2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Хўжақўрғоннинг бугунги манзараси

“Обод қишлоқ” дастури доирасида Навоий вилояти Хатирчи туманидаги Хўжақўрғон қишлоғида амалга оширилган ишлар самарасида 428 уй-жой таъмирланиб, кўркам қиёфа касб этди.

Дастлаб, икки мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган ҳудуддаги уйларнинг ҳар бири кўздан кечирилиб, уй-жойлар ҳолати, томорқа, оилаларнинг ижтимоий аҳволи мониторинг қилинди. Ҳар бир хонадонда режа асосида бунёдкорлик ишлари бажарилди. 

 

– Ҳудудда қурилиш моллари дўкони ишга туширилиб, ғишт, шифер, оҳак ва цемент маҳсулотлари арзонлаштирилган нархларда етказиб берилди, – дейди туман ҳокими ўринбосари Қ.Фармонов. – Қурилиш-таъмирлаш ишлари билан банд ходимларга тушлик ташкил этилди. 24-умумтаълим мактаби тубдан реконструкция қилиниб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Мактабгача таълим муассасаси, ҳаммом, сунъий қопламали мини-футбол стадиони, болалар майдончаси, оталар чойхонаси, оилавий поликлиника, супермаркет қурилди. Муҳандислик-коммуникация тармоқлари, 16 километр ички йўллар ва газ узатиш линияси капитал таъмирланди. 14 километр электр тармоғи, 5 километр тоза ичимлик сув қувури тортилди. Кўчаларга асфальт ётқизилиб, ёритиш чироқлари ўрнатилди. 

 

photo5449759774716570018.jpg

Қишлоқлар меъморий қиёфасининг тубдан янгиланиши, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ва ижтимоий соҳа объектлари барпо этилаётгани аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириб, дунёқарашини кенгайтирмоқда. Обод ва замонавий уйларда яшаётган одамларнинг ҳаётга муносабати ўзгарди. 

 

– Болаларимиз янги ўқув йилини замонавий қиёфадаги муассасада бошлашидан айниқса, биз, ота-оналарнинг қувончи чексиз, – дейди хўжақўрғонлик С.Эгамбердиева. – Шунингдек, болалар боғчаси, маҳалла гузари, тиббиёт муассасаси таъмирланди. Энг муҳими, ҳар бир уйга тоза ичимлик суви келди. Телефон кабеллари ўрнатиб берилди. Бундай ўзгаришлардан, албатта, хурсандмиз. 

 

"Кўпдан қуён қочиб қутулмас", деганлари шу бўлса керак, барча бир мақсад атрофида бирлашгани сабабли Хўжақўрғон мўъжаз шаҳарча қиёфа касб этди. 

 

...Бир-икки ой хизмат сафари билан ёки даволаниш учун кетган қўшниларимиз қайтгач, ўз уйига ишонқирамай киряпти. Кейин эса, ҳайрат билан "Бўлар экан-ку, шундай шароитда ҳам яшаса"! деб ҳайратини яширолмаяпти. 

 

Аҳмад Яссавий кўчасида қишлоқ аҳли билан бўлган гурунгда айтилган бу гаплардан завқланиб кетасан, киши. Ҳа, биз яшаш завқини энди туйаяпмиз. Ҳаётимизда ҳис қиляпмиз. 

 

photo5449759774716570019.jpg

 

photo5449759774716570020.jpg


Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА

Фойдали ресурслар