Ҳудудларда аҳоли муаммоларини ҳал этиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига кўмаклашиш мақсадида Президент Администрацияси, Халқ қабулхонаси, масъул ташкилот ва идора раҳбарларидан ташкил топган Республика ишчи гуруҳи ўз фаолиятини Тошкентда давом эттирди.
Президент маслаҳатчиси ўринбосари – Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев бошчилигидаги гуруҳ томонидан Тошкент шаҳар масъуллари билан аҳоли муаммоларини ўрганиш, сайёр қабуллар ташкил қилиш, уларда аниқланган муаммоларга ечим топиш борасида қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, Республика ишчи гуруҳи ва туман ҳокимлари иштирокида оғир тоифадаги маҳаллаларда 30 дан зиёд сайёр қабуллар ўтказилди. Уларда 300 дан зиёд жамоавий масалалар кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг 200 га яқини ижобий ҳал этилди, муайян вақт ва маблағ талаб этадиган 100 дан ортиқ масаланинг ижроси назоратга олинди.
Мисол учун, 10 та оғир маҳалладаги электр таъминотини яхшилаш лойиҳаларининг манзилли рўйхати шакллантирилди ва тасдиқлаш учун Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига киритилиши таъминланди.
Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Бектемир ва Сергели туманларидаги маҳаллаларда 12,6 миллиард сўм маблағ ҳисобига 19 та трансформатор ўрнатилади ва 47 километр электр тармоқлари тортилади. Ишларни бошлаш учун республика бюджетидан Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетга 3,8 миллиард сўм маблағ ўтказиб берилиши таъминланди.
Шунингдек, Яшнобод туманидаги Ҳилол маҳалласида, Мирзо Улуғбек туманидаги Ижодкор маҳалласида, Сергели туманидаги Зиёлилар маҳалласида ичимлик суви тармоғи тортилди.
Пойтахт бўйлаб 800 километрдан зиёд лоток, ариқ ва зовурлар чиқиндилардан тозаланиб, 20 километрга яқин қисми бетонлаштирилди. Юздан зиёд қабристон ва зиёратгоҳлар обод қилинди.
Мисол учун, Яшнабод тумани “Маърифат” МФЙ ҳудудидаги кўп қаватли уйнинг атрофидаги лотоклар тозаланди. Чилонзор тумани ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан Бунёдкор, Лутфий, Сўгалли ота ва бошқа кўчалардаги ирригация лотоклари тошқин ҳолатини олдини олиш учун тозаланмоқда.
Бундан ташқари, белгиланган режа-жадваллар асосида муборак Рамазон ойида пойтахт бозорларини асосий турдаги истеъмол озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш, жойларда арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркаларини ташкил қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан хабар олиш, уларга ёрдам кўрсатиш, ифторлик дастурхонларини ёзиш каби қатор ишлар амалга оширилди.
Ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир 10 та маҳаллада арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилди.
Пойтахтнинг 12 та туманидаги маҳалла ва кўчаларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари тизимли ва манзилли ташкил этилиб, бугунги кунга қадар акция ва ҳашарларда 72 мингдан ортиқ аҳоли вакиллари иштирок этди. Жами 3 мингга яқин ижтимоий соҳа объекти атрофи ободонлаштирилди.
Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этмоқда.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Таълим кредити | Ишонч телефони | 8 Май 2024 | 23 Май 2024 | Хоразм вилояти |
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Тадбиркорлик фаолияти учун имтиёзли кредитлар дастурлари асосида (иссиқхона, чорва, парранда, балиқ, қуён, асалари, тикувчилик, боғдорчилик, ҳунармандчилик ва бошқалар) | Ишонч телефони | 9 Апрель 2024 | 19 Апрель 2024 | Андижон вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |