2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
ОБОДЛИК САРИ ҚАДАМ

Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, жорий йилда мамлакатимизнинг ҳар бир туманида иккитадан қишлоқ ва маҳаллада қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Яна ҳам аниқроғи, бу йил юртимизда 368 та аҳоли пунктини обод ва кўркам гўшага айлантириш чоралари кўрилаётир.

Бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар натижасида йил охиригача 127 мингта уй-жой таъмирланади. Бир минг 900 километр ичимлик суви тармоғи тортилади, 850 та ижтимоий соҳа объекти, 2400 та савдо инфратузилмасини қуриш ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилади. Шунингдек, 440 километр йўл, 2 минг километр электр ҳамда 263 километр табиий газ тармоқлари таъмирдан чиқарилади, 330 дан ортиқ бекатни бунёд этиш, шунга мос равишда жамоат транспорти йўналишларини юзага келтириш билан боғлиқ ишлар олиб борилади. Умуман олганда, дастурни амалга ошириш учун 3 триллион 447 миллиард сўм маблағ сарфланади.

Келгуси йилдан бошлаб мамлакатимизнинг ҳар бир шаҳар ва туманида учтадан аҳоли пунктини дастур доирасида обод ва кўркам гўшаларга айлантириш режалаштирилган. Демак, одамлар турмуш маданиятини юксалтириш, ҳаётини фаровонлаштиришга хизмат қиладиган тадбирлар кўлами янада кенгайиб бораверади.

ЎЗГАРИШЛАРГА УЙҒУНМИЗ

Жиззах вилоятида ҳам «Обод қишлоқ» дастури ҳаётга изчиллик билан татбиқ этилмоқда. Биргина Мирзачўл тумани марказидаги Ғалаба, Мустақиллик, Мирзадала, Дўстлик, Ержар маҳаллаларини ўз ичига олувчи ҳудудда асрга татигулик ишлар бажарилмоқда десак муболаға бўлмайди. Жумладан, 177 та кўп қаватли уй тевараги ноқонуний иншоотлар ва чиқиндилардан холи этилиб, тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Намунавий лойиҳа асосида 233 та турар жой ҳамда 168 оилага мўлжалланган кўп қаватли уй қурилиши ҳам бугун-эрта якунланади.

Ҳозир ҳудуддаги бешта мактабгача таълим муассасаси, тўртта мактаб, туман тиббиёт бирлашмаси капитал таъмирдан чиқарилаётир, 250 ўринли марказий поликлиника қурилиши якунланиш арафасида, 51,4 километр сув, 11 километр табиий газ, 54,8 километр электр тармоқларини тортиш ишлари ниҳояланишига ҳам оз қолди. Йигирмадан ортиқ савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг асосий қисми фаолият бошлади. Кўчаларга 263 та ёритиш устуни ўрнатилиб, 690 квадрат метр жой кўкаламзорлаштирилди. Бундан ташқари, «Мирзачўлтекс», «Мирзачўл тикувчилик мажмуаси», «Мирзачўл мелиоратор», «Мирзачўл чорва комп­лекси» каби корхоналар ҳам дастур негизида барпо этилди.

«Обод қишлоқ» дастури уйғотган бунёдкорлик эпкинлари ҳудуддаги ички ишлар органларини ҳам четлаб ўтмади. Чунончи, туман ИИБ биноси капитал таъмирдан чиқарилиб, ходимларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун барча шароитлар яратилди. Хоналар мебель ва кондиционерлар билан таъминланди, иситиш тизими янгиланди. Худди шундай маънавият ва маърифат хонасига янги жиҳозлар, адабиётлар олинди. Вақтинча ҳибсда сақлаш хонаси ҳам замон талабларига мосланди.

Айтганча, ички ишлар бўлими биносининг кириш қисмида фуқароларни қабул қилиш учун қулай шароит яратилди. Яъни, келувчилар туман ИИБ бошлиғи ва бошқа масъул ходимлар билан бевосита учрашиш имконига эга бўлишди.

— Очиғи, кўп йиллардан буён туман ички ишлар бўлимида бундай ҳажмдаги ишлар бажарилмаган эди, — дейди туман ИИБ бошлиғининг ахборот-таҳлил ва ташкилий ишлар бўйича ёрдамчиси, капитан Мирзааҳмад Абдухалилов. — Ўз навбатида, ана шу имкониятларга муносиб бўлиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ҳар қачонгидан кўра ўзимизни масъул ҳисоблаяпмиз. «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга оширилаётган юмушлардан ҳам четда қолмаяпмиз. Чунончи, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар теварагидаги ноқонуний иншоотларни бартараф этиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб бордик. Қурилишлар жараёнида техника, ёнғин ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрдик.

 

ҲАММАСИ НАЗОРАТ ОСТИДА

Аҳоли яшаш шароитларининг яхшиланиши, янги иш ўринларининг яратилиши ва юз бераётган ўзгаришлар ҳудудда жиноятчиликнинг кескин қисқаришига сабаб бўлаётир. Масалан, Ғалаба маҳалласида жорий йилнинг ўтган даврида 8 та жиноят қайд этилган. 2017 йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 19 тани ташкил этган эди.

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши кураш тадбирларининг кучайтирилиши ҳамда «Обод қишлоқ» дастури доирасида 50 дан ортиқ видеокузатув ускуналарининг ўрнатилиши мазкур натижа омили, десак, адашмаймиз. Чунки ушбу камералар Мирзачўл тумани марказига элтувчи барча йўллар ҳамда асосий кўчаларни тўлиқ назорат қилиш имконини берди. Айни вақтда ҳудуддаги мактабгача таълим, ўрта умумтаълим ва ўрта махсус таълим муассасаларини видео­кузатув назоратига олиш чоралари кўрилмоқда. Бошқача айтганда, осо­йишталикни таъминлаш тадбирлари ҳудуд ўзгаришларига монанд тарзда амалга ошириляпти.

— Ўрнатилган чироқлар туфайли ҳамма кўчаларимиз кундузгидек чароғон, — дейди Ғалаба маҳалласида яшовчи Ҳабибулло Турдиев. — Илгари чиқинди уюмлари ва қўшимча иншоотлар сабаб кўп қаватли уйлар орасига кириб бўлмасди. Бугун ноқонуний бино ва чиқиндилар тўлиқ олинди. Ҳамма томонга кузатув камералари қўйилган. Шунданми, жиноятлар содир бўлмай қўйди. Илгари мавсумий ишлар билан шуғулланардим, турмуш ўртоғим ишсиз эди. Яқинда «Обод қишлоқ» дастури доирасида барпо қилинган чорвачилик комплексига ишга кирдим, турмуш ўртоғим «Мирзачўл тикувчилик мажмуаси» корхонасида ишлаяпти. Имтиёзли кредитга намунавий лойиҳа асосида қурилган уйлардан бирини арзонлаштирилган нархда беришди. Ҳаётимизда юз бераётган бу каби ўзгаришлар жиноятчиликнинг олдини олишга хизмат қилади, деб ўйлайман. Ишли одам бўлмағур юмушга қўл урармиди?

«Обод қишлоқ» дастури доирасида Ғалаба маҳалласи Ҳумоюн Мирзо кўчасида жойлашган туман ЁХБ 2-касбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми ҳам капитал таъмирдан чиқарилди. Чунончи, қисм ҳудуди девор билан ўралди. Алоқачилар хонаси, 20 ўринли ўқув хонаси, ётоқхона, ошхона таъмирланди, бино томи, эшик ва деразалар янгиланди, 10 кишилик ёзги ошхона ва душ қурилди.

— Шунингдек, қисмга тегишли иккита ёнғин ўчириш техникаси тўлиқ таъмирланиб, зарур қисмлари янгиланди, — дейди туман ЁХБ 2-касбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисми бошлиғи Зафар Намозов. — Ҳудудга асфальт ётқизилиб, ободонлаштирилди. Қисм ҳовлисида 60 туп мевали ва манзарали дарахтлар мавжуд бўлиб, қўшимча равишда 100 дона арча кўчати экдик.

 

ХАЛҚИМИЗГА ЯНАДА ЯҚИНЛАШДИК

Дарвоқе, туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи ҳам янги бинога кўчирилди. Ғалаба маҳалласининг Тараққиёт кўчасида жойлашган бинода барча шароитлар яратилди. Хусусан, кутиш хонасида ҳужжатлар намуналари ҳамда ИИВ «Ишонч телефони»(1102)га оид барча маълумотларни олиш мумкин. Шунингдек, келувчиларга мамлакатимиз қонунчилигида юз бераётган ўзгаришлар ва фуқаролик ҳужжатларини расмийлаштиришга доир видеороликлар намойиш этилади. Бу ерда мўъжаз кутубхона ва банк шохобчаси ҳам бор.

— Юртдошларимиз онлайн тарзда қабул учун навбатга ёзилиши мумкин, — дейди туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи бошлиғи, лейтенант Собир Маҳмудов. — Шу билан бирга, тўловларни онлайн тарзда тўлаш имкони ҳам мавжуд. Илгари гуруҳимиз туман ИИБда жойлашганди, бу айрим ноқулайлик­ларни туғдирарди. Ҳозир алоҳида жойдамиз, келувчилар тўғридан-тўғри биномизга кириш имконига эга, яъни халққа янада яқинлашдик.

Туман ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш гуруҳи биноси рўпарасида «Ғалаба» маҳалла фуқаролар йиғини, туман ИИБ ҲПБ 135-сонли таянч пункти ҳамда 3-сектори штабини ўзида жо қилган қилган иншоот жойлашган. Йигирма-ўттиз қадам нарида эса профилактика инспекторининг хизмат уйи қад ростлаган.

 

МУАММОЛАР БИРГАЛИКДА ҲАЛ ЭТИЛАДИ

— Хизмат хонамизда туриб 16 та видеокузатув ускунаси орқали тегиш­ли ҳудуднинг энг асосий қисми­ни назорат қилиш имконига эга бўлдик, — дейди туман ИИБ ҲПБ 135-сонли таянч пункти профилактика инспектори, майор Жамшид Норқулов. — Бу ускуналар нафақат жиноятларни «иссиқ изи»да фош этишда қўл келяпти, балки муҳим профилактик аҳамият ҳам касб этаётир. Яъни, ён-атроф кузатувда эканини сезган айрим фуқаролар ўзларини ножўя хатти-ҳаракатлардан тийишмоқда. Қолаверса, хизмат уйи ва автомашина билан таъминландик. Маҳалланинг ичидамиз, бирор воқеа юз берса, бир зумда етиб борамиз.

Ишнинг бундай тартибда йўлга қўйилиши профилактика инспектори хизмат фаолиятини осонлаштирди, қулайликлар яратди. Шу билан бирга, одамларнинг ички ишлар органлари ходимлари кўмагига таяниш имкониятини кенгайтирди.

— Дарҳақиқат, маҳалла фуқаролар йиғини, профилактика инспектори ва сектор раҳбари хоналарининг бир бинода жойлашуви ишимизни енгиллаштирди, — дейди «Ғалаба» маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Нурхон Чўтбоева. — Оилавий жанжалларни бартараф этиш, жиноятга мойил шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш, одамларни ишга жойлаштириш, кам таъминланганлар ҳолидан хабар олиш, кредит ажратилишига кўмаклашиш каби ишларни профилактика инспектори билан бирга ҳал қиляпмиз. Бу эса маҳалламизда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг кескин камайишига олиб келди. Ишонасизми, «Обод қишлоқ» дас­тури одамларимизни ўзгартириб юборди. Илгаригидек, бекор юрган одамларни кўрмайсиз. Кўпчилик ишли бўлган, ҳамма ҳаётини фаровонлаштиришга интиляпти. Бунинг учун мирзачўллик­лар давлатимиз раҳбаридан чексиз миннатдор.

Бугун қаердаки «Обод қишлоқ» дастури ҳаётга татбиқ этилаётган бўлса, ўша жой гуллаб-яшнаб, ўзига хос кўрк касб этмоқда. Кўнгилларни фахр-ифтихор, келажакка ишонч ҳислари тўлдираётир. Бу фикримизга заррача шубҳангиз бўлса, Мирзачўлга келинг, кўринг, завқланинг!

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар