2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Яхши кўрмай бўладими шундай халқни?

Болалигимда бувим раҳматли уруш кечинмаларини бот-бот, андуҳ билан айтиб берарди.

“Тўрт нафар ёш болам ўлмаслиги учун макка донини туйиб, ўтирган уйимни (бир уй, бир даҳлиз) ўртасига ўра қазиб, донни шу ўрага тўкиб, устида болаларим билан қишлар эдик. Баҳор келиши билан ер олиб, деҳқончилик қилардик. Кечалари эгатга сув тарардик. Бошимда қопда дон кўтариб, тегирмонга ун торттиргани борардим. Бирор жойга меҳмонга борсам, олдимга нон қўйса, емай, чўнтагимга солиб, болаларимга олиб қайтардим...”

Ўтирган уйлари ҳар баҳор ёғингарчиликда қулар экан. Яхшиямки, она-бола сигир уларнинг жонига оро кирган. Аёл шўрлик йиғлай-йиғлай ҳаммага ялиниб, яна уй кўтартирган. Кийишга оёқ кийим йўқлигидан, ҳар бир оилага бериладиган “забонний нон”ни олиб келишга қишда бора олмаган. Эри урушга олинган ва олти ой деганда икки-уч кунга таътил берилган. Райсобез олдидан ўтаётганида, масъул ходим: “Мирсоат, уйингдан ҳеч ким нонга келмаяпти... ма, тегишларини олиб кет, олиб қўйгандим. Тўрт бола бор, ахир” деган. Аскар этагини қайириб, қотиб кетган нонларни олиб уйига келса, болалар оч, аёли касал ётибди. Шу ҳолда ташлаб кетсам аҳволи не кечади болаларимни деб ўксиниб-ўксиниб, нафрати қўзиса ҳам, аммо барибир урушга қайтган. Орадан икки йил ўтар-ўтмай, қора хат келган...

Бувим умрининг охиригача (93 ёшларида оламдан ўтди) бобомизни кутиб яшади. Кунжара еб, шишиб ўлган одамларга тўла кўчаларни, урушда фронт ортидаги бошдан ўтказган азобларни эслаб, йиғлаб оларди.

Иккинчи жаҳон уруши хотираларини эшитиб, мардликни ўзбекнинг эр йигитларидан, матонатни аёлларидан ўрганиш кераклигига ҳар гал амин бўлганман.

Тарих такрорлангандек бўлди. Бу йил кўклам билан бирга бир дард келди. У одамзодга қаттиқ ёпишди.

Кўзга кўринмас вирусга қарши кураш бошланди. Халқ қалқиди. Карантин бошланибдики, эҳсон бошланди. Сахий бой, саховатли бой бўлди кўплар. Ҳа, урушда нон шаҳри бўлган, етимпарвар бўлган бу давлат эрлари яна бир қалқиб оёққа турди. Палаги тоза халқнинг боласи-да! Султон суягин хўрламас дерлар. Балки баъзиларнинг қора қозони сабрнинг синови бўлиб, омон кунларда мундайроқ қайнагандир-ку, бироқ бугун ҳеч ким ўксимасин деб жонхалак майдонга тушгану, отасига раҳмат олганлар кўп бўлди. Ичингдан бир туғён келади кунда неча бор!

“Айланайин, ўзингдан...” деб айтган ҳам ҳақ экан.

– Таътилга чиқадиганларнинг рўйхатини беринг, деди бошлиқ. Масъул тутқазди. Бошлиқ қоғозни кўздан кечирар экан, туйқус: “Ҳаммага эътибор билан қаранглар, таътил олиб, қийналиб қоладиганлар бўлса, ишлашга шароит қилиш керак...”

– Иложи бўлса, ижарага уй берувчилар, шу карантин тугагунча, ижара ҳақини қистамай туринглар, илтимос...

– Тўловларни карантиндан кейин қилсалар ҳам майли...

– Мен касалга чалинганларни даволашга кўнгилли бўлиб бормоқчиман.

– Волонтёр қилиб мени ишга олинг.

– Чой ичиб олинглар, қорда қолибсиз.

– Ёмғирда тинчлигимиз, хавфсизлигимиз учун кўчада турибсиз, раҳмат сизга...

Бир майизни қирқ бўлиб ейиш мумкинлигига ва бани одамни бу билан нафси қаноат топишига ишондим мен.

Гоҳо “Наҳот ғафлат босиб, бир-биримизга қадр-қимматимиз қолмади”, деб қўрқардим.

Тўкилиб тушгандим кўриб, кўчада бир муштипар аёлга ноҳақлиқ қилиб, қўл кўтарган ёш йигит ва қизни кўриб...

Бир кийим дўконидаги “савдогар” матоҳини икки баравар қимматга тиқиштираётганини кўриб: “Нега ундай қилаяпти?” десам, “Қиммат нарса ширин бўлади, бойларни нарсаси қиммат бўлади” деб, эгри йўллар билан мол олиб келиб сотаётганларни ва уларни кўриб кўрмасликка олаётганларни кўриб, ичдан зил кетардим... йўқ, улар озчилик экан.

Ҳали қадриятлар, имон, инсоф ўлмаган.

Бир кўтарилса мардлар, сахий бўлса бойлар, елка тутса ёндошлар, шу халқ фарзанди эканлигинга шукрона айтасан экан.

“Болам” дейди бу халқ.

“Ҳар бир инсон ёруғ кун кўрсин” дейди бу миллат.

Карантиннинг биринчи кунларидаёқ телевидениеда онлайн дарслар бошланди. Мен бу миллатнинг эртаси борлигини фидойи ўқитувчиларида кўрдим. Телеграм орқали тиним билмай, болаларга ғойибона қанот беришяпти. Телеграм бугун бошланғич синф ўқитувчиларининг тасанно, баракалла, отангга раҳмат ҳитоблари билан тўлди. Бу олқишлар дафтарлардан виртуал оламга кўчиб, интернет ичра сузиб юрибди.

– Вой, телеграм менда йўқ эди, уни қандай ёқади, дея жонҳолатда қизига мурожаат қилаяпти етмиш ёшли онахон.

– Ҳа, тинчликми, телеграм Сизга нега керак?

– Ўғлим ишда, набирам топшириқларни ўқитувчисига қандай жўнатади? Дарси қолиб кетмасин. Мен тезда телеграмни ўрганишим ва боламнинг дарсларини назоратга олишим керак. Онасига ҳарна ёрдам!

– Набирам конкурсдан қолиб кетмасин деб, оғриётган оёғи ҳам эсдан чиққан саксон ёшли бобо видеотасмага чемпион набирасининг машғулотини муҳрлаб жўнатганига нима дейсиз?

– Болам элдан қолмасин, ҳамма қатнашаяпти. Қолиб кетмасин...

Айтинг, этакларида намоз ўқимай бўладими бу халқнинг?

Аслида бу синов-коронавирус инсоният тарихидаги туб бурилишдир.

Бир-икки йил аввал Европага хизмат сафари билан борганимда ғалати бир ҳолатда қайтган эдим. Талабаларимга бу ҳақда анча гапириб юрдим.

Париж кўчалари жозибадор... Ҳашаматли бинолар. Ҳамма нарса чиройли. Шаҳарнинг ўзини музей дейсиз. Луврдаги таассуротларни тўлдириб юборади. Лекин негадир шунча ранг ичидан фақат кулранг кўзимга кўринарди гўё... Одамлари ғоят хушмуомала... бироқ нимасидир камдек... нимадир етишмаётгандек. Одам кўп-у, ҳеч ким йўқдек. Худди бу ҳашамдор бинолар орасидан секин ЁЛҒИЗлик мўралаб сизга қараётгандек. Ҳамма якка-якка яшаётгандек. Ғарб индивидуализми... қариялари меҳрга ташна, биз дилдан суҳбатлашдик, улар ҳам сипқорди биздан меҳрни...

Шарқ мамлакатларига сафаримизда эса яққол бунинг аксини кўрдик. Жамоат, бир-бирини самимий қўллаш. Конфуций айтганидек, юрак билан ақлнинг чегараларини кўриш бор.

Юртимиз бошида ҳам ўзи шундай қалби бор инсон тургани учун ҳам бу яхшилик, оқибат, тантилик, мардлик кўнгилдан кўнгилга уланиб кетди.

– Юртбошига осон эмас, синов келди. Барака топсин, борини тикаяпти халқим дея, қуш тинди, чумоли тинди, у тинмаяпти... халққа шундай кунларда енгилликлар берди. Йўлдошлари ҳам ёнига кирди. Халқ оч қолмасин деб, ўзини ўтга-чўққа уряпти. Эл олдига қайта-қайта чиқиб, далда бўлаяпти, битта сўрагани: “Сиз, уйда қолинг” деяпти.

Бирники мингга, мингники туманга. Бу гап яхшиликка ҳам, ёмонликка ҳам экан. Юзага чиқариш энди халқдан, дея алқашдан толмаяпти кайвонилар ҳам.

Эл бошига яна синов келди... синов устига синов.

Вабо билан ҳисоб-китобимизни охирлатар пайтимизда зарбнинг иккинчи тўлқини яна сабримиз ва матонатимизни синади.

Туйқус ёққан қору сел довуччалар шодасини бирма-бир тўкди. Келинчаклар кўзи довуччаларда қолди... лой кечиб, жонҳалак бўлган сардобаликлар қисматини ёлғиз ўқишга бу суягини хўрламас халқим қўярмиди? Яна бир бор Иккинчи жаҳон урушидаги манзаралар кўз ўнгимизда гавдаланди. Самарқанду Жиззах, бир ёнда Тошкент, аҳли водию воҳа йўлга отланди. Дастурхонимнинг тўри Сизники дея, қучоқ очди бу синовда ҳайрон қолган юртдошига.

Асов бўлиб, бўй бермасман деган сувни жиловлашда юртбоши тўғон бошига чиқди. Уни меҳри, марду майдонлиги, камарбасталигини яна бир бор кўрган юрт бир тўлқин бўлиб қалқиди...

Улуғлар “Юртбоши толмасин, шу юрт учун сочи оқарди, шу халқ учун жонфидо бўляпти”, дея дуода. Ташвишлардан уни қизғониб, кераклигим, деяпти. Ўзбек алплари ёнига кирди!

Ўғлонларни бежиз севмас бу юрт, чунки уни тадбиркорми, миришкор, шифокорми, муаллим – ким бўлмасин “Меники” деган ори бор! “Мен борман” деган лафзи бор!

Юракда ҳаяжон, кўзда ёш... ёшким, шундай халқнинг боласи эканлигингдан! Ўзбеклигингдан!

Айтинг, яхши кўрмай бўладими шундай халқни?

Маҳлиё Мирсоатова,

журналист, филология фанлари номзоди

 

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар