Аҳоли ва тадбиркорлар мурожаатлари Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талаблари асосида кўриб чиқилишини таъминлаш, аҳоли билан мансабдор шахслар ўртасида турли шаклдаги мулоқотлар ташкил қилиш, халқ ва давлат ўртасида мустаҳкам кўприк бўлиш Президент Халқ қабулхоналарининг асосий вазифалари ҳисобланади.
Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали Бухоро вилояти аҳолисидан 54 930 та масалага оид мурожаат келиб тушган. Мурожаатларда асосан, болалар нафақаси, алимент ундириш, муҳтожларга бир марталик моддий ёрдам, электр энергияси таъминотидаги узилишлар, маҳалла ички йўлларини таъмирлаш, даволаниш ва жарроҳлик амалиёти учун моддий ёрдам ва иш билан таъминлаш масалалари энг кўп кўтарилган.
– Ушбу мурожаатлардан 50 397 таси Бухоро вилояти, туман ва шаҳар ташкилотлари томонидан кўриб чиқилган бўлиб, шундан 19 604 таси ижобий ҳал этилиши таъминланди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонаси бош мутахассиси Маъмур Раҳмонқулов. – 26 606 тасига ҳуқуқий маълумот бериш орқали фуқароларнинг розилиги олинди. 225 таси ижобий ҳал этилиши учун муддат ва маблағ талаб қилганлиги сабабли назоратга олинди. Вилоят, туман ва шаҳар секторлари раҳбарлари томонидан ўтказилган сайёр қабуллар давомида 15 744 та мурожаатнинг 11 512 таси ижобий ҳал этилди.
Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири турганлигини инобатга олиб, барча мурожаатлар “Виртуал қабулхона” ахборот тизими орқали қонун доирасида кўриб чиқилади ва Президент Халқ қабулхоналари томонидан назоратга олиниб, доимий равишда таҳлил ва мониторинг қилиб борилади.
Ўтказилган ўрганиш ҳамда таҳлилларда аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан давлат органлари ва ташкилотларига 285 та тақдимнома, 135 та таклиф ҳамда халқ депутатлари Кенгашларига 185 та ахборот киритилди. Шунингдек, мурожаатларда кўтарилган тизимли муаммоларни ҳал этилишини таъминлаш мақсадида 324 та ёзма кўрсатма берилди.
– Мисол учун, фуқаро ташкилотнинг ўзига 2024 йил 2 февраль куни тўғридан-тўғри оғзаки мурожаат қолдирган, – дейди Маъмур Раҳмонқулов. – Ушбу ташкилотнинг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти 9 апрель куни жойига бориб ўрганилганда мурожаат 2 ойдан ортиқ вақт давомида кўриб чиқилмаганлиги натижасида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддаси талаблари қўпол равишда бузилганлиги аниқланди. Натижада ушбу мурожаатни кўриб чиқишга масъул бўлган мансабдор шахс МЖтКнинг 43-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Умуман олганда аҳоли мурожаатларига эътиборсизлик билан ёндашган мансабдор шахсларга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тегишли чоралар кўрилиши таъминланиб келинмоқда.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |