Ташвишлар ҳеч кимни четлаб ўтмайди. Аммо гоҳида кичкина муаммолар олдида ҳам ўзимизни ожиз ҳис қиламиз, тушкунлик ҳисси бизни ўз исканжасига олади.
Ҳаётдан нолиймиз. Аслида инсон матонати, сабр-бардоши билан инсон, ҳар қандай оғир дамда ҳам ўзлигини йўқотмагани билан азиз ва ҳурматлидир.
– Бундан тўрт йил муқаддам мен тўрт мучаси соғлом, ҳаётга мутлақо бошқача кўз билан қарайдиган аёл эдим, – дейди сурхондарёлик Дилором Йўлдошева. – Ёшлик давримдан тикувчилик ҳунарига қизиқардим. Атрофдаги таниш-билишлардан буюртмалар олиб, уларга чиройли либослар тикиб бериб дилини чароғон айлардим. Катта оилага келин бўлиб тушдим. Бирин-кетин уч нафар фарзанднинг онаси бўлдим. Биласиз, қишлоқчилик. Далада ўрим-йиғим ишлари бошланса, катта-кичик бирдек ўзимизни меҳнатга урамиз. Дала ишларидан ортиб, тикувчилик билан шуғулланишга вақтим ҳам етмас эди.
Кутилмаганда айни ўрим-йиғим пайтида бахтсиз ҳодиса туфайли икки оёғимдан айрилдим. Ҳушимга келиб аҳволимдан хабар топганимда дунё кўзимга қоронғу кўринган. Болаларим ҳали жуда ёш. Рўзғор катта. Қайнона-қайнотам эрта оламдан ўтиб кетишган.
Турмуш ўртоғим менинг дардим сабабли ишидан ўз ихтиёри билан кетди ва вақтини менга бағишлай бошлади. Аввалига ўзимни жуда ноқулай ҳис қилдим. Жисмоний ва руҳий оғир зарбага дош бериш оғир эди. Ҳатто турмуш ўртоғимга мени ота-онамнинг ҳовлисига олиб боришини ва ўз ҳаётини қайта давом эттиришини илтимос қилдим. Аммо умр йўлдошим бу таклифимга қатъий қарши чиқди ва ҳар қандай вазиятда менинг ёнимда бўлишини айтди.
Яқинларинг далда бўлса, сенга меҳрли қўлларини чўзса бошга келган ғамни енгишинг осон кечар экан. Олти ойча тушкун кайфиятда яшадим. Камига ногиронлар араваси ёки протез-ортопедия мосламаларини олиш учун ойлаб навбат кутишимга тўғри келар эди. Меҳнат қилиб ўрганган аёлман. Ўзимни бекорчидек ҳис қилдим. Шунда уйимда турган эски тикув машинам борлиги ёдимга тушди. Яна эски ва севимли касбимга қайтдим. Секин-секин маҳалла аҳлидан буюртмалар қабул қила бошладим.
Шундай кунларнинг бирида маҳалламиздан беш-олтита ёш қизлар чиқиб, ўзларини шогирдликка олишимни илтимос қилишди. Бу учун менда имконият йўқлигини айтдим. Қизлар ўз уйида турган тикув машиналарини олиб чиқишди ва уларга тикувчилик сир-асрорларини ўргата бошладим. Борган сари шогирдларим сони кўпайиб борди. Туманимиз ҳокимлиги кўмаги остида субсидия асосида янги тикув машинасига эга бўлдим. Адлия вазирлигининг ташаббуси билан тикув цехини кенгайтирдик.
Бугунги кунда 60 нафарга яқин шогирд тайёрладим. Айни дамда 20 нафарга яқин хотин-қиз билан тикув корхонасини юритяпмиз.
Мен ўз ҳаётим учун курашдим. Руҳан кучли бўлишга ҳаракат қилдим. Дунёнинг энг руҳлантирувчи “Топ-100” аёли рўйхатига киришга муваффақ бўлдим. Кеча Президент фармонига мувофиқ, “Мардлик” ордени билан тақдирланишим мен учун кутилмаган туҳфа бўлди. Мукофотни қабул қилиб олар эканман, кўз ёшларимни тўхтата олмадим. Давлатимиз раҳбарининг “мана шундай иродали, матонатли инсонларни ҳаммага ўрнак қилиб кўрсатсак, улар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди” деган эътирофидан бошим кўкка етди. Кўзимда ёш билан турмуш ўртоғимга қараб мен уддаладим, дея йиғлайман. Ҳа, мен уддаладим, биз уддаладик. Бу учун мени оғир дамда ташлаб қўймаган, менга далда бўлган, суянч бўлган яқинларимга миннатдорчилик билдираман. Онамдан олисда истиқомат қиламан. Лекин турмуш ўртоғим, фарзандларим ва яқинларим мени ёлғиз қолдирмади. Ҳар қадамда уларнинг меҳрини ҳис қилдим.
Бугун тонгни янги орзулар, янада қатъиятли мақсадлар билан қаршиладим. Азалдан гулчилик касбига ҳам қизиқаман. Ҳовлимда ҳам турли гулларни парваришлайман. Ҳозирда икки сотихли ерда иссиқхона ташкил қилиш ҳаракатидамиз. Келгусида турли гуллар етиштириб, юртим гўзаллигига ва ободлигига ҳисса қўшмоқчиман. Мен юриш, югуриш имкониятидан маҳрумдирман, аммо менда бошқа имкониятлар етарли. Тобора имкониятим чекланган эмас, аксинча имкониятларим чексиз эканини англаб боряпман.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |