2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Мурожаатларга ечим топилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан халқни эшитиш, аҳолининг талаб ва истакларини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Пировардида аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммолар ўз ечимини топмоқда.

Навоий вилоятида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА Бош директори А.Кўчимов томонидан ўтказилган сайёр қабулда ҳам аҳоли мурожаатлари тингланиб, уларга ижобий ечим топиш бўйича тегишли муассаса, корхона ва ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди. Сайёр қабулда вилоят ҳокими ўринбосари Ф.Солиев, тегишли идора ва ташкилотлар мутасаддилари, банклар ва корхоналар раҳбарлари иштирок этди.

 

Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган қабулда Навоий шаҳрининг “Ҳаёт”, “Чинор”, “Матонат”, “Гулистон”, “Бинокор” ва бошқа маҳаллаларидан 30 дан ортиқ фуқаронинг мурожаати тингланди. Мурожаатларнинг аксарияти тадбиркорликни йўлга қўйиш, банкдан кредит олиш, ободонлаштириш, моддий ёрдам, бандлик, соғлиқни сақлаш каби масалаларга оид бўлиб, кўпчилиги жойида ечимини топди.

 

Истиқлол маҳалласида яшовчи Саодат Раимова икки фарзанди пойтахтдаги олий таълим муассасаларида шартнома асосида таҳсил олаётгани, аммо шартнома пулини тўлашга ҳозирда имконияти йўқлиги, шу боис мутасаддилар ва тижорат банкларига бир неча бор мурожаат қилса-да, масала юзасидан ҳеч қандай амалий ёрдам кўрсатилмаганидан шикоят қилди. Мазкур масала қатъий назоратга олиниб, тез кунда ижобий ҳал этиладиган бўлди.

 

Шунингдек, Ҳаёт маҳалласида истиқомат қилувчи Ботир Эрназаров айни пайтда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, МДФ эшиклари ишлаб чиқариш цехи ташкил этган. Ишбилармон ўз фаолиятини кенгайтириш мақсадида 150 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиш мақсадида тижорат банкларига мурожаат қилган. Ҳар сафар бир хил жавоб: “Ресурс муаммоси мавжуд“.

 

Сайёр қабулда тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган шунга ўхшаш айрим ғовларни зудлик билан ҳал этиш, ишбилармонларни қўллаб-қувватлаш мақсадида юзага келаётган муаммоларга ижобий ечим топиш зарурлиги таъкидланди. Бу масала ҳам Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси мутасаддилари томонидан назоратга олинди.

 

Бинокор маҳалласида яшовчи Аброр Мирзаев оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, аҳоли хонадонларига филтрланган тоза ичимлик суви етказиб бериш билан шуғулланади. Ёш тадбиркор янги ускуна ва зарур маҳсулотлар харид қилиш мақсадида лойиҳа қиймати 80 миллион сўмга тенг бизнес режа тузган. Тижорат банкларининг вилоят филиалига мурожаат қилган бўлса-да, муаммо ҳалигача ечилмаган. Мазкур масала ҳам Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси мутасаддилари томонидан кўриб чиқиладиган бўлди.

 

– Кетма-кет қилган мурожаатларим ечим топавермагач, умид билан Миллий ахборот агентлиги Бош директорининг сайёр қабулига келдим, – дейди Саодат Раимова. – Икки фарзандим олий маълумотли бўлиш, бир касбнинг бошини тутиш мақсадида Тошкентдаги Инха ҳамда Ислом Каримов номидаги техника университетида таҳсил олмоқда. Иккаласи ҳам шартнома асосида таълим олаётгани учун шартнома пулини тўлашга бироз қийналиб қолдик. Учрашувда мендай бир онанинг мурожаати инобатга олиниб, тижорат банкларидан таълим кредити ажратилиши белгиланди. Бундан жуда хурсандман.

 

Мулоқот давомида фуқаролар ва маҳалла фаоллари томонидан аҳоли маънавияти ва маданиятини янада юксалтириш бўйича билдирилган таклифлар муҳокама этилиб, бу борада оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик асосида тарғиботни кучайтириш ижобий самаралар бериши таъкидланди.

 

15.jpg

 

6.jpg

 

Нуриддин РАҲИМОВ, Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА

Фойдали ресурслар