2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Тўйга тўёна: 190 та оила учун янги уй, 100 нафар болага янги боғча

Ватанимиз Мустақиллигининг 28 йиллик байрами Жиззах вилояти Дўстлик туманида янги уй тўйларига уланиб кетди.

Туман марказида қуриб битказилган ҳар бири 24 хонадондан иборат 6 та тўрт қаватли, ҳар бири 6 сотих ҳовлили 46 та бир қаватли уйга жами 190 та оила кўчиб кирди.

 

Дўстлик тумани истиқлол йилларида барча соҳаларда ривожланишнинг ойдин йўлига тушиб олган туманлардан бири. Айниқса, вилоятда амалга оширилаётган “Илғор ҳудуд” давлат дастури доирасида туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш соҳаларида ибратли ишлар қилинмоқда. Эришилаётган ютуқлар Мустақиллик байрами кунларида фойдаланишга топширилган янги замонавий турар жойлар, давлат идораларининг янги бинолари, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш иншоотлари тимсолида яққол намоён бўлди.

 

Алишер Навоий номидаги маҳалла ҳудудидаги “Янги ҳаёт” массивида ҳар бири 24 хонадонли 6 та тўрт қаватли, ушбу маҳалланинг “Мингчинор” массивида ҳар бири 3 хонали 2 сотих ҳовлили 46 та бир қаватли уй битказилиши билан Дўстлик шаҳарчаси янада обод ва кўркам қиёфага кирди. Туманда Ватанимиз Мустақиллиги байрамининг энг катта тантаналари ҳам ана шу икки янги турар жой массивида бўлди.

 

Янги уйлар биринчи навбатда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларига ажратилди.

 

Шунингдек, бир қаватли 46 уйнинг 6 таси оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож аёлларга берилиб, бошланғич тўлови Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан тўланди.

 

Яна бир қулайлик янги уйга кўчиб кирган кам таъминланган хотин-қизларга тикув машиналари берилиб, тумандаги йирик корхоналарга касаначилик асосида ишга жойлаштирилди. Бу билан уларга доимий даромад манбаи, уйининг ипотека кредитини тўлаш имконияти яратиб берилди.

 

Байрам кунлари туманнинг Боғзор қишлоғидаги кўп йиллардан бери ночор ҳолга келиб қолган 10-сонли “Табассум” мактабгача таълим муассасаси реконстукциядан сўнг фойдаланишга топширилиши ҳам тантанали ўтди. Иншоотнинг тўлиқ янгиланиб, 100 ўринли замонавий муассасага айлантирганидан қишлоқ аҳлини беҳад мамнун этди.

 

Шунингдек, истиқлол байрами кунларида туманда Давлат хизматлари маркази, бир қатор тижорат банклари туман бўлимларининг, туман давлат солиқ инспекциясининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.

 

– Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли фақат шаҳарлар эмас, қишлоқ ҳудудлари обод бўлиб, улкан ўзгариш юз бермоқда, – дейди халқ депутатлари туман кенгаши депутати, меҳнат фахрийси Дўстмурод Қодирқулов. – Буни туманимизнинг кун сайин обод ва кўркам бўлиб, аҳолининг турмуш фаровонлиги ошиб бораётганида кўриб турибмиз. Ахир бир йилда икки юздан зиёд оилани уй билан таъминлаш, халқимизга хизмат қиладиган ўнлаб ижтимоий иншоотларни қуриб ишга тушириш қайси даврда бўлган? Бу кунларга етганимиздан қувонмай бўладими. Халқимиз истиқлол байрамини ҳар қачонгидан-да юксак кўтаринкилик, катта хурсандчилик билан нишонлаётгани боиси ҳам шунда.

 

Одамлар қалбини фахр ва ғурурга тўлдирувчи, ҳаётдан рози қилувчи бундай ободлик, бунёдкорлик, янгиланиш фақат ушбу туманга эмас, вилоятнинг барча ҳудуди учун асосий белгига айланиб қолди. Кейинги йилларида бунёд этилган, қайтадан қурилган мактаб, мактабгача таълим, тиббиёт муассасалари, спорт иншоотлари, обод ва равон йўллар ҳудуд қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда. Энг муҳими бу ўзгаришлар бугунги кунидан мамнун яшаётган, эртанги кунига катта ишонч билан қаршилаётган одамлар кайфиятида акс этаётир.

 

photo_2019-09-03_11-17-23.jpg

 

photo_2019-09-03_11-17-26.jpg

 

photo_2019-09-03_11-17-28.jpg

 

photo_2019-09-03_11-17-29.jpg

 

photo_2019-09-03_11-17-50 (2).jpg

 

photo_2019-09-03_11-18-02 (2).jpg

Фойдали ресурслар