2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
"Қорақалпоғистон" замонавий шаҳарчага айланди

Нукус шаҳридан 420 километр узоқда – бепоён Устюрт кенгликлари бағрида жойлашган “Қорақалпоғистон” посёлкасида 43,5 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Қўнғирот туманига қарашли ушбу аҳоли пункти “Обод қишлоқ” дастури асосида янги қиёфа касб этганидан, аввало, ҳудуд аҳолиси беҳад мамнун.

Қорақалпоғистон Республикасидаги 15 тумандан мазкур дастурга киритилган 30 қишлоқнинг ҳар бирида ушбу посёлкадаги каби қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун 215,1 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши белгиланган. Бугунги кунда дастур доирасидаги ишларнинг 82 фоиздан ортиғи бажарилган.

Аниқ рақамлар мисолида айтадиган бўлсак, Қорақалпоғистонда 6 минг 848 турар жой биноси, 48 километр йўлак таъмирланиб, 1 минг 393 дона тунги чироқлар ўрнатилди. Қишлоқлар ободлиги йўллар равонлигида ҳам кўринади. Шу мақсадда 109,4 километр ички автомобиль йўллари таъмирланди, 22 та бекат янгидан қурилди.

Қишлоқларда 143 километр ичимлик суви, 130 километр ирригация ва 50 километр мелиорация тармоқлари яхшиланди. 368,5 километр электр тармоғи тортилди ва 177 дона янги трансформатор ўрнатилди. Шунингдек, 141,5 километрлик газ тармоғида янгидан қуриш, мукаммал таъмирлаш ва демонтаж ишлари олиб борилди. Хонадонларга 4 минг 600 га яқин суюлтирилган газ баллони етказиб берилди. Бугунги кунда 63 ижтимоий объектда жами 30 миллиард 998 миллион сўмлик мукаммал таъмирлаш ишлари якунланди.

– Туман марказидан 320 километр олисда жойлашган посёлкада бундай ўзгаришлар бўлади, деса, йил бошида ҳам биров ишонмасди, – дейди “Қорақалпоғистон” посёлка фуқаролар йиғини раиси Қутли Кошимбетова. – Ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган кўп қаватли уйлар бутунлай таъмирталаб аҳволга келиб қолган эди. Ёмғир ёғса лой кўча, томидан чакки ўтадиган уй кўз ўнгимизда пайдо бўларди. Кўп қаватли уйлар яқинида тартибсиз қурилган пана-пастқам объектлар кўнгилни хира қиларди. Бугун эса ҳаммаси бошқача – посёлкамиз замонавий шаҳарчага айланди. 

Посёлкада 25 та кўп қаватли уй, шунингдек, йўлак ва йўллар таъмирланди. Кўчаларга ёритгичлар ўрнатилди. Ёш оилалар, кам таъминланганлар ҳамда ногиронлиги бор фуқаролар учун 24 арзон уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. 2 километр тоза ичимлик суви тармоғи яхшиланди, 21 та трансформатор ва 98 та эски симёғоч устуни, 2,2 километр газ тармоғи ва 16 та газ тақсимлаш нуқтаси таъмирланди. 16,2 километр ички автомобиль йўллари таъмирланиб, 2 та бекат қурилди.

Дастурнинг муҳим жиҳати шундаки, нафақат қишлоқ обод бўлди, балки у ерда яшаётган юртдошларимиз доимий иш ўрнига эга бўлди. “Қорақалпоғистон” посёлка фуқаролар йиғинида ҳам тикув цехи ишга туширилиб, 80 нафар хотин-қиз доимий даромад манбаи билан таъминланди.

Ўтган асрнинг 90-йилларидан буён қаровсиз ётган клуб қайта таъмирланиб, замонавий “Маданият саройи”га айлантирилди. Бу ерда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган дастурга асосан турли маданий-маърифий тадбирлар, театр томошалари, учрашувлар ташкил этилмоқда.

“Обод қишлоқ” дастури ижроси доирасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

 

Есимхон Қаноатов, ЎзА

Фойдали ресурслар