2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Орол денгизи чекинди, лекин биз бунга жим қараб туриш йўлини тутмадик

Президент ташаббуслари – амалда

Биз меҳмонхонасига қалдирғоч ин солса эшигини ойлаб тамбаламаган халқмиз. Бир дарахтни кесса ўрнига ўнта кўчат қадайдиган элмиз. Ота-боболаримиз ўзларини табиат билан ҳеч қачон айро тасаввур қилмаган.

Орол денгизи. Бир пайтлар бу ерда мовий кенглик оҳиста чайқалар, баъзан сув кўкка кўтарилиб ўзини заминга қайта ташлар эди. Денгиз, қушлар ва қирғоқдаги балиқчиларнинг шовқини бир-бирига қоришиб кетарди. Бир қарашда буларнинг юраклари биттадай, бир бутундай туюларди.

Унча узоқ бўлмаган даврларда халқнинг ризқу насибаси бўлган Оролимиз бугун хаста. Дардига малҳам қўйишга ҳаракат қилаётганларни жим кузатмоқда.

Суви тортилиб кетган майдонлардан кўтарилаётган қум, туз, чанг заррачалари атрофга сочилади. Ер қор ёққандай оқариб қолади. Бир вақтлар билиб-билмай табиатнинг тартиб-қоидаларига аралашилди, дарёлар сувининг йўли тўсилди. Оқибатда денгиз биздан узоқлашди. Чекинган денгизга эса ортиқ шунчаки қараб туриб бўлмасди. Биз бундай йўл тутмадик.

Ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш ишлари қизғин давом этмоқда

Бу йил юз минг гектар майдонда яшил қопламалар ҳосил қилиш мақсад қилинган. Одатдагидай жорий йилда ҳам минглаб техникалар, тўртта кичик авиация транспорти, икки минг беш юздан ортиқ одам ўрмонлаштириш юмушларини амалга оширмоқда.

Бу иш учун тўрт юз йигирма тонна саксовул, қандим, қорабуроқ каби чўл ўсимликларининг уруғи жамғарилмоқда. Юз гектар майдонда эса саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан кўчатхоналар ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш керак.

Оролнинг қуриган майдонларида бу йилги саксовул экиш мавсуми февраль ойидан бошлаб юборилган. Бугун эса бу ерда ўрмон плантацияларини яратиш жараёни қизғин паллада.

Ўрмонлаштириладиган ҳудуд жуда катта, буни ҳисобга олган ҳолда асосий ишлар бир қатор ресурслар имкониятидан кенг фойдаланган ҳолда бажарилади. Иш жараёнига авиация, қишлоқ хўжалигининг замонавий техникалари жалб қилинган. Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари мутахассислари, олимлар иш жараёнини назорат қилмоқда.

Бу хайрли иш учун кенг жамоатчилик вакиллари, турли идора ва муассаса ходимлари, ёшлар кўмак беришни исташади. Бугун Оролбўйи кенгликларда кўнгилли ҳашарчиларни учратиш табиий холга айланган.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аъзолари, бир қатор олий таълим муассасалари талабалари кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари марказида бўлишди. Бу ерга келганлар яшил қопламалар ҳосил қилишдек эзгу ташаббусга ўз ҳиссаларини қўшишди.

– Биз, ёшлар бу ерга тез-тез келишга ҳаракат қиламиз, – дейди Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти талабаси Айгерим Элтаева. – Оролнинг қуриган кенгликларида жуда катта жамоа, куч ишламоқда. Уруғлар асосан самолётларда сепилаётганини кўриб турибмиз. Айтишларича, бир парвознинг ўзида юзлаб гектар майдонга уруғ қадалмоқда. Кўчатларни қўлда экишнинг ҳам самараси катта эканини яхши биламиз. Бу жараёнда биз ҳам қатнашяпмиз. Яхши ишга бош қўшаётганимиздан хурсандмиз. Экаётган кўчатларимиз табиатни, одамлар саломатлигини асрашга хизмат қилишини ҳис этиш завқли. Келгусида бу меҳнатлар ўз самарасини беришига ишонамиз.

Шавкат Мирзиёев 2018 йил Мўйноққа ташриф буюрди. Ўшанда олимлар билан маслаҳатлашилди. Орол денгизининг суви қуриган кенгликларида шўрга чидамли ўсимликлар экиш вазифаси белгилаганди. Буни хайрли ишнинг старт олган йили дейиш мумкин.

Бугунгача сувсиз, Оролқум деб атала бошланган 1 миллион 700 минг гектар майдонда ўрмонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди.

Халқаро минбарларга олиб чиқилган эзгу ташаббус

Давлатимиз раҳбари 2017 йил Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида Орол фожиасига дунё ҳамжамиятининг эътиборини қаратди. Қатор ташаббусларни илгари сурди. Яхши ниятлар эса халқаро даражада қўллаб-қувватланди. Бир йил ўтиб Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосидаги траст фондига асос солинди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил БМТ Бош Ассамблеясининг видеоконференция шаклида ўтган 75-сессиясидаги нутқида ҳам Оролбўйи минтақасидаги экологик муаммога тўхталди. Давлатимиз раҳбари ўшанда Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этган эди. Ушбу резолюция 2021 йил олтмишта давлат томонидан бир овоздан қабул қилинди.

Бундан ташқари, халқаро саммитларда бу бўйича муҳим таклифлар ўртага ташланди. Ички имкониятларимизга таянган ҳолда амалий ишлар олиб борилишига эътибор қаратилди.

Минтақадаги экология шу муаммога бевосита боғлиқ экани кундек равшан. Табиат билан ҳисоблашмаслик, унга қулоқ тутмаслик нима оқибатларга олиб келишини Орол фожиаси яққол кўрсатди. Икки йирик сув манбаи – Амударё ва Сирдарё сувининг тўсилиши бизни Орол денгизидан узоқлаштириб юборди. Чўлланиш тезлашиб, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси камайиб кетди. Одамлар турмуш-тарзи қийинлашди.

Оролбўйидаги экологик муаммоларни юмшатиш, аҳоли яшаш шароитини яхшилаш масаласи давлат раҳбарининг бежиз эътиборида эмаслигини англаш қийин эмас.

Ўтган йилнинг февраль ойида Президент Шавкат Мирзиёев Орол денгизининг қуриган жойига шахсан ўзи борди. У ердаги вазиятни кўрди, амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Шавкат Мирзиёев ўшанда мураккаб шароитда экин етиштириш бўйича катта тажриба орттирилгани, эндиги ишларни илмий асосланган тарзда давом эттириш лозимлигини таъкидлаганди.

Шундан келиб чиқиб, истиқболда бу ерда ҳудуд тупроғига мос навлар яратиш, кейинги босқичда чорвачиликни ривожлантириш бўйича амалий ишлар қилинади.

Яқинда БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида тузилманинг Сув масалалари бўйича конференцияси ўтказилди. Унда 2030 йилга қадар барқарор ривожланиш мақсадлари йўлида обиҳаёт орқали дунёни бирлаштириш, сайёрамиз фаровонлигида денгиз ва океанларнинг аҳамияти, бу борадаги глобал ташаббуслар илгари сурилди. Бу ташаббуслар эса БМТга аъзо барча мамлакатлар, ихтисослашган идоралар томонидан нуфузли спикерлар иштирокида кўриб чиқилди.

Конференция ишида тузилмага аъзо мамлакатлар қаторида юртимиз делегацияси ҳам иштирок этди. Юқори даражадаги ялпи мажлисда мамлакатимиз делегацияси аъзоси Саида Мирзиёева нутқ сўзлади. БМТ минбаридан Орол денгизи фожиасининг оқибатлари, уларни юмшатиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ва бу борадаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда мамлакатимизнинг етакчилиги хусусида сўз юритилди.

Эзгу ташаббуснинг кўлами кенгайиб бормоқда

Ўзбекистонда сўнгги йилларда экологик ҳолатни яхшилаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистонда ҳам муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш доимий эътиборда. Шу мақсадда Қўнғирот тумани ҳудудидан майдони 280 минг гектарлик “Борсакелмес” давлат буюртма қўриқхонаси, Мўйноқ тумани ҳудудидан майдони 1 миллион гектар бўлган “Аралқум” миллий табиат боғи ташкил этилди. Натижада муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони 3,5 миллион гектарга етказилди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида эса Қорақалпоғистонда жами 14 миллион 300 тупдан ортиқ дарахт ҳамда бутали ўсимликлар кўчати экилди. Туманларда 16 та ўрмон хўжалигида 250 гектар майдонда кўчатхона ташкил этилди.

Нукус шаҳри ва туманларда қарийб 65 гектар майдонда яшил боғлар, 101 гектардан ортиқ майдонда яшил жамоат сайилгоҳларини ташкил этишга киришилгани қувонарли.

Орол денгизини яна сувга тўлдириш имконсиз бўлиши мумкин, лекин қолганини асраш, экологик мувозанат яратиш, одамлар турмушини яхшилаш бўйича жуда катта иш кетаётгани қувонарли.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар