2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Хорижий давлатлар етакчилари Ўзбекистон Президентини сайловдаги ғалабаси билан қутлади

Хорижий давлатлар етакчилари Ўзбекистон Президентини сайловдаги ғалабаси билан қутлади

10 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Туркманистон Миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев,  Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев, Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён билан телефон орқали мулоқот қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди.

Россия етакчиси давлатимиз раҳбарини сайловда қозонилган ишончли ғалаба билан дилдан қутлади.

Алоҳида таъкидланганидек, овоз бериш натижалари Ўзбекистонда мамлакатни янада жадал ривожлантириш, унинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар сиёсати халқ томонидан кенг қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор кўрсатди.

Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Етакчилар ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, товар айирбошлаш суръатини давом эттириш ва саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш масалаларига алоҳида тўхталдилар.

Давлат раҳбарлари ишбилармонлар ва ҳудудлар даражасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, фаол гуманитар алмашинувни давом эттириш муҳимлигини кўрсатиб ўтдилар.

Минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида Туркманистон етакчиси давлатимиз раҳбарини муддатидан илгари ўтказилган Президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан самимий табриклаб, қардош Ўзбекистон халқига фаровонлик ва равнақ тилади.

Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари кейинги йилларда изчил ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда амалий ҳамкорлик кенгайиб бормоқда. Парламентлар ўртасидаги алоқалар ва гуманитар алмашинувлар фаоллашди.

Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашдилар. Бўлажак икки томонлама тадбирлар режаси кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Тожикистон раҳбари мамлакатимиз етакчисини куни кеча Ўзбекистонда бўлиб ўтган муддатидан илгари Президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан самимий қутлади.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор соҳаларда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Қозоғистон раҳбари Ўзбекистон етакчисини Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан дилдан қутлаб, унга янги муваффақиятлар, фаровонлик ва равнақ тилади.

Ўзбекистон – Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ изчил ривожланиб бораётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ҳажми ошиб бормоқда, муҳим инвестициявий ва гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма лойиҳаларни янада илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. Бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.

Қирғизистон етакчиси давлатимиз раҳбарини кеча бўлиб ўтган Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклади. Қайд этилганидек, овоз бериш натижалари мамлакатимиз аҳолиси Ўзбекистоннинг барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлашга қаратилган прагматик сиёсатга ишониши ва уни кенг қўллаб-қувватлашини яққол кўрсатди.

Телефон мулоқоти давомида икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Идоралараро мулоқотлар фаол кечаётгани, икки мамлакат ишбилармонлари ва ҳудудлари ўртасидаги алмашинувлар самарали бўлаётгани қайд этилди.

Жорий йил 1 июнь кунидан Ўш шаҳрида Ўзбекистоннинг бош консуллиги ўз ишини бошлади. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ортиб бормоқда, автомобилсозлик, энергетика, электротехника ва тўқимачилик тармоқларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қўшма Инвестиция фондининг фаолияти йўлга қўйилди.

Гуманитар соҳада икки мамлакат оқсоқоллари, зиёлилари ва ёшлари иштирокидаги Авлодлар мулоқоти доирасидаги тадбирларга тайёргарлик кўрилмоқда.

Давлат раҳбарлари олий даражадаги келишувларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш муҳимлигини таъкидладилар.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқотида икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Туркманистон Президенти давлатимиз раҳбарини куни кеча бўлиб ўтган муддатидан илгари Ўзбекистон Президенти сайловидаги ишончли ғалабаси билан самимий табриклади.

Барча даражаларда фаол мулоқотлар давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди. Жорий йил бошидан ҳукуматлараро комиссияларнинг йиғилишлари, транспорт, энергетика ва маданият вазирларининг учрашувлари муваффақиятли ўтказилди.

Товар айирбошлаш ҳажми барқарор суръат билан ортиб бормоқда. Қардош халқларимизни яқинлаштиришга қаратилган муҳим гуманитар дастурлар амалга оширилмоқда.

Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарлари ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва амалий шериклик лойиҳаларини илгари суриш муҳимлигини таъкидладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқотида кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Озарбайжон раҳбари мамлакатимиз етакчисини Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан самимий табриклаб, дўст Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Бўлажак олий даражадаги учрашувга тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди. Иқтисодий кун тартибидаги масалаларни икки мамлакат ҳукуматлари даражасида пухта ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

Халқаро ташкилотлар, шу жумладан, Қўшилмаслик ҳаракати ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали мулоқотида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва фаол гуманитар алмашинувни давом эттириш масалалари кўриб чиқилди.

Беларусь Президенти давлатимиз раҳбарини Президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан самимий қутлаб, Ўзбекистонга катта муваффақиятлар ва равнақ тилади.

Ўзаро савдо ҳажми ошиб, тиббиёт, фармацевтика, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда амалга оширилаётган лойиҳалар сони кўпайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Жорий йилнинг апрель ойида Беларусда Ўзбекистон маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди, май ойида Тошкент шаҳрида биргаликда суратга олинган кинофильм премьераси бўлиб ўтди.

Икки мамлакат етакчилари томонидан Ўзбекистон – Беларусь ҳукуматлараро комиссияси ишини фаоллаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Минтақавий ташкилотлар, шу жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорликка оид масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқотида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг бўлажак йиғилишига биргаликда ҳар томонлама тайёргарлик кўриш зарурлиги ҳақида сўз борди.

Суҳбат аввалида Туркия Президенти давлатимиз раҳбарини муддатидан илгари Президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан дилдан қутлади, сайловчиларнинг овоз беришдаги фаол иштирокини ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли томонидан кенг қўллаб-қувватланганини таъкидлади.

Кейинги йилларда Ўзбекистон – Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, муҳим инвестиция лойиҳалари ва гуманитар дастурларни амалга оширишга кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий телефон орқали мулоқот қилдилар.

Суҳбат аввалида Эрон раҳбари мамлакатимиз етакчисини куни кеча Ўзбекистонда ўтган муддатидан илгари Президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан самимий табриклади.

Эрон Президенти ушбу мамлакатнинг Олий диний раҳбари оятуллоҳ Сайид Али Хоманеийнинг саломи ва табрикларини ҳам етказди.

Жорий йилнинг июнь ойида Эронга расмий ташриф якунида эришилган олий даражадаги келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Қабул қилинган “Йўл харитаси”га мувофиқ саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга оширишга киришилгани мамнуният билан қайд этилди.

Фаол мулоқотларни, шу жумладан, икки мамлакат ишбилармон доиралари ва ҳудудлар маъмуриятлари даражасидаги алоқаларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Минтақавий кун тартибидаги масалалар, жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан телефон орқали мулоқоти давомида фаол ва тизимли сиёсий алоқаларни давом эттириш, саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш, ишбилармонлик ва гуманитар ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Венгрия Бош вазири мамлакатимиз етакчисини куни кеча бўлиб ўтган муддатидан илгари Президент сайловида қозонилган ишончли ғалаба билан самимий табриклаб, Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар йўлга қўйилган. Жорий йилнинг март ойида Будапешт шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси очилди.

Ўзаро савдо ҳажми ошиб бормоқда. Банк-молия бозорига Европанинг етакчи «OTP» банки кириб келди.

Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва бошқа устувор тармоқларда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Инвестициялар портфели жами 1,5 миллиард долларни ташкил этмоқда.

Телефон мулоқоти чоғида Ҳукуматлараро комиссия фаолияти доирасида кооперация лойиҳаларини тезлаштириш, гуманитар ва таълим алмашинувларини кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбир ишлаб чиқиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Ўзбекистон раҳбарини куни кеча мамлакатимизда бўлиб ўтган муддатидан илгари Президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан самимий қутлади.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Бугунги кунда ҳамкорлик барча йўналишларда, шу жумладан, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, энергетика, транспорт-логистика, маданий-гуманитар ва таълим соҳаларида жадал ривожланиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён билан телефон орқали мулоқотида кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантириш, Амирликларнинг етакчи компаниялари иштирокида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шайх Мансур Ол Наҳаён Ўзбекистон раҳбарини бўлиб ўтган сайловдаги ишончли ғалабаси билан дилдан қутлаб, халқимизга фаровонлик ва равнақ тилади. БАА Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаённинг табриги ва энг эзгу тилакларини ҳам етказди.

Икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Товар айирбошлашнинг ўсиш суръати, қўшма корхоналар ҳамда икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар сони ортаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Бугунги кунда инвестиция лойиҳалари портфели 4 миллиард доллардан ошиб, "яшил энергетика", қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, туризм инфратузилмаси ва бошқа йўналишларни қамраб олган.

БАА томони Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ижтимоий аҳамиятга эга дастурларни амалга оширишда ҳам техник кўмак кўрсатиб келмоқда.

Суҳбат давомида олий даражадаги фаол мулоқотни давом эттириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар ҳамкорликнинг йирик лойиҳаларини илгари суриш муҳим экани алоҳида таъкидланди.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар