2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Орол ҳаётида янги даврга қадам қўйилмоқда

Материалларимиз орқали хабар бериб борилаётганидек, шу кунларда Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудида яшил ўрмонзорлар барпо этиш мақсадида илгари ҳеч кузатилмаган улкан қамров ва миқёсдаги ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар куни 500 дан зиёд техника ҳамда авиация ёрдамида ариқ тортиш, бароналаш ва саксовул уруғини сепиш ишлари бажарилмоқда.

Аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, шу кунгача Оролнинг қуриган қисмида:

440 минг гектардан ортиқ майдонда саксовул экиш учун ариқ тортиш ишлари бажарилди;

162 минг гектардан зиёд майдонда 614 тоннадан ортиқ саксовул уруғлари сепилди;

Шундан 98 минг 400 гектар майдонга авиация ёрдамида уруғ қадалди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари топшириғига биноан Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш, денгизнинг қуриган қисми ва Оролбўйи минтақасида экологик муҳитни барқарорлаштириш, аҳолининг ҳаёт сифати ва турмуш даражасини ошириш, мазкур ҳудудларда хўжалик юритишнинг янги шаклларини жорий этиш ва ривожлантириш масалаларига комплекс тарзда ёндашилмоқда. Яъни, бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган, бир-бирини тўлдирадиган саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, 500 минг гектар майдонда “яшил қалқон” яратиш ишлари билан бир қаторда ер остидан истеъмолга яроқли, қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланиш мумкин бўлган сув захираларини излаб топиш, қудуқ қазиб, сув чиқариш чора-тадбирлари ҳам кўрилмоқда. Қувонарлиси шундаки, Оролбўйи аҳолисининг бугуни ва узоқ келажагини ўйлаб олиб борилаётган ана шундай хайрли ишлар ўзининг дастлабки натижаларини ҳам бермоқда.

Ўтган ҳафта сўнггида Мўйноқдан шимоли-шарқий йўналишда 200 километрдан зиёд масофада, собиқ Борсакелмас оролининг шарқий қисмидаги Шағала массивида илк қудуқдан сув чиқарилди.
Оролбўйи аҳолисига улкан шодлик ва умид бахш этган мазкур тарихий воқеа – сув кўзининг очилиши муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, мўйноқликлар ҳамда Орол денгизининг сувсиз қолган майдонида меҳнат қилаётган ҳашарчилар иштирок этди.

Маросимда сўзга чиққанлар йиғилганларни ушбу муҳим янгилик, эртанги кун учун қатъий ишонч бахш этадиган хушхабар билан қутлаб, бу тарихий воқеа Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш, минтақанинг сув ва экология билан боғлиқ муаммоларига ечим топиш йўлида тамомила янги уфқларни очиши, янги-янги имкониятларни юзага келтиришини таъкидлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, сув артезиан қудуғи ёрдамида Жанубий Орололди артезиан ҳавзасининг Бор даври ётқизиқлари орасидан, яъни, 300 метр чуқурликдан ўзининг босими билан бир секундда 10 литр миқдорда чиқиб турибди.

Халқимизда “Сув бор жойда ҳаёт бор”, деб бежиз айтилмаган. Бу иборанинг туб моҳиятини чўл ҳудудларда яшовчи одамлар, айниқса, Оролбўйи аҳолиси, чорвадорлар бошқалардан кўра чуқурроқ тушунади, десак, муболаға бўлмайди.

Шу маънода, Орол остидан сув чиқарилиши натижасида бу ерда ЯНГИ ҲАЁТ БОШЛАНАДИ.

Авваламбор, Орол ва Оролбўйидаги экологик инқироз оқибатларини бартараф этиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар янада жадаллашади;

чўл шароити ва шўрхокликка чидамли ҳамда озуқа ўсимликлари кўчатларини етиштириш бўйича мақбул муҳит пайдо бўлади;      

қишлоқ хўжалигидаги муҳим тармоқ бўлган чорвачиликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш борасида беқиёс имконият ва шарт-шароитлар юзага келади – улкан майдонларда янги унумдор яйловлар яратилади, чорвачилик хўжаликлари ташкил этилади, бу ерда одамлар яшай бошлайди, ўн минглаб кишилар иш билан таъминланади;

Оролда бой ўсимлик ва ҳайвонот олами шаклланади, биохилма-хиллик сезиларли даражада кўпаяди. Бу эса, табиийки, экологик туризмни янги асосда тараққий эттиришда кучли туртки бўлади.

Албатта, Оролда оби-ҳаёт пайдо бўлиши билан бу ерда юзага келаётган янги имконият ва тармоқлар рўйхатини яна узоқ давом эттириш мумкин. Шу борада фикр юритганда бир жиҳатга алоҳида урғу бериб ўтиш ҳар томонлама ўринли бўлади. У ҳам бўлса, ҳудудда янги сув манбаларининг очилиши давлатимиз раҳбари томонидан Оролбўйи ҳудудини Экологик инновация ва технологиялар зонасига айлантириш бўйича илгари сурилган хайрли ташаббус ҳамда унда белгилаб берилган эзгу мақсад ва долзарб вазифаларни ҳаётга жорий этишда ниҳоятда катта амалий аҳамиятга эга бўлади.

Шу муносабат билан ишга туширилган сув қудуғи ёнида ҳозир яна иккита қудуқ бурғуланаётган бўлса, давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан жорий йилнинг 1 апрелигача Оролнинг сувсиз қолган ҳудудида жами 50 та қудуқ қазилиб, ишга туширилади. Бундан ташқари, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳамда бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар олдига Орол ҳудудида кенг миқёсда геология-қидирув ишларини олиб бориш вазифаси ҳам қўйилган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Президентимиз томонидан Оролбўйи ҳудудидаги туманларда ўтган асрда қазиб, сув чиқарилган, аммо йиллар ўтиши билан ишдан чиқиб, носоз ҳолатга келиб қолган қудуқларни қайта тиклаш юзасидан тегишли ташкилотларга алоҳида кўрсатма ҳам берилган.
Хуллас, ҳам Оролнинг қуриб қолган қисмида, ҳам Оролбўйи минтақасида ноқулай экологик вазиятни тубдан яхшилаш, ижтимоий-иқтисодий соҳаларни ривожлантиришга қаратилган йирик лойиҳа ва дастурлар ўзаро уйғунликда изчил амалга оширилаётгани, қатъий ва ностандарт чора-тадбирлар кўрилаётгани фожиани енгиб ўтишнинг энг бош омилига айланмоқда.

Шағала массивида сув чиқарилгани ҳақидаги қувончли хабар қудуқ ёнидаги майдонда катта байрамга айланиб кетди. Шу куни бу ерда жам бўлган ҳар бир киши, аёзли саҳронинг машаққатларини биргаликда енгиб, синашта бўлган, дўсту-биродар, қариндошларга айланиб кетган инсонлар, образли қилиб айтганда, Орол аҳлининг юзи-кўзида мамнунлик, мағрурлик, умид ва ишонч туйғулари янада ёрқин намоён бўлди. Ахир, Оролда яна тириклик асоси – оби-ҳаёт шарқироқлари шовқин солиб, янги ҳаёт куртакларини уйғотди. Аллақачон кун ботиб, изғирин шамол ҳар қанча ўз ҳукмини ўтказишга уринмасин бу ерда янграган қайноқ қўшиқлар тафти бепоён Оролнинг узоқ-узоқ бурчакларида ҳам акс-садо берди...

 

 

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар