2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Сорғунликларнинг орзулари ушалмоқда

Ўтган йил бошидан “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида янгиланиш ва қайта таъмирлаш ишлари бошланган Бухоро вилояти Когон тумани “Сорғун” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хайрли ташаббус ва саъй-ҳаракат бу йил тизимли равишда ишлаб чиқилган “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” дастури доирасида жадаллаштирилмоқда.

Ўтган йили “Обод қишлоқ” дастурига мувофиқ “Сорғун” ва “Хўжа Якшаба” маҳалла фуқаролар йиғинларида амалга оширилган кенг кўламли ободонлаштириш ва қайта қуриш ишлари учун қарийб 33 миллиард сўм маблағ ҳисобига йўл-транспорт, муҳандислик–коммуникация тармоқлари, ижтимоий соҳа иншоотлари, бошқа бозор инфратузилма объектларини барпо этиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилган.

– Маъмурий жиҳатдан Катта Орғун, Ойнасоз, Оқ олтин, Паракти, Сорғун, Сурхиён, Суғдиёна, Асалхўжа каби 8 та қишлоқдан таркиб топган маҳалламизда бугунга келиб 714 та хонадон, 819 та оила ва уларда истиқомат қилаётган аҳоли сони 3570 нафарга етган, – дейди “Сорғун” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Бекмуродов. –Ҳудудда 500 дан ошиқ пенсионер, нафақахўр бўлса, аҳолининг меҳнатга лаёқатли қатлами 1870 нафардан зиёд. Шулардан ҳозирда муқим иш ўрнига эга бўлгани 1757 нафарни ташкил этмоқда. Ишсиз эса расман 63 нафар бўлиб, жисмоний имконияти чекланган фуқаро сони 54 нафар, яна ижтимоий муҳофазага олинган ночор оила сони ўнга яқин. Қолаверса, бизда боқувчисини йўқотган ва якка-ёлғиз, қийин шароитда яшаётган ўндан ортиқ оилага меҳр-мурувват кўрсатилмоқда. Алоҳида тоифаланганларга келсак, 1 та оила “Темир дафтар”га киритилгани ҳолда 23 нафар йигит-қиз “Ёшлар дафтари”дан, 102 нафар фуқаро эса “Аёллар дафтари”дан ўрин олган.

Ҳудуддаги ободонлаштириш ва янгиланишни аввало ҳудуд муҳандислик-коммуникация тармоғининг такомиллаштирилаётгани, бундаги ижтимоий иншоотлар қиёфаси замонавий кўринишидан яққол билиш мумкин. Жумладан, ўз бағрига жами 560 нафар ўғил-қизни олган 7- ва 23-сонли умумтаълим мактаблари кейинги йилларда бутунлай янгидан таъмирланган, қўшимча қурилишлар бажарилган.

Инвестиция дастури асосида роппа-роса бир йил олдин пудратчи корхона “Галаосиё Сохтимон” МЧЖ томонидан бунёд қилинган 240 ўринли замонавий таълим даргоҳи биноси ва стандарт талабига кўра 12х18 метр ўлчамдаги спорт зали қурилишига қарийб 4 миллиард маблағ сарфланган. Мактабда иссиқлик тармоғи билан бирга барча синф хоналари, фан кабинетлари, ўқитувчилар хонаси рисоладагидек ҳозирланган. Бир йил олдин ҳудудда тиббиёт маскани бўлмаган, бугун эса сорғунликлар кунига 60 қатновга мўлжалланган оилавий шифохона пунктига эга бўлди.

Маҳаллада фойдаланишга топширилганига 3 йил тўлаётган 10-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ҳозир 125 нафар жажжи болани ўз бағрига олган. Бу шинам муассаса пудратчи “Шавкат Мўмин” МЧЖ жамоаси томонидан умумий қиймати 2 миллиард 951 миллион сўм маблағ эвазига барпо қилинди.

Эътиборлиси, унда ишлашга қабул қилинган 31 нафар мутахассис ва ишчи-ходим маҳаллий аҳоли орасидан уйда ўтириб қолган ишсизлар, ижтимоий муҳофазага муҳтож хотин-қизлар орасидан танланган.

Ҳудуд инфратузилмасида рўй бераётган ўзгариш ва янгиликлар ҳам оз эмас. Чунончи, шу йилнинг ўтган ойларида Сорғун маҳалласидан ўтувчи “4K-182” Когон-Катта Орғун-Янглов-Қизилтепа йўлининг 3 километр қисми туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан асфальтлаштирилган бўлса, ташкилот томонидан йўл чекка қисмларида аҳоли қатнови учун 2 километр масофада пиёдалар йўлакчаси барпо этилган. Бу лойиҳага давлат бюджети ҳисобидан 2 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланган.

Шунингдек, Ойнасоз, Сорғун, Паракти, Сурхиён қишлоқлари бўйлаб ўтган ички йўллардан қиш ёғингарчиликларида ўтиб бўлмас даражага етган 1450 метр қисми шағаллаштирилган бўлиб, шундан 1240 метр қисмига асфальт бостирилган. Яна қишда лой, ёз жазирамасида чанги осмонга ўрлайдиган кўчаларнинг 2500 метр қисми эса бетонлаштирилгани шу ерлик аҳолини хурсанд қилди.

– Бошқа ҳудудда бўлгани каби сорғунликлар ҳам электр энергияси таъминотидаги узилишлардан четда қолмаган, – дейди туман электр тармоқлари идораси мутахассиси Элмурод Ҳамроев. – Ҳудудда 5,7 километр масофадаги электр линияси бутунлай янгиланди. Янги русумдаги “SIB” кабели тортилди. Эскирган симёғочлар ўрнига 130 та темир-бетон устун ўрнатилди. Катта Орғун қишлоғида 100 киловатт соат қувватга эга трансформатор ўрнига янги 250 киловатт соат қувватга эга электр трансформатор ўрнатилган. Мавжуд трансформаторларнинг 3 таси таъмирдан чиқарилган. 

Сорғун табиий газ етиб бормайдиган ҳудудлардан бири. Шунинг учун бунда ҳам аҳоли кундалик эҳтиёжи учун “Когонгаз” таъминот бўлими томонидан ҳудуддаги истеъмолчилар, 734 та хонадонга суюлтирилган газ ёнилғиси маиший баллонларда узлуксиз етказиб берилмоқда. Сўнгги ойларда туманда ўтаётган мутасаддилар, сектор раҳбарлари сайёр қабулларида суюлтирилган газ баллони етишмовчилиги бўлган ўттизга яқин хонадонга маиший баллон етказилган.

Маҳалла аҳолисини ташвишга солаётган муаммолардан бири бу тоза ичимлик суви таъминотидир. Ўтган йили ёз ойларида биргина Сурхиён қишлоғида 11 минг метрдан ортиқ узунликда водопровод тармоғи ўрнатилгани туфайли 125 та хонадон истеъмолга яроқли тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлмоқда. Шундан сўнг ҳудудга яқин “Куржан” сув узатиш иншооти бултур “Обод қишлоқ” дастурига мувофиқ қайта реконструкция қилинди. Бу лойиҳа ва қишлоқдаги тармоқ қурилиши учун 600 миллион сўмдан ошиқ сармоя ўзлаштирилган. Эндиликда бошқа қишлоқларни ҳам водопроводлаштириш чора-тадбирлари кўрилаётир.

Умуман, ободлик ва янгиланишларни нафақат ҳудуд қиёфасида, балки ҳар бир оилада турмуш тарзи яхшиланаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Шу нуқтаи назардан, айни кунда ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатлами билан ишлаш, улар ташвиш ва муаммоларини ечишга эътибор кучайтирилган.

Туман ҳокимининнг “Сорғун” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ёрдамчиси Ислом Истамовнинг айтишича, жорий йилда “Ҳар бир оила–тадбиркор” дастури асосида эҳтиёжманд фуқаролар, ёш ташаббускорларга “Халқ банки” қўллаб-қувватловида уч йил муддатга, паст фоизда қайтариш шарти билан ҳар бири 33 миллион сўмгача миқдорда расмийлаштирилаётган сармоялар ўнлаб оилаларни соғломлаштириш, иқтисодий оёққа қўйиш, уларга ишлаб даромад орттириш имконини бермоқда.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар