2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
“Бувижонлар мактаби” – ёшларга ибрат

Мамлакатимизда нуронийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш, кайвони кексалар ҳамда ўсиб келаётган ёш авлод ўртасидаги ришталарни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 18 феврладги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, маҳаллаларда ва таълим муассасаларида ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, ёш оилалар ўртасидаги ажримларнинг олдини олиш мақсадида ҳаётий тажрибага эга, ёши улуғ онахонларни ҳамда “Бувижонлар мактаби” аъзоларини жалб этган ҳолда “Онахонлар ўгитлари” мавзусида учрашувлар ташкил этиш белгиланди.

Наманган вилоятидаги 14 та шаҳар, туманларда ҳамда мавжуд 788 та маҳалланинг 713 тасида хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, ёшлар таълим-тарбиясига эътибор қаратиш, вақтинча ишсизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими ҳамда вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамкорлигида таъсис қилинган “Бувижонлар мактаби” томонидан мазкур йўналишларда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. 

Вилоят “Бувижонлар мактаби” раҳбари Мунаввархон Бойдадаеванинг фикрича, айниқса, Наманган шаҳри, Чортоқ, Поп, Мингбулоқ ва Учқўрғон туманларида кекса онахонларнинг фидойилиги ҳамда ташаббускорлиги кузатилмоқда.

“Бувижонлар мактаби”нинг шаҳар ва туманлардаги жамоатчилик кенгашига таълим, тиббиёт, фан, маданият, спорт каби соҳаларда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган фахрийлар, олимлар, зиёлилар бириктирилиб, улар оилавий ажримларнинг олдини олиш, мактабларда давомат, тарбияси оғир бўлган айрим ёшлар билан ишлашда жонбозлик кўрсатмоқда. 

– Доно халқимизда “Қушнинг ҳам ини бузилмасин”, деган нақл бежиз айтилмаган. Бунда катта маъно мужассам. Арзимаган сабаблар билан қанчадан қанча оилалар бузилиб кетмоқда, – дейди Чортоқ тумани “Бувижонлар мактаби” етакчиси Ашурахон Хўжаева. – Фарзанд кулгуси янграган уйда файз, барака ёғилади, шундай экан, ҳаётимиз қувончи бўлган дилбандларимизнинг маҳзун бўлишига, кўзларидан ёш оқишига йўл қўймайлик. Айни шундан келиб чиққан ҳолда, биз асосий эътиборни ёшлар тарбияси ва оилалар тинчлигига қаратишимиз лозим. 

Жорий йилда ёш оилалар ўртасидаги ажрим ўтган йилларга қараганда анчагина камайди. Олиб борилган тарғибот ва тушунтириш ишлари натижасида биргина ўтган йилнинг ўзида 87 оила яраштирилди. Қолаверса, туманда “Бир нуроний ўн ёшга маъсул” тамойили бўйича рўйхатга олинган 1 минг 440 нафар ёшнинг муаммолари манзилли ўрганилиб, уларнинг 90 фоизидан ортиғида мавжуд камчиликлар бартараф қилинди.

Чортоқлик “Бувижонлар мактаби” фаоллари ҳафтада бир бор маҳаллалардаги хонадонларда мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилишга ҳаракат қилишади. Машғулотларда ёшлар таълим-тарбияси, уларни турмушга тайёрлашда миллий қадриятлар масаласи илгари сурилади.

Поп туманидаги “Бувижонлар мактаби” гуруҳининг 2024 йил сарҳисоби эътироф қилишга муносиб. Фаол, фидойи онахонлар ўз иш режасига асосланиб, жойларда, тумандаги барча маҳаллалар, таълим масканлари ва ҳарбий қисмларда ўз чиқишлари билан фаоллик кўрсатди. 

Хусусан, Абу Али ибн Сино номидаги туман жамоат саломатлиги техникумида бўлиб ўтган “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” мавзусида, тумандаги 40-мактабда икки тилни ўрганишга бағишланган “Тил билган дунё танийди” мавзусида тадбирлар кўпчиликнинг ёдида қолди. “Бувижонлар мактаби” қошида ўтказилган ижодкорлар даврасида туман ёшлари Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, шоирлар, ижодкорларнинг она-Ватанга муҳаббат, китобхонлик маданиятини юксалтиришга оид ижодларидан баҳраманд бўлди. Миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликка қаратилган тадбирларда эса ёшларга китоблар совға қилинди.

Учқўрғон туманида ҳам муаммоли оилаларга нуронийларни бириктириш орқали мавжуд камчиликларнинг олди олиниб, салмоқли натижаларга эришилмоқда. Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни ўтказилган маънавий-маърифий тарғибот ва қабул кунларида низолашган оилалар таклиф қилиниб, улар билан тушунтириш суҳбатлари ўтказилмоқда. Ўтган бир йил ичида шу асосда 64 маҳаллада 53 та муаммо борлиги аниқланди. Натижада эса ажрим ёқасидаги 67 оила муросага келди.

Наманган вилоятида “Бувижонлар мактаби” фаолиятининг амалий ишлари ҳақида кўплаб эътиборга молик тажрибаларни келтириш мумкин. Келгусида ушбу мактаб фаолиятини янада кенгайтириб, натижаларни кўпайтириш мақсад қилинган. Бу борада фаол, фидойи онахонлар, кайвони нуронийлар тажрибасига таянилади. Зеро, таълим-тарбия бир кунлик иш эмас.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Таълим кредитиИшонч телефони8 Май 202423 Май 2024Хоразм вилояти
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Тадбиркорлик фаолияти учун имтиёзли кредитлар дастурлари асосида (иссиқхона, чорва, парранда, балиқ, қуён, асалари, тикувчилик, боғдорчилик, ҳунармандчилик ва бошқалар)Ишонч телефони9 Апрель 202419 Апрель 2024Андижон вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар