2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Ёшлар билан учрашувлар натижаси қандай бўлмоқда?

Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ва ҳудудий секторлар раҳбарларининг ёшлар билан учрашувлари бўлиб ўтмоқда. Унда ёшларнинг ташаббус ва таклифлари ўрганилиб, қайд этилган масалаларни ҳал этишга амалий кўмак берилаётир.

Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган ана шундай учрашувда давлатимиз раҳбарининг 2019 йилнинг 27 декабрь куни ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабдаги ёшлар билан ўтказган учрашувида белгилаб берилган вазифаларга эътибор қаратилди.

Тадбирда талабалар, ўқувчилар, уюшмаган ёшлар ҳамда барча ҳудудий сектор раҳбарлари, вилоят, шаҳар, туман ҳокимлари, уларнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари иштирок этди.

Иқтисодий-ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда ёшлар улуши ортаётгани, ўтган йили вилоятда ёшлар ўртасида жиноятлар сони 24 фоизга камайгани, 12 туманнинг 6 тасида вояга етмаганлар томонидан жиноят содир этилмагани алоҳида қайд қилиб ўтилди.

“Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури доирасида 262 бизнес лойиҳага жами 59 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Натижада 1 минг 500 янги иш ўрни яратилди. 8 та туманда “Yoshlar mehnat guzari” комплекслари ташкил этилди. Тўртта туманда “Ёш тадбиркорлар” коворкинг марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

Учрашувда фаол иштирок этган ёшлар ўзларининг муаммо ва ташаббус, таклифларини билдиришди.

– Давлатимиз томонидан берилаётган катта эътибор туфайли барча соҳаларда ёшларнинг фаоллиги ортиб бораётир, – деди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Дилмурод Худойшукуров. – Бу фаоллик парламент ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловда, айниқса, ёрқин намоён бўлди. Ёшларнинг барча соҳа ва йўналишлардаги ташаббус ва таклифлари қўллаб-қувватланаётгани, муаммолари ҳал этилаётгани уларни янада руҳлантирмоқда.

Тадбирда вилоят ҳокими ҳар ойда бир марта ҳудуд ёшлари учун сайёр қабул ўтказиб борилишини маълум қилди.

Учрашувда вилоят ёшлари томонидан амалга оширилган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди. Вилоят ҳокими ушбу лойиҳаларни амалга оширишда ибрат ва ўрнак кўрсатган давлат ва жамоат ташкилотлари, ёш тадбиркорлар, фаол ёшларга, кўнгиллиларга мукофотлар топширди.

Тадбир доирасида ёшлар учун меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Ярмаркада 46 ташкилот, корхона ва муассаса 485 бўш иш ўрни билан иштирок этди. Ярмарка давомида 32 ёшга ишга жойлашиш учун йўлланма берилди.
 

Фойдали ресурслар