2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Маҳалланинг молиявий мустақиллиги таъминланади

Маҳалла ўзбек халқи ҳаётида, кундалик турмушида алоҳида ўринга эга бўлган тузилма ҳисобланади. Сўнгги йилларда маҳалла институтининг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, аҳоли фаровонлигини оширишдаги иштирокини кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

2023 йил 21 декабрь куни қабул қилинган “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони маҳалланинг жамиятдаги ўрнини янада ошириш, аҳолига яқин кўмакчи бўлишида муҳим аҳамиятга эга. 

Ушбу фармонда белгиланган вазифаларнинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг айнан маҳалла тизими билан ишлайдиган қўмитаси — Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Шуҳрат Бафаевни таклиф қилганмиз. 

— Шуҳрат Гафурович, “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилади. Маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларининг асосий вазифаси ҳамда уюшманинг вазифалари нималардан иборат? Шу ҳақда батафсил тушунтириб ўтсангиз. 

— Маҳаллалар ҳақида гапирганда, аввало, янгиланган Конституциямизда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларига алоҳида таъриф берилганига тўхталиб ўтсак. Аввалги Конституциямизда бундай таърифлар мавжуд бўлмаган. Янги Конституциямизнинг XXI боби “Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” деб номланиб, 127-моддада “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ҳамда маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни фуқароларнинг манфаатларидан, ривожланишнинг тарихий ўзига хос хусусиятларидан, шунингдек миллий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда, қонунга мувофиқ мустақил равишда ҳал этишга ҳақли”, деб мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, давлат фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратиши, уларга қонунда белгиланган ваколатларини амалга оширишида кўмаклашиши белгилаб қўйилди. 

Бундан ташқари, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган 7 та устувор йўналишнинг биринчи йўналишида маҳалла институти фаолияти самарадорлигини ошириш ва уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг муҳим бўғинига айлантириш мақсади белгиланган ва бир қатор вазифалар ўз аксини топган. 

Эндиликда Президентимизнинг мазкур фармон билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари институционал жиҳатдан тубдан ислоҳ этиляпти. Фармон билан Республика ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, унинг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилмоқда. 

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг асосий 9 та вазифаси белгиланяпти. Уюшманинг асосий вазифаси маҳаллани чинакамига бошқарувнинг биринчи бўғинига айлантириш, маҳалланинг халқ билан давлат ўртасида «кўприк» вазифасини бажаришига шароит яратиш, маҳалладаги муаммоларни ҳал этишда ўзининг сиёсатини юритиш, аҳолига ёрдам беришдан иборатдир. 

Маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари эса маҳаллани ривожлантириш юзасидан асосий йўналишларни белгилаб беради, даромадлар ва харажатларга оид дастурларни кўриб чиқади. Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши раиси Бош вазир, вилоят ва туман, шаҳар кенгашларининг раислари эса тегишинча вилоят ва туман, шаҳар ҳокимлари ҳисобланади. 

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи тузилмасида 5 та штат бирлигидан иборат “Маҳалла еттилиги” фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлими жорий этилмоқда. “Маҳалла еттилиги”га маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори киради. Улар маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда асосий жавобгар ҳисобланади. 

— Жорий йил 1 январдан бошлаб барча туман ва шаҳарларда “Маҳалла бюджети” тизими амалиётга жорий этилмоқда. “Маҳалла бюджети” қайси манбалар ҳисобидан шакллантирилади, ушбу тизим маблағларини сарфлаш ваколати кимга берилади? 

— Маҳаллага жуда кўп ваколатлар бериляпти, вазифалар юклатиляпти. Аммо бу вазифаларни амалга ошириш учун уларнинг молиявий мустақиллигини таъминлаш керак. Яъни, маҳалла давлатга қарам бўлиб, давлатдан пул сўраши эмас, балки мустақиллигини таъминлашга интилиши керак. Бунинг учун ҳам давлат маҳаллага кўмак беряпти. Шунинг учун ҳам “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилиб, Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси очилди. Ушбу жамғармаларга жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғидан ундирилган маблағлардан тегишли қисми ўтказилади. 

Жамғарма маблағларини сарфлаш ваколати эса маҳалланинг ўзига берилади. Қаерда, қандай муаммолар борлигини уларнинг ўзи яхши билади. Еттилик вакиллари биргаликда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиб, шу асосда иш олиб боради. 

— Эндиликда маҳалла раислари 3 йил эмас, 5 йилга сайланиши белгиланмоқда. Бундан мақсад нима, қандай натижа беради? 

— Жуда тўғри масала. Маҳалла раисларининг ваколат муддати илгари 2,5 йил эди, кейин 3 йил бўлди. Энди 5 йилга узайтирилмоқда. Маҳаллаларда масалалар кўлами кенгаймоқда. Давлат ўз зиммасидаги кўплаб функцияларни маҳаллага ўтказяпти ва бунинг учун ўзи ҳам кўмаклашяпти. Иш ҳажми кўпайганидан кейин уларни тақсимлаш, еттилик вакилларининг бошини бирлаштириш, ҳудуддаги муаммоларни ҳал этиш учун тажрибали маҳалла раиси бўлиши керак. Тажриба эса 1, 2 ёки 3 йилда йиғилмайди. Шунинг учун ҳам маҳалла раисларининг ваколатини 5 йилга узайтириш масаласи жуда тўғри қўйилган. 

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар