Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш мақсадида сўнгги йилларда бир қатор давлат дастурлари амалга оширилди. Электрон тизимлар жорий этилди, хонадонбай патронаж хизматлари ташкил қилинди.
Бироқ бу ислоҳотлар аҳоли ҳаётида қандай акс этмоқда? Улар ҳақиқатан ҳам манзилга етиб боряптими?
Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги “Дўстлик” қўрғонида истиқомат қилувчи 82 ёшли, 2-гуруҳ ногирони Турдигул Муродова бундан 35 кун муқаддам шундай савол билан мурожаат қилган эди. У нафақат ўзининг, балки 52 ёшли ногирон фарзандининг ҳам ягона қаровчиси. Унинг таъкидича, охирги олти ой давомида маҳаллий тиббиёт муассасаларига бир неча марта мурожаат қилганига қарамай, фақат 2025 йил 19 апрель куни реимбурсация дастури доирасида сақлаш муддати яқинлашган дори воситалари — аспирин, тромбасс ва бисопролол олиш имконига эга бўлган.
— Патронаж ҳамшираси ҳам, оила шифокори ҳам бирор марта ҳолимни сўрамади. Бизнинг ёшда кишиларга энг биринчи галда эътибор, сўнг соғлиқ учун муҳим бўлган дори-дармон керак, — дейди Турдигул она.
Мурожаат мазкур маҳалладаги бошқа фуқароларнинг ҳам муаммоларини очиб берди. Шу ҳудудда истиқомат қилувчи меҳнат фахрийлари — Насиба Ўсканова ва Мақсуда Мирзаева ҳам тиббий хизматдан норозилик билдирди. Улар мутахассис кўригидан ўтиш ва йўлланма олиш учун бир неча марта мурожаат қилганларини, аммо ҳеч ким келмаганини айтишди.
– Бир йилдан буён чап кўзим умуман кўрмайди. Икки дона таблетка билан қандай фориғ бўлиш мумкин? — дейди Мақсуда Мирзаева.
Мурожаат юзасидан 26-сон оилавий поликлиникада бўлиб, мавжуд ҳолатни ўргандик. Поликлиника мудири Турдиали Қосимов магистратурада таҳсил олаётгани сабабли, унинг иш жадвали чеклангани боис, икки маротаба мазкур поликлиникага борган бўлсак-да, тополмадик. Ўзини умумий амалиёт шифокори деб таништирган Исмоил Зулфиқоров эса мурожаатчиларни танимаслигини, уларга бошқа шифокор хизмат кўрсатаётганини маълум қилди.
Электрон D-MED тизими орқали Турдигул Муродовага кўрсатилган хизматлар ҳақидаги маълумотларни ўрганганимизда жорий йил 19 апрель куни уч турдаги дори воситаси берилгани қайд этилган, холос. Ундан аввал ва кейин тиббий хизмат кўрсатилмагани аниқланди. Шунингдек, ўзини ҳамшира деб таништирган Санобар исмли тиббиёт ходимаси томонидан фуқароларнинг ҳолидан ҳар ҳафта хабар олиниши айтиб ўтилди. Бироқ бу маълумот мурожаатчилар томонидан тасдиқланмади.
Масала юзасидан Сардоба тумани тиббиёт бирлашмасида ўтказилган учрашувда туман прокурори ўринбосари ҳам иштирок этди. Учрашувда Турдигул Муродованинг видеомурожаати намойиш қилинди. Туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Фахриддин Холматов муаммо тез фурсатда ҳал этилишини, тор мутахассислар юборилишини, зарур ҳолларда эса вилоят ёки республика шифохоналарига йўлланма тақдим этилишини маълум қилди.
Мазкур ҳолат ҳақида Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига ҳам ахборот берилди. Шунга қарамай, фуқароларнинг таъкидича, амалда ёрдам ҳали етиб бормаган. Хусусан, Насиба момо мутахассислар 15-20 кун аввал йўлга чиққанини, бироқ 15 чақиримлик масофада тўхтаб қолганини маълум қилди.
Эндиликда савол туғилади: ёши улуғ, кўмакка муҳтож фуқароларнинг сўзига ишонайликми ёки ҳисоботларда “дору берилди”, “ҳолидан хабар олинди” деб кўрсатилган, амалда эса хизмат кўрсатмаётган маълумотларгами?
Масала юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига бир неча бор мурожаат қилинган бўлса-да, ҳозиргача аниқ жавоб берилмади. Эҳтимол, эндиликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирар.
Моҳиятга назар ташласак, рақамлаштирилган тизим мавжуд, патронаж хизмати йўлга қўйилган, дори воситалари учун давлат томонидан маблағ ажратилмоқда. Аммо энг муҳим жиҳат — инсон сўзи, эҳтиёжи, ҳолидан хабардорлик кўп ҳолларда эътибордан четда қолмоқда.
Хуллас, қадр қадрланадиган жамиятда, аввало инсон сўзи эшитилиши керак. Унда савол туғилади: Турдигул онага ким дори беради? Мақсуда онага ким кўз шифокори юборишини таъминлайди? Энг муҳими, фуқаро сўзи эшитилмайдиган тизимга қандай ишониш мумкин? Бу саволлар жавобсиз қолмаслиги керак..
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Таълим кредити | Ишонч телефони | 8 Май 2024 | 23 Май 2024 | Хоразм вилояти |
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Тадбиркорлик фаолияти учун дастурлар асосида имтиёзли кредитлар (иссиқхона, чорва, парранда, балиқ, қуён, асалари, тикувчилик, боғдорчилик, ҳунармандчилик ва бошқалар) | Ишонч телефони | 9 Апрель 2024 | 19 Апрель 2024 | Андижон вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |