳам бежиз эмас. Шу мақсадда Президентимизнинг 2018 йил 4 майдаги «Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2018-2020 йилларга мўлжалланган «Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш тизимини яхшилаш» лойиҳаси амалга оширилаётир. Шу йил битказилиши кутилаётган иншоот ишга тушиши вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлашда туб бурилиш бўлиши шубҳасиз.

Лойиҳа асосида Бахмал туманидаги Узунбулоқ қишлоғида бир кеча-кундузда 100 минг куб метр сув тозалаш қувватига эга иншоот барпо этилмоқда. Қудратли насослар ёрдамида Зарафшон дарёсининг суви 102 метр баландликка кўтарилиб, ушбу тозалаш иншоотининг бунёд этилаётган махсус ҳовузларига ташланади.

–Сув олиш иншооти, сув кўтариш ва тозалаш, сақлаш иншоотлари қурилишларидаги асосий қурилиш-монтаж ишлари бажариб бўлинди, — дейди «Сув таъминоти ва оқава сув объектлари қурилиши бўйича инженеринг компанияси» давлат унитар корхонаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Мирахмад Қоратоев. — Ҳозир умумий узунлиги 183 километр бўлган сув узатиш магистраль тармоғи қурилиши ниҳоясига етказилмоқда. Лойиҳа доирасида 13 та сув тақсимлаш иншоотлари реконструкция қилинади. 65 та қишлоқда 52 километр узунликдаги ичимлик сув тармоқларида тиклаш ишлари амалга оширилади.

Ушбу йирик сув иншоотининг битказилиши билан аҳолининг марказлашган ичимлик суви таъминоти қамрови Жиззах шаҳрида 95,2 фоизга, лойиҳа доирасидаги 65 та қишлоқларда эса 29,2 фоизга етказилади. Бахмал, Ғаллаорол, Ш.Рашидов, Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл туманлари ҳамда Жиззах шаҳрида яшовчи 860,7 минг нафардан зиёд аҳолининг ичимлик суви таъминоти тубдан яхшиланади.

Ҳа, аҳолини кўп йиллар қийнаб келган муаммонинг ҳал этилишига оз фурсат қолмоқда. Бироқ, марказий тармоқнинг ишга туширилиши ҳамманинг кўчасига, уйига сув кириб боради дегани эмас. Ҳали юқорида мисолда келтирилган Гулзор каби сув тармоғи тортилмаган, бундан эллик йил аввал ётқизилган темир қувурлар аллақачон яроқсиз ҳолга келган қишлоқлар кўп.

Сув эса ҳар куни зарур неъмат. Маҳаллий бошқарув органлари эътиборини бу ҳақда ижтимоий тармоққа чиққандан сўнг, «ички муамммоларни ошкор қилган ўзбошимча»ларни тийиб қўйишга эмас, муаммонинг ечимини топишга кўпроқ қаратса фойдали бўлади. Чунки маҳаллий бошқарув органларининг обрў-эътибори маҳаллий муаммоларни ҳал этиш билан ошади.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Уй-жой билан таъминлашХалқ қабулхонаси10 Август 201917 Сентябрь 2019Тошкент вилояти
Қимматли қоғозлар бўйича дивидендларИшонч телефони7 Сентябрь 201916 Сентябрь 2019Қашқадарё вилояти

Фойдали ресурслар