2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Йил сарҳисоби: ҳар бир мурожаат ортида инсон қадри бор

Мамлакатимизда катта сиёсий, иқтисодий-ижтимоий янгиликларга бой бўлган яна бир йил ортда қолмоқда. Туб ўзгариш ва янгиланишлар, шиддатли юксалишлар билан хотирамизга муҳрланаётган йилга назар солсак, халқимизнинг дарду-ташвишларини тинглаб, уларга ечим топиш ва инсон қадрини улуғлаш йўлида самарали ишлар амалга оширилгани кўзга ташланади.

Президентимизнинг виртуал ва Халқ қабулхоналарига якунланаётган йилнинг ўтган даврида Сурхондарё вилоятидан 152 минг 704 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 144 минг 674 таси ёки 94,7 фоизи кўриб чиқилиб, 8 минг 30 тасида ўрганиш жараёнлари давом этмоқда. Агар бу рақамни 2021 йилнинг шу даврига солиштирсак, ўтаётган йилда мурожаатлар сони 22 минг 772 та ёки 13 фоизга камайди. Мурожаатлар ҳудудларда яшовчи ҳар ўн минг кишига нисбатан кўриб чиқилганда Термиз туманига 760, Термиз шаҳрига 734, Бойсун туманига 686, Музработ туманига 636, Шеробод туманига 606 та, Шўрчи туманига 602, Жарқўрғон туманига 571, Бандихон туманига 565 та, Ангор туманига 538, Қумқўрғон туманига 533, Узун туманига 488, Сариосиё туманига 486, Денов туманига 475, Олтинсой туманига 457 ва Қизириқ туманига 439 тадан тўғри келмоқда. Уларнинг 10 минг 248 таси 18 ёшгача болалар учун нафақа олишда, 7 минг 164 таси алимент ундиришда, 5 минг 312 таси  электр энергияси таъминотидаги узилишлар, 5 минг 4 таси муҳтожларга бир марталик моддий ёрдам, 4 минг 546 таси уй-жой билан таъминлаш масаласида мурожаат этди.  

Аҳоли яшаш масканларида ички йўлларни таъмирлаш ва қуриш, бандлик масаласини ечиш, фуқаролик ишлари бўйича суд ҳужжатлари устидан шикоят, даволанишга моддий ёрдам сўраш, уй-жойни таъмирлаш ва қуриш учун молиявий кўмак бериш каби масалаларда ҳам кўплаб мурожаатлар бўлди.  

Халқ билан барча даражадаги раҳбарлар ўртасида ўзаро мулоқот кўприги вазифасини ишончли бажараётган оммавий қабуллар воҳада аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини ўрганиб, ҳаётий муҳим бу масаланинг ечимини топишда ҳам ўз самарасини бермоқда. Бу жараёнда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг турар-жой масаласини ҳал этишга алоҳида аҳамият берилди. Масалан, ўтган йили боқувчисини йўқотган, ногиронлиги ва ота-онасидан маҳрум бўлганларга алоҳида эътибор қаратилиб, 100 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оила учун бюджет маблағларисиз, аҳоли учун қулай кредит шартлари асосида Термиз шаҳридаги Мангузар маҳалласида 1 квадрат метри 3 миллион  200 минг сўмдан қиймати 14 миллиард 725 миллион сўм бўлган кўп қаватли арзонлаштирилган уй-жой қуриб топширган эдик. Ихчам, барча шароитларга эга хонадонларнинг бошланғич тўлови учун 1 миллиард 500 миллион сўм маблағ тўлаб берилди. Муайян иш жойи бўлмаганларининг бандлиги таъминланди. Айни пайтда уларнинг барчаси янги уйларда ҳаётидан рози бўлиб яшамоқда. Бу ишни жорий йилда ҳам давом эттириб, уй-жойга мухтож хотин-қизларга Термиз шаҳридаги Мажнунтол маҳалласи ҳудудида ипотека кредити ажратиш орқали арзонлаштирилган 100 хонадонли уй-жой бунёд этилди. Яқин кунларда бу уйни ҳам ўз эгаларига топширамиз.  

Мазкур турар-жой биносини барпо этишда яна бир ҳолатга аҳамият бериб, тижорат банклари, ишчи гуруҳ ҳамда депутатлар “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари”да турувчи хотин-қизларнинг 78 нафарига хулосаси асосида вилоят Халқ депутатлари кенгашининг сессияси қарорлари билан банкларда очилган омонат ҳисоб-рақамларига 1 миллиард 936 миллион сўм бошланғич маблағи тўлаб берилди. Масалан, бир фарзанднинг онаси Нигина Давханова икки йил турмуш қуриб ажрашган. Термиз шаҳридаги Боғзор маҳалласида онаси билан яшайди. Фуқаронинг ипотека кредити асосида уй олиш учун бошланғич тўловига ҳомийлик ёрдами кўрсатишни сўраб қилган мурожаати ўрганиганида бир хонадонда уч оила яшаётгани маълум бўлди. Унинг яшаши ва оилавий шароити ишчи гуруҳ томонидан ўрганилгач, уйнинг бошланғич тўлови учун фуқаро Н.Давхановага йигирма саккиз миллион сўм ажратиб берилди.  

Давлатимиз раҳбари ғояси билан ташкил этилган очиқ мулоқотлар воҳанинг олис ва чекка ҳудудларида яшаётган аҳоли муаммоларига ечим топишга хизмат қилаётгани билан ҳам аҳамиятли бўлмоқда. Мисол учун, Бойсун тумани вилоятнинг тоғли ва чекка ҳудудларидан бири саналади. Бундан беш-олти йил муқаддам тоғлар орасидаги қишлоқлар аҳолисидан раҳбарлар “ҳолингиз не кечаяпти, нима муаммонгиз бор”, деб сўрашни ҳаёлига келтирмаган. Эндиликда катта-кичик раҳбарлар ана шундай олис қишлоқ одамларининг ҳам дарду-ташвишини тинглаб, улар ўртага ташлаётган масалаларни ҳал этмоқда. Жорий йилда Бойсун туманининг ўзида биргина йўл таъмири билан боғлиқ мурожаатларни ҳал этиш учун 90 километрдан ортиқ тупроқ йўл таъмирланиб, шағал ётқизилди. Бу билан олис ва тоғли ҳудудларда яшовчи аҳолининг ноқулай йўлларда юзага келадиган қийинчиликлари бартарф этилди.  

Келинг, гапимиз қуруқ бўлмаслиги учун битта мисол келтирайлик: Тоғли тумандаги Ўрта Мачай маҳалласининг Газа ва Хўжадияк қишлоқларида яшовчи аҳоли узоқ йиллар давомида бир неча километр масофадаги тупроқ ва лой йўллардан юриб асосий йўлга ўтишда қийинчиликларга дуч келишган. Газа қишлоғидаги 5 километр, Хўжадияк қишлоғидаги 4 километр масофадаги тупроқ йўлларнинг шағалланиши 200 дан ортиқ хонадонда яшовчи мингдан зиёд фуқаронинг йўл билан боғлиқ муаммоларини ҳал этди.  

Мавриди келганда шуни айтиш лозимки, айрим ҳолларда аҳоли муаммоли масаласи бўйича тегишли соҳа ташкилотининг ўзига бевосита бир неча марта мурожаат этиб ижобий натижа ололмаётган ҳолатларга ҳам дуч келинмоқда. Натижа бўлмагач улар Халқ қабулхонасига ёки сайёр қабулларда мурожаат этишга мажбур бўлаётир. Жумладан, Бойсун туманидаги Тўда маҳалласида яшовчи Рустам Ҳамидовнинг яшаш хонадони асосий электр тармоғидан 150 метр узоқликда жойлашгани ва хонадонига электр тармоғи тортилмаганлиги туфайли ушбу масалада туман электр тармоқлари корхонасига қилган мурожаатлари натижасиз қолган. Оқибатда унинг бизга қилган мурожаати Халқ қабулхонаси назоратига олиниб, фуқаронинг хонадонига электр тармоғи тортилиши ва электр энергиясидан баҳраманд бўлиши таъминланди. Косиблар маҳалласида яшовчи Темур Худойқулов сайёр қабулда имтиёзли кредит ажратилишида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати Халқ қабулхонасининг назоратида ўрганилиб, “Агробанк” АТБ Бойсун филиалидан иссиқхона қуриш учун 33 миллион сўм имтиёзли кредит олиб берилди. Чорчинор маҳалласида яшовчи Давлатбек  Эркиновнинг ногиронлик гуруҳини белгилаш, Хўжабулғон маҳалласида яшовчи Дилдора Эсанованинг фарзандини ногиронлик гуруҳига чиқариш бўйича қилган мурожаатлари Халқ қабулхонасининг назорати остида ўрганилиб, ижобий ҳал этилди.  Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.  

Халқимиз ўртага ташлаётган бундай масаларлар кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Бу муаммолар илдизи узоқ йилларга бориб тақалади. Бироқ, сўнгги йилларда одамларни ҳаётидан рози бўлиб яшашига қаратилаётган юксак эътибор аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратишда муҳим омил бўлмоқда. Зеро, ҳар бир мурожаат ортида инсон қадри турибди. Шунга мувофиқ, “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да вилоятда кўриб чиқилган аҳоли мурожаатларининг 126 минг 569 таси ёки 87,4 фоизи қаноатлантирилди. 18 минг 105 таси ёки 12,6 фоизага  тегишли тушунтириш берилди. Бундай улуғвор ишлар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Адолатли жамият ва тўкин, обод турмуш барпо этишга машаққатли меҳнат билан эришилаётганини халқимиз ҳам қалбан ҳис этиб турибди.  

Буларнинг барчаси “Инсон қадри учун”, деган эзгу ғоянинг амалдаги самараси ва жамиятимизда барчага бирдек меҳр-оқибат кўрсатилаётганининг ёрқин ифодасидир. Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни кириб келаётган Янги йил билан самимий табриклайман. Ватанимизга тинчлик, фидойи халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги улкан ишларига омад, соғлик, хонадонларига файзу–барака тилайман.  

 

Абдулҳаким Эшмуратов,  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири,  

Халқ депутатлари  

вилоят кенгаши депутати  

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар