2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Сайёр қабулда 56 та мурожаат назоратга олинди

Давлатимиз раҳбарининг “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш инсонийликнинг энг олий мезонидир” деган сўзлари бугун том маънода ҳаётимизнинг мазмунига айланиб бормоқда.

Буни мутасадди ташкилот раҳбарларининг жойларга чиқиб, халқ билан юзма-юз учрашиб, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топишга ҳаракат қилаётганида ҳам кўришимиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Мирзиёд Маҳкамов томонидан Миришкор туманининг чекка Чандир қишлоғида аҳоли билан ўтказилган сайёр қабулда турли масалалар юзасидан мурожаатлар тингланди.

“Яшаш шароитим оғир”, дея сўз бошлайди, Чандир қишлоғида истиқомат қилувчи Зилола Раҳмонова. У уй-жой қуриш учун ер участка ажратиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилди. Унинг мурожаати юзасидан аниқ муддат ва мутасаддилар белгиланди.

Шунингдек, фуқаро Лобар Аҳмедова мурожаат қилиб, ўрта маълумотга эгалиги, ҳеч қаерда ишламаслиги сабабли бандлигини таъминлаш масаласида амалий ёрдам сўради. Унинг мурожаати юзасидан мутасаддиларнинг муносабати эшитилди. Унга бепул ҳунар ўргатилиши билдирилди.

Сўнгги йилларда юртимизда китобхонликни тарғиб қилиш, ёшларни китоб мутолаа қилишга ўргатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чандир қишлоғи “Бунёдкор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Нилуфар Аҳмедованинг мурожаати айнан шу мазмунда бўлди. У ёшларни билимини ошириш мақсадида қишлоқдаги Маданият саройида ташкил этилган кутубхона фондини янги китоблар билан бойитиш масаласида мурожаат қилди. Ушбу масалани ҳал этиш учун икки кун муддат белгиланди.

Яшаш жойимизда фақат бизнинг уйимизда электр ҳисоблагич ўрнатилмаган. Бу борада туман электр тармоқлари корхонасига бир неча маротаба мурожаат қилганман. Шу сабабли электр ҳисоблагич ўрнатишда амалий ёрдам беришингизни сўрайман, – дейди Ойтоза Қамбарова.

Ушбу мурожаатни Қашқадарё вилояти электр тармоқлари акциядорлик жамияти вакили, вилоят IV сектор ишчи гуруҳ аъзоси ўз назоратига олди.

Туманда яшовчи II гуруҳ ногирони Норқул Ўринов вилоят кардиология марказида даволаниш учун ордер сўраб мурожаат қилди. Унинг мурожаати шу ернинг ўзида ҳал этилди.

Шунингдек, имконияти чекланган Чўллиев Ҳусан, Маманазаров Рамазонга ногиронлик аравачалари берилди.

Иштирокчиларга эсдалик сифатида бадиий китоблар тарқатилди.

Сайёр қабул давомида жами 43 нафар фуқародан 56 та мурожаат келиб тушди. Барча мурожаатлар ижроси юзасидан аниқ муддатлар белгиланиб, назоратга олинди. Айрим мурожаатлар юзасидан тушунтириш берилди.

Хулоса шуки, ўтказилаётган бу каби қабуллар фуқароларни қийнаётган масалаларга ечим топишга хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир.

Фойдали ресурслар