2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Жиззахда “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишга киришилди

Дўстлик туманининг Манас қишлоғида “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилмоқда.  Мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда олиб борилаётган туб ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад халқимизнинг ҳаётий талаб ҳамда эҳтиёжларини таъминлаш, одамларимизни рози қилишдан иборатдир.

Дўстлик туманининг Манас қишлоғида “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилмоқда. 
Мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда олиб борилаётган туб ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад халқимизнинг ҳаётий талаб ҳамда эҳтиёжларини таъминлаш, одамларимизни рози қилишдан иборатдир.

Бу эзгу ният йўлида амалга оширилаётган салмоқли ишлар кўлами кундан-кунга янада ортиб, янги маъно ва мазмун билан бойиб бормоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга жорий этилаётган навбатдаги янги тизим — “Обод қишлоқ” дастури қишлоқларимиз, айниқса, олис ҳамда чекка ҳудудларда яшаётган миллионлаб юртдошларимиз ҳаётида чин маънода янги саҳифа очишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғинида мамлакатимизда биринчи бўлиб мазкур йирик ижтимоий-иқтисодий лойиҳа ижросига киришилди.

Инсон бу ёруғ оламга, аввало, бахтли яшаш учун келади. “Ҳаёт гултожи” дея таъриф берилган инсониятнинг бахтли турмуш тарзига эришиши кўплаб мезонлар ва омиллар билан чамбарчас боғлиқ, албатта. Аммо бундай юксак орзу рўёби, биринчи навбатда, одамнинг ўз оиласи билан ҳар томонлама гўзал ҳамда обод уй, маҳалла, юртда, ҳар нарсаси тўкис бўлиб умргузаронлик қилишида намоён бўлади, десак, асло муболаға эмас. Шу маънода, жонажон Ватанимизнинг юзлаб, минглаб обод, кишининг ғурурини оширадиган шаҳару қишлоқларида миллионлаб юртдошларимиз қалбида ҳақиқий бахт онларини туйиб, ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик, файз-барака муҳитида кўркам ва чиройли турмуш кечирмоқда.

Шу билан бир пайтда тараққиёт марраларидан четда қолиб кетаётган, долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммолар гирдобида қолаётган аҳоли масканлари, ижтимоий соҳа объектлари, ночор аҳволда кун кечираётган оилалар, юртимизнинг умумий манзарасига ҳеч ярашмайдиган абгор аҳволдаги уй-жойлар, йўл ҳамда кўчалар ҳам, афсуски, кам эмас. Айниқса, қишлоқ жойларда ўта таъмирталаб кулбаларда, оддий девор билан ўралмаган, дарвозасиз, томи ёпилмаган, ошхонасиз ҳовлиларда яшаётган оилалар ҳам анчагина эканини, қанчалик аччиқ бўлмасин, бугун очиқ тан олишга мажбурмиз. Таҳлилларга қараганда, аксарият ҳолларда ногиронлиги бўлган, меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз, аниқ бир касб-ҳунарга эга бўлмаган кишилар ана шундай оғир шароитларда бир амаллаб кун кечириб келмоқда. Уйдаги шароитнинг ғариблиги бамисоли оғир бир юк бўлиб, ҳар дақиқа одамнинг елкасидан босади, оқибатда тушкунлик ботқоғига ботиради. Айниқса, бундай аҳволда яшаётган аёллар, фарзандлар руҳиятида катта безовталик юзага келиши, табиий, албатта.

Айни пайтда уй-жойларни, ҳудудларни тартибга келтириш, шаҳар ва қишлоқларни бугунги шиддатли ислоҳотларнинг қатъий талаблари асосида изчил ривожлантириб бориш, аҳолининг муҳим ҳаётий талаб ҳамда эҳтиёжларини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш, бу борада мавжуд ички имконият ва резервларни, инсоний салоҳиятни тўла ишга солиш, аҳолини эзгу мақсадлар йўлида бирлаштириб, сафарбар этишда айрим ҳудудлар ҳамда тармоқлар раҳбарлари заифлик қилаётганини, баъзи фуқароларимиз моддий шароити етарли даражада бўлишига қарамасдан, ўз уй-жойи, маҳалласини обод этиш, фарзандлари таълим-тарбияси, тиббий маданият, ўз маънавий оламини тинимсиз бойитиб бориш масалаларига эътиборсизлик билан қараётганини ҳам таъкидлаб ўтиш ўринлидир.
Ҳар қандай давлат ва жамият, ҳар қайси инсон кўп жиҳатдан ўз тақдири, ўз бахтли ҳаётини ўзи, ўз қўллари, ақл-заковати, машаққатли меҳнати билан яратиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат аслида. Шу маънода, давлатимиз раҳбари бот-бот таъкидлаганидек, олдимизда турган муаммоларни ҳеч ким четдан келиб, беғараз ҳал этмайди, одамларни қийнаётган масалаларни ечиб бермайди. Бу вазифаларни бизнинг ўзимиз, авваламбор, турли даражадаги раҳбар ва мутасаддилар, қолаверса, бутун жамоатчилик, аҳоли вакиллари бир мушт бўлиб бирлашиб, ўзаро ҳамжиҳатликда эрта ёки индин эмас, балки бугун бажаришимиз ҳаёт талаби ҳисобланади.

Президентимиз ғояси ҳамда ташаббуси билан яратилган, кун тартибига қўйилган мақсадлар миқёси ва бажариладиган ишлар кўламига кўра илгари ҳеч кузатилмаган “Обод қишлоқ” дастури ана шу ўткир заруратга нисбатан прагматик ёндашув, амалий жавоб сифатида ҳаётимизда пайдо бўлди. Мазкур дастур концепцияси инсонпарварлик, халқпарварлик, қаршимизда турган бири-биридан муҳим масалаларни комплекс ҳал қилиш сиёсати асосига қурилган. Унинг туб моҳияти, ўзак ғояси халқимиз учун муносиб ҳаёт сифати ҳамда турмуш фаровонлигини таъминлашдан иборат бўлиб, одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун зарур моддий ва маънавий шароитларни яратишни кўзда тутади.

Дастур уй, кўча, маҳалла, қишлоқ тамойили асосида амалга оширилади. Бунда уй-жойларнинг том қисмини томёпқич материаллар билан ёпиш, ички ҳамда ташқи қиёфасини ўзгартириш, атрофини девор билан ўраш, оқлаш ва бўёқлаш, 
уй-жойлар учун кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, йўлларни асфальтлаш, тош-шағал ётқизиш, лотоклар ўрнатиш, аҳоли хонадонлари, йўллар атрофи, боғу хиёбонларга мевали ҳамда манзарали дарахтлар, гул кўчатлари ўтқазиш ва кўкаламзорлаштириш, янги симёғочлар, трансформаторлар, ёритиш чироқлари ўрнатиш, электр узатиш тармоқлари тортиш, аҳолининг тоза ичимлик суви, электр энергияси, суюлтирилган газ, кўмир таъминотини яхшилаш, тозалик тадбирларини ташкил этиш орқали хонадонлар ҳамда ҳудудларнинг санитария ва экологик ҳолатини яхшилаш кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, мактабгача таълим, маданият ва санъат муассасалари, мактаблар, касб-ҳунар коллежлари, кутубхоналар, болалар ҳамда катталарга мўлжалланган спорт иншоотлари, тиббиёт, аҳоли дам олиш масканларида қурилиш ва таъмирлаш ишларини олиб бориш, аҳолига давлат хизматлари кўрсатишни намунали йўлга қўйиш, аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, диагностика ҳамда даволаш-профилактика тадбирларини йўлга қўйиш, ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан хабар олиш, уларга аравачалар, эшитиш мосламалари, протез-ортопедия буюмлари, дори воситалари етказиб берилиши ташкил этилади. Хотин-қизларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш, аёллар учун янги иш ўринлари, тадбиркорликнинг турли йўналишлари бўйича ўқув курслари ташкил этиш, шахсий томорқадан фойдаланиш, паррандачилик, асаларичилик, чорвачилик, иссиқхоналар ташкил қилиш ва улардан унумли фойдаланиш учун микрокредитлар ажратиш, қўшимча даромад манбаини яратиш масалалари юзасидан аҳоли учун амалий семинарлар ўтказиш, аҳолининг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини чуқур ўрганиш ҳамда мавжуд эҳтиёжни таъминлаш чоралари кўрилади. Қолаверса, алоқа ва маиший хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, ёшлар тарбияси, жиноятчиликнинг олдини олиш, китобхонлик, ҳарбий-ватанпарварлик соҳалари бўйича тадбирлар олиб бориш каби бири-биридан муҳим кўплаб мавзу ҳамда йўналишлар бўйича ишлар тизимли асосда ташкиллаштирилиши кўзда тутилган.

Бугунги ва келажак ҳаётимизга катта таъсир кўрсатадиган ана шундай улкан кўламдаги чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этишда давлат ва жамоат ташкилотлари, йирик ишлаб чиқариш корхоналари, тижорат банклари, маҳаллий ҳокимликлар, аҳоли вакилларининг куч ҳамда имкониятлари сафарбар қилинади, миллий анъаналаримизнинг ёрқин намунаси бўлган турли хайрия тадбирлари, халқ ҳашарлари ташкил этилади.

“Эзгу ният, хайрли ишнинг қаноти бўлади”, дейди халқимиз. Буни шу кунларда “Обод қишлоқ” дастури доирасида Дўстлик туманидаги “Манас” қишлоқ фуқаролар йиғинида кишини ҳайратлантирадиган даражадаги тез суръатларда олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари мисолида кўришимиз мумкин.
Дастурни амалга ошириш бўйича илк манзил сифатида ушбу қишлоқ танлангани бежиз эмас. Жиззах чўлларини ўзлаштириш бошланган илк давр — ўтган асрнинг 60-йилларида барпо бўлган бу қишлоқда 1 минг 45 хонадонда 1 минг 200 дан зиёд оила, турли миллатга мансуб 6 минг 400 нафардан кўпроқ аҳоли яшаб келмоқда.
Қишлоқдаги кўп қаватли тураржой бинолари, кўчалар абгор бир аҳволга келиб қолган. Кўп қаватли уйларни қўя туринг, ҳовлиларга ҳам ичимлик суви ташиб келтирилади. Яшаш шароити шу аҳволда бўлгач, одамларда ҳам юксак марраларни эгаллашга интилиб яшаш, ободонлаштириш ишларига ҳам рағбат қолмагандек таассурот ҳосил бўлади кишида. Ҳудуддаги боғча, мактаб, маданият саройи, қишлоқ врачлик пункти, маҳалла идораси сингари ижтимоий муассасаларнинг ҳолати ҳам бугунги кун талабларига жавоб бермайди.

Қисқача айтганда, қишлоқда яшайдиган кўпгина юртдошларимиз узоқ йиллар давомида ўз ёғига ўзи қовурилиб юраверган, муаммоларига ечим топишга уринишлари бесамар кетавергач, охири мана шундай ҳаётга кўникиб ҳам қолгандек гўё.
Ниҳоят, юртимизда рўй бераётган янгиланишларнинг қудратли тўлқини манасликлар ҳаётига ҳам янги нафас, тоза ҳаво олиб кирмоқда. Мамлакатимизда халқ билан доимий мулоқот қилиш бўйича яратилган янги тизим асосида олиб борилаётган очиқ мулоқотлар, Президентнинг виртуал ва Халқ қабулхоналарига, оммавий қабулларга келиб тушаётган ариза ҳамда шикоятлар таҳлили ва бевосита жойларга чиқиб, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини ўрганиш натижаларидан келиб чиққан ҳолда, Манас “Обод қишлоқ” дастурини амалга оширишда республикадаги намунавий қишлоқ сифатида белгилаб олинди.

Давлатимиз раҳбари топшириғига мувофиқ тузилган Республика ишчи гуруҳи томонидан дастурни амалга оширишнинг барча жиҳати қамраб олинган комплекс чора-тадбирлар режаси бир кун муддат ичида ишлаб чиқилди. Бунда тегишли вазирлик ҳамда идоралар, жамоат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар, вилоят ва туман фаоллари, қишлоқ аҳолиси вакиллари билан атрофлича маслаҳатлашиб, гапни бир жойга қўйган ҳолда кўпчиликнинг фикрига қулоқ тутиб иш тутилгани айни муддао бўлди. Ишни самарали олиб бориш ҳамда юзага келадиган масалаларни тезкор ҳал қилиш мақсадида қишлоқда Республика ишчи гуруҳининг дала штаби ташкил этилди.
— Савобли иш аввалида оқсоқолларнинг дуоси олиниб, эзгу ниятлар қилинди. Иш бошланган илк кунда бу мавсумда узоқ кутилган ёмғир, сўнгра паға-паға қор ёғиб, она-заминни ўзининг оппоқ кўрпасига ўраганини кексалар яхшиликка, покликка, ишларнинг бароридан келишига бир ишорага йўйишди, — дейди Дўстлик тумани “Нуроний” жамғармаси раиси Омон Қувватов. — Шундан сўнг Республика ишчи гуруҳи аъзолари, вилоят ва туман ташкилотлари ҳудуддаги ҳар бир хонадон ҳамда ижтимоий муассасаларга кириб, мавжуд ҳолатни атрофлича ўрганишди, фуқароларнинг талаб ва истаклари тингланди, бажариладиган ишлар ҳажми аниқ белгилаб олинди ҳамда шу асосда ҳаракатлар бошлаб юборилди.

Айни вақтда қишлоқдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларига юзлаб махсус техника ҳамда мосламалар, мутахассис ва ишчи кучлар сафарбар этилган. Ҳар куни мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан янги техника ҳамда воситалар, қурилиш материаллари келиб турибди, кўмир, цемент, тахта ортилган вагонлар кириб келмоқда. Ишчи гуруҳи штабида жараён қизғин бўлиб, барча юмуш мувофиқлаштириб борилмоқда.

Мутахассисларнинг айтишича, қисқа вақт ичида ҳудуддаги йўллар, тураржойлар, ижтимоий соҳа объектлари замонавий кўринишга эга бўлади. Асосий эътибор, аввало, аҳоли учун ижтимоий-маиший шарт-шароитларни яхшилаш, электр энергияси, газ, кўмир, ичимлик суви таъминотини тубдан яхшилаш, янги хизмат кўрсатиш шохобчалари қуришга қаратилади. Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш орқали аҳолига шаҳар шароитидан кам бўлмаган қулайликлар яратилади. Манасда тўпланган тажриба асосида келажакда қишлоқ жойларда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини тубдан ривожлантириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилади, архитектура-режалаштириш ишларида бир хилликдан воз кечилиб, бу борада ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинади. Буларнинг ҳаммасидан кўзланган бош мақсад эса қишлоқларга замонавий турмушни олиб киришдан иборатдир.

— Қишлоқда тартибсиз ва рухсатсиз барпо қилинган қурилмаларни бартараф этиш учун бор имкониятлар ишга солинмоқда. Бу ишларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда унинг вилоят бошқармаси ходимлари яқиндан кўмак бераяпти, — дейди Жиззах вилояти кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш ҳудудий инспекцияси бошлиғи Ваҳоб Содиқов. — Ҳудудий инспекция ходимлари томонидан аҳоли билан мулоқотларда рухсатсиз қурилган ана шундай иншоотларни олиб ташлаш бўйича тушунтириш ишлари ўтказилмоқда. Энг муҳими, қишлоқ қиёфасини хунуклаштираётган қурилмаларни бузиш ишларида фуқароларнинг ўзлари ташаббус кўрсатишмоқда.

Мисол учун, Кумушкент — қишлоқнинг асосий кўчаси. Кўча юзида жойлашган ноқонуний қурилишлар, бетартиб жойлашган хизмат кўрсатиш объектларининг ҳозирги ҳолатига барҳам берилиб, кўп қаватли уйларни замонавий кўринишга келтириш чоралари кўрилаяпти. Уйлар атрофидаги эски симтўсиқлар олиб ташланиб, йиллар давомида тупроқ ва чиқиндиларга кўмилиб кетган, яроқсиз ҳолатдаги бетон ариқлар янгисига алмаштирилмоқда. Кўчанинг икки томонида йўловчилар учун мўлжалланган йўлаклар барпо қилинади. Бунинг учун вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси ҳамда Дўстлик тумани йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонасининг 100 дан ортиқ техникалари ва ишчи кучи сафарбар этилган.

Қишлоқда электр энергияси билан боғлиқ масалалар ечимига ҳам эътибор қаратилмоқда. Ўттиздан ортиқ махсус техника воситалари туну кун ишлаб турибди, 180 нафардан зиёд мутахассис ва ишчилар 31 километр узунликдаги электр узатиш тармоқларида модернизация ҳамда реконструкция ишларини олиб боришаяпти. Яроқсиз ҳолга келган симёғочлар янги устунларга алмаштирилмоқда.

“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналар ходимлари томонидан ҳудуддаги ҳар бир хонадон эҳтиёжи ўрганиб чиқилди. Жумладан, Сатторовлар хонадонидаги шароит билан ҳам танишилди. Талаб даражасида бўлмаган ошхона таъмирланди, оила янги газ плитаси, барча стандартга жавоб берадиган газ баллони билан таъминланди. Гуруҳ аъзолари ижтимоий соҳа объектларида ҳам бўлишди. Жумладан, мавжуд иккита мактабгача таълим муассасаси кўздан кечирилди. Хусусан, 17-боғчада хоналар кўмир билан иситилиб, овқат айвондаги қўлбола ўчоқда, ўтинда тайёрланар экан. Бу, албатта, санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Мазкур муаммо тезда бартараф қилинди. Боғчадаги хавфсизлик талабларига жавоб берадиган алоҳида хона белгиланиб, шу куннинг ўзида газ баллонлар учун махсус темир шкаф, иккита замонавий газ плитасини ўрнатиш ишлари бошланди.

— Вилоятдаги учта туман аҳолисига хизмат кўрсатиб келаётган Дўстлик тумани газ тўлдириш шохобчасига яна қўшимча 3 та замонавий “Исузу” машинаси ва 1000 та газ баллони берилди, — дейди Жиззах вилояти газ таъминоти корхонаси ҳудудий филиали аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш хизмати бошлиғи Исроил Сиддиқов. — Ушбу шохобчада кунига 600 дона баллонни 12 тонна суюлтирилган газ билан тўлдириб, аҳолига қисқа фурсатда етказиб бериш имкони яратилди. Шу куни Республика ишчи гуруҳи томонидан тумандаги 6 минг 400 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилиб келаётган Наврўз маҳалласига 110 та газ баллони, 4 тонна кўмир маҳсулотлари арзон нархда етказилди.

Дўстлик темир йўл станциясига кўмир ортилган навбатдаги вагон етиб келди. Вилоятга қисқа муддатда Ангрендан олиб келинган жами 138 тонна сара қаттиқ ёқилғи нафақат Дўстлик, балки Арнасой, Зафаробод, Мирзачўл, Пахтакор туманлари аҳолисига ҳам етказиб берилмоқда.
Эътиборга молик яна бир жиҳат. Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ҳамда унинг ҳудудий бошқармаси томонидан давлат хизматлари кўрсатиш бевосита фуқароларнинг уйида ҳам ташкил этилмоқдаки, бу қулайликдан аҳоли беҳад мамнун.
Чортоқ кўчасида яшовчи Нилуфар Набиева Манас қишлоғига келин бўлиб тушганига икки йил тўлди. Аммо паспортини алмаштириш борасида муаммога дуч келаётган эди. Унинг Агентликка мурожаати ижобий ечимини топди.

Шу хонадонда яшовчи Элдор Набиев эса 67 ёшда. Бир умр тракторчи бўлиб ишлаган. Аммо архивга ўт кетиб, ишлаганини тасдиқловчи расмий ҳужжатлар ёниб кетгани туфайли пенсия ёшига етганида ҳам тегишли ҳужжатларни тақдим қила олмагани учун шу пайтгача пенсия ололмай келган. Агентлик вакилларининг аралашуви билан энди пенсия оладиган бўлди. Умуман, шу куни мазкур хонадондаги паспорт, кадастр ҳужжатлари ва пенсия таъминоти билан боғлиқ учта муаммо ҳал этилди.
Шу куни Баҳористон кўчасида яшовчи Бўрлиой Бекназаровага ҳам паспорт олишида амалий ёрдам кўрсатилди. Хатирчи кўчаси, 15-уйда яшовчи Ўткир Ўроловнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб, уйига олиб бориб берилди.

Агентлик ходимлари томонидан қишлоқдаги ҳар бир хонадонга кириб, аниқланган муаммо ҳамда камчиликларни баратараф қилиш чоралари кўрилмоқда. Фаолиятнинг дастлабки икки кунида 110 та кадастр, мерос ҳуқуқи билан боғлиқ 8 та, қолаверса, 30 та бошқа турдаги ҳужжат фуқароларга расмийлаштириб берилди.
Республика хотин-қизлар қўмитаси вакиллари уйма-уй юриб, хотин-қизлар билан ўтказаётган мулоқотларда уларнинг муаммолари эшитилиб, жойида ҳал этиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда. Аёлларни тадбиркорлик, уй меҳнатининг турли шаклларига жалб қилган ҳолда бандлигини таъминлаш билан бирга, хонадонлардаги саранжом-саришталик, фарзандлар тарбияси масалаларига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Бинобарин, аёл киши сариштали, рўзғор илмига уқувли бўлса, оиладан файз-барака аримайди, соғлом муҳит ҳукм суради. Бундай оиланинг фарзандлари баркамол инсон бўлиб вояга етади.

Қишлоқдаги ўзгаришлар катталар қатори ёшларни ҳам қувонтирмоқда. “Бир фарзандга уч китоб” доирасида ўтказилган китоблар акциясида қишлоқ ўғил-қизлари ота-оналари билан ўзларига мос, қизиқарли адабиётлар билан танишдилар, ота-оналар эса уларни фарзандларига совға қилди. Зотан, ободлик агар, аввало, одамлар кўнглида бошланса, ободончилик ишлари тобора кенгайиб, ўзгаришлар шунчалик самарали бўлади.
Тиббиёт тизимида нечоғли кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмасин, барибир, неча йиллардан бери қишлоқ аҳолисининг тиббий маданиятини юксалтириш масаласи ҳамон тўла ечим топгани йўқ. Шу боис ҳам “Обод қишлоқ” дастури доирасида қишлоқ аҳолисини тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш, ногиронлиги мавжуд шахсларга ногиронлик аравачалари, эшитиш мосламалари ва протез-ортопедия буюмлари етказиб беришни ташкил қилишга катта аҳамият қаратилаяпти.
Ёшу қари бирдек қамраб олинган тиббий кўриклар давомида аниқ ташхислар қўйилиб, даволаш учун йўлланмалар, бепул дори-дармонлар берилди. Бу эса тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида муаммо сезилиб турган қишлоқ аҳолиси учун айни муддао бўлди.

Ҳаёт инсонни турли синовлардан ўтказади. Баҳористон кўчасида яшовчи Гулсора Ҳасанова турмуш ўртоғидан ажралган. Ота уйида укаси билан яшайдиган бу аёл рўзғорни зўрға тебратиб келмоқда. Таъмирталаб ҳолатга келиб қолган уйини эпақага келтиришга ҳам имкони йўқ. Аҳоли турмуш шароитини ўрганиш асносида “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси вакиллари мазкур хонадонни таъмирлаб, замонавий кўринишга келтиришга, Гулсора опанинг яқинда жазо муддатини ўтаб қайтган укаси Нурали Соатовни қурилиш ташкилотига ишга олишга қарор қилишди. Шу куннинг ўзидаёқ ҳаракат бошланиб, қурилиш материаллари хонадонга келтирила бошланди.

Мухтасар айтганда, мана шу кунларда мабодо йўлингиз тушиб, Манас қишлоғига борсангиз, ўзингизни улкан қурилиш майдонига тушиб қолгандек ҳис этасиз. Нафақат вилоят, балки мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан ҳам кунига янги кучлар келиб қўшилмоқда. Бунёдкорлик ишлари бамисоли умумхалқ ҳашарига айланган. Қудратли техникалар овози куну тун тинмаяпти, нурчию сувчи, қурувчию лойиҳачи, йўлсозу газчи, шифокору ўқитувчи — ҳамма-ҳамма қўли қўлига тегмай, қорли-қировли кунларга қарамасдан белгиланган вазифаларни ўз муддатида якунлаш учун меҳнат қилмоқда.

Дарҳақиқат, бугун қишлоқда одамларнинг ҳайратланишига арзийдиган тарихий ишлар бўлаяпти. Унинг қамрови ҳамда суръатини кўрган киши яқин кунларда Манаснинг кечаги қиёфасидан асар ҳам қолмаслигига тўла амин бўлади. Бу давлатимиз раҳбарининг “Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак”, деган сўзларининг реал ҳаётдаги амалий ифодаси, сўз билан иш бирлигининг ёрқин намунасидир.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар