2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Меҳнат камбағалликка барҳам беради

Навоий вилояти Хатирчи туманидаги Тамабаҳрин қишлоғилик кексалар ҳамқишлоқлари Гулнора Баратова эришган ютуқлар замирида тинимсиз меҳнат ва машаққат ётибди, дейишади. Ёшлар эса, катта бўлсам, мен ҳам опага ўхшаб тадбиркор бўламан, дея унга ҳавас қилишади.

Гулнора опанинг ҳаётида машаққатли даврлар кўп бўлган. Опа кўп фарзандли оилада катта бўлгани учун қаердадир ишламаса, рўзғорида камчиликлар аримаслигини яхши биларди. Шунинг учун колхозда сигир соғди, далаларда мавсумий ишлади. Кўп ўтмасдан ҳаёт йўлини Исомиддин Маматов билан боғлайди. Сўнг камсуқум оилада рўзғорга озроқ кўмаклашиш илинжида доимий иш қидира бошлайди. Шунда яқин атрофда боғча барпо этилаётгани, агар унинг қурилишида фаол иштирок этса, кейинчалик тарбиячи бўлиб ишга кириши мумкинлигини эшитади. Оз муддат ўша муассаса битгунигача қурувчилик қилади. Ваъдага мувофиқ, тарбиячи бўлиб ишлайди. Бирин-кетин фарзандлар дунёга кела бошлайди. Бир муддат оила, рўзғор билан банд бўлади. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида турмуш ўртоғи қишлоқдан унча узоқ бўлмаган ҳудуддан ер олиб, деҳқончилик қилади. Ер лалмикор бўлгани учун асосан масхар экиларди, лалми полиз экинлари парвариш қилинарди. Ушбу ҳудудда сув тақчил бўлгани учун Гулнора опа турмуш ўртоғи билан йирик гидроиншоот ўрнатади, насос орқали қирқ метр баландликка сув чиқаради. Мана, орадан қарийб 30 йил ўтди. Тамабаҳрин қишлоғи халқи ана шу сув иншоотидан ҳамон фойдаланмоқда. 

 

Орада турмуш ўртоғи Исомиддин Маматовнинг ишлари юришмай, бироз орқага кетди. Колхозлар тугатилди. Қишлоқ хўжалиги тизимида кўп ўзгаришлар бўлди, ерга эгалик қилиш тартиблари ўзгарди. Бунда оила ночор аҳволга тушиб қолди. Бу ёқда беш фарзанд ейман, ичаман, деб вояга етиб келаётганди.

 

– Шундай ҳоллар бўлдики, дастурхонда нондан бошқа ҳеч нарса бўлмай қолди, – дейди Гулнора Баратова. – Нонни сув билан еб қорин тўйғазиб, қўлимизни дуога очар эканман, ҳар куни илоҳим, фарзандларимнинг ризқини бутун қил, деб худога ёлворардим. Ўша йиллар тирикчилик оғир кечганди. Бир муддат савдо ишлари билан ҳам шуғулландим. Аммо иш айтгандек бўлмади. Шунда хаёлимга ўзимнинг номимга ер олиб, фермерлик билан шуғулланиш режаси пайдо бўлди. 1999 йил ноябрь ойидан “Асқар” фермер хўжалигини юрита бошладим, ерга меҳр бердим, майдонимизни 25 гектардан 110 гектаргача кенгайтирдик. Бунда турмуш ўртоғим кўмаги ва маслаҳатлари ижобий натижа берди. Имкониятларимиз кенгайди. Ишларимиз ўз-ўзидан юришиб кетди.

 

Гулнора Баратованиннг ўғиллари ташкил этган балиқчилик туманда йирик тадбиркорлик субъектларидан бири ҳисобланса, томорқасидаги экин-текин ва ободончилиги билан қишлоқдошларга ўрнак бўла олади.

 

– Товуқ етти хазинадан бири, деб бекорга айтилмас экан, – деди турмуш ўртоғи Исомиддин Маматов. – Хонадонимизда 150 тача товуқ бор. Оиламиз катта. Тухумнинг ўзимиздан ортганини қўни-қўшнига сотамиз. Бизда одат шунақа – ўтирган жойимизда ҳам тинч туриш йўқ. Доим нима биландир банд бўламиз. Ўзим томорқа ишларини гуллатаман. Қишин-ёзин томорқамизда етиштирилган маҳсулотларни истеъмол қиламиз. Мана шу тинимсиз меҳнатимиз ортидан болаларимизни ҳеч кимдан кам қилмадик. Катта-катта ўқишларда ўқитдик. Худога шукр, ҳаммаси уйли-жойли, олий маълумотли. Катта ўғлимга маҳалламизда қурилган намунали уйлардан бирини олиб берганмиз. Келиним билан бахтли ҳаёт кечиряпти. Навбат ўртанча ўғилга. Бизда яна бир яхши одат бор: ўғилларим бу пул меники, бу пул сеники, демайди. Ҳаммалари муштни бир ерга уради. Навбати билан тўй қилади, машина олади, уй солади. Биз ўтиб кетгандан сўнг ҳам орасидаги оқибат йўқолмасин, дейман.

 

– Бу ҳаёт бешафқат, – деди Гулнора опа. – Қанча бўйин эгганинг сайин сени яна эггиси келади. Ҳозир яхши яшаш учун курашмасанг, эртага ишинг янада оғирлашади. Бугун эрига топиб келсанг ейман деб турадиган аёлларнинг замони эмас. Бекорга эр-хотин қўш ҳўкиз дейилмаган. Эрнинг топганини аёл ҳам ямаб туриши керак. Кези келганда, аёл бошим билан кетмон елкалаб ер чопдим, пахта ва ғалла далаларини суғораман, деб

ариқларда сув кечдим. Ёзнинг жазирамасида салқингина уйда эмас, даланинг ўзида тунаб қолишимизга тўғри келган. Мен тенги аёллар эрининг машинасида ўтириб қишлоқни сайр қилиб юрганида, мен тракторларда пахта пунктларида терилган пахтани топшириш учун навбатда турдим... Фарзандларим ҳам бизнинг ортимиздан кетяпти. Хонадонимизга гоҳ телевидение мухбирлари, гоҳ радио журналистлари келиб ҳаёт йўлимиздан очерклар, лавҳалар тайёрлаб кетишади. Ўғилларимнинг балиқчиликда эришган ютуқларини ёритишади. Булардан хурсанд бўламан, таниқли шоира айтганидек: “Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим”.

 

Меҳнатлари ортидан беш ўғил- қизини уйли-жойли қилган, ўқитган Гулнора опа кеча бироз қийналгандир, аммо бугун ўша машаққатларининг мевасидан баҳраманд бўлаётгани бор гап. Қувонарлиси, фарзандлари ҳам улардек тиришқоқ, уддабурон. Йўқчилик инсонни нималарга мажбур қилмайди, дейсиз. Бу пайтда ингичка узилади, йўғон чўзилади. Эрининг топганига қаноат қилиб, сабр қилиб яшаса — яхши. Аёл боши билан ўзи ҳам ҳаракат қилиб рўзғорнинг кам-у кўстини тўлдиришга кўмаклашса, оилада фаровонлик учун курашса ундан ҳам яхши. 

 

Хуллас, шароит Гулнора опанинг тинимсиз ҳаракатда бўлишини тақозо қилди. Бугунги бахтли ҳаёти ўтмишда қолган ҳар қандай ташвишни унутишга, мамнун ва бахтиёр яшашга ундайди. Зеро, аёл учун оила тинчлиги ва фароғатидан ўзга бахт йўқ.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Уй-жой билан таъминлашХалқ қабулхонаси10 Август 201917 Сентябрь 2019Тошкент вилояти
Қимматли қоғозлар бўйича дивидендларИшонч телефони7 Сентябрь 201916 Сентябрь 2019Қашқадарё вилояти

Фойдали ресурслар