2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Янгиҳаётликлар қандай муаммоларни кўтаришди?

Президент Халқ қабулхоналари томонидан Янгиҳаёт туманида ташкил қилинган оммавий қабулларда мурожаатчилар билан юзма-юз бўлиб, муаммоларни ўрганиш ва уларга ечим топиш, шу билан бирга, янги ташкил этилган туманни иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан ривожлантириш дастур ва режаларини белгилашда аҳоли муаммоларини акс эттириш юзасидан чора-тадбирларни белгилаш кун тартибидаги асосий масалалар бўлди.

Қабулларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий суд, Вазирлар Маҳкамаси, Тошкент шаҳар судлари ҳамда 20 дан зиёд вазирликлар, идора-ташкилотлар раҳбар ходимлари иштирок этди.

Оммавий мулоқотларда Олий суд ва тизим судьялари томонидан 130 та мурожаат кўриб чиқилди. 19 та мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш берилди. 49 та мурожаат ижобий ҳал этилди, 62 та мурожаат назоратга олинди.

Қабуллар жараёнида ташкил этилган сайёр суд мажлисларида 9 нафар шахснинг иши ҳар томонлама кўриб чиқилиб 5 нафар шахс жавобгарликдан озод этилди.

Янгиҳаёт туманида яшаб келаётган Раҳимжон Отауллаевга суд ҳукмига биноан икки йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлашдан маҳрум этилиб, унга нисбатан 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қўлланилган эди. Фуқаронинг енгиллик беришни сўраб қилган мурожаати, жазони ўташ даврида ўзини ҳар жиҳатдан муносиб тутгани инобатга олиниб, жиноят ишлари бўйича Янгиҳаёт тумани судининг қарори билан у шартли равишда ўталмай қолган 1 йил 3 ойлик жазосидан озод этилди.

Маълумки, пойтахт атрофида узумчилик ва боғдорчилик ширкатига қарашли дала ҳовлилар мавжуд. Йиллар давомида мазкур дала ҳовлиларда боғдорчилик билан шуғулланиш учун одамлар кўчиб кела бошлаган. Натижада бу ерларда муқим ўрнашиб қолишган. Одамлар томонидан ўзбошимчалик билан уй жойлар барпо этилиши натижасида ўз-ўзидан кўчалар, хонадонлар вужудга келган. Аммо кадастр ҳужжатларида дала ҳовли сифатида қайд этилиб қолаверган. 2011 йилда ҳукумат томонидан шу каби ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган дала ҳовлиларга амнистия эълон қилиниб, мулк ҳуқуқи беришга рухсат этилган. Бироқ, 6 та ана шундай ширкатга қарашли дала ҳовлилар қолиб кетган. Уларнинг бир қисми Қуйичирчиқ, Зангиота ва Бектемир туманлари ҳудудини эгаллаган. Айни пайтда Бектемир туманинг бир қисми Янгиҳаёт туманига ўтиши муносабати билан ширкатга қарашли дала ҳовлилар ҳам шаҳар ҳудудига киритилади. Бу ердаги ҳолат шундан иборатки, аҳоли пунктининг мақомига ҳалигача аниқлик киритилмаган. Ҳар бир қурилган хонадонларга мулк ҳуқуқи берилмаган ва кадастр ҳужжатлари қилинмаган. Ушбу ҳудудда яшовчи Умида Нишонбекова ушбу манзилда 390 та оилага мулк ҳуқуқи берилиши ва кадастр қилиниши, маҳалла маҳалла мақоми зарурлиги юзасидан Тошкент шаҳар халқ қабулхонаси мутасаддиларига мурожаат қилади. Мазкур масала «йўл харита»сига киритилиб, Вазирлар маҳкамасига ширкат ҳудуди ўрнида янги маҳалла барпо қилиш, оилаларга мулк ҳуқуқи бериш бўйича таклиф киритилди.

Оммавий мулоқотларда Бош прокуратура, шаҳар ва туман прокуратуралари 83 та мурожаатни кўриб чиқди. Туманнинг «Шоликор» мавзесида истиқомат қилувчи Муборак Раҳматова тақдир тақозоси билан қўшни давлат фуқаросига турмушга чиққан. Аммо ҳаёт экан, яна ўзи туғилиб ўсган юртига қайтган. Шундан буён орадан 25 йил вақт ўтди, бироқ ўз юрти фуқаролигини ололмасдан келаётган эди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан фуқаролик олишнинг соддалашгани Муборак Раҳматованинг орзулари рўёбга чиқишига сабаб бўлди. Юртдошимизнинг мурожаати Бош прокуратура мутасаддилари томонидан қабул қилиниб, ижобий ҳал қилинадиган бўлди.

Уч кунлик оммавий қабулларда соғлиқни сақлаш вазирлиги ва тизим идоралари томонидан 43 та мурожаат кўриб чиқилган бўлса, шундан 18 таси жойида ижобий ҳал этилди. Дейлик, «Бинокор» маҳалласида яшовчи Екатерина Сергееванинг 4 ёшли ўғли Артёмнинг оёғида туғма нуқсони бор. Шу боис, юришга қийналади. У чуқурлаштирилган тиббий кўрик ҳамда малакали муолажага муҳтож. Бола вазирлик йўлланмаси билан Республика болалар миллий марказига тиббий кўрик учун юбориладиган ва таҳлил натижаларига қараб, шу марказда даволанадиган бўлди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан 34 та мурожаат кўрилган бўлиб, шундан 19 таси жойида ҳал этилди. Хусусан, ногирон фарзандини ёлғиз боши билан катта қилиб келаётган Феруза Ғуломова шу пайтгача ишсиз эди. Оммавий қабулдаги мурожаатидан сўнг у «Аёллар дафтари»га киритилди, қарамоғида ногирон фарзанди борлиги инобатга олиниб, унга ўз уйида бандлигини таъминлаш учун шароит яратиб бериладиган бўлди. Аниқроғи, тикув машинаси олиб берилди, Феруза билан тикув корхонаси ўртасида шартнома тузилди. У буюртма асосида тикиш билан шуғулланади.

Гулзор маҳалласи аҳли номидан мурожаат қилган Абдумажид Қувондиқовнинг айтишича, маҳалла илгари Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ тумани тасарруфида бўлган. Ҳудудда намунавий лойиҳалар асосида янги турар-жойлар барпо қилинган, аммо инфратузилмани ривожлантириш эътибордан четда қолган. Айниқса, ўтган асрнинг ярмида қурилган мактаб таъмирталаблигидан ташқари, аҳоли сонининг ўсиши натижасида ўқувчиларни уч сменада ўқитиш учун ҳам торлик қилиб қолган. Мурожаат Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари томонидан қабул қилиниб, 2023 йилгача 650 ўринли янги мактаб биносини қуриш, ҳозир эса мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш учун мактабда капитал таъмирлаш ишлари бошланиши маълум қилинди.

«Бинокор» мавзесида истиқомат қилувчи Бекзод Мадаминов ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш мақсадида бизнес-режа тузиб, имтиёзли кредит олиш мақсадида кўплаб идораларнинг остонасидан ҳатлаган, аммо муроди ҳосил бўлмаган. Оммавий қабулда Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига мурожаати кўриб чиқилиб, муаммонинг нимада эканини аниқлаш мақсадида банк мутасаддиларига кўрсатма берилди ҳамда масаланинг фуқаро фойдасига ҳал этилгунига қадар иш назоратга олинди.

Оммавий қабул жараёнларида мутасаддиларга миннатдорлик билдириш учун атайин келган юртдошларимиз ҳам кўп бўлди. Мисол учун, «Бинокор» маҳалласида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар маҳалласидаги болалар боғчаси яқин-яқингача ўта абгор, ҳеч қандай шароит йўқ бўлгани, мурожаатчилардан бири Шоҳида Алимованинг аввалги оммавий қабулларда мактабгача таълим вазирлиги мутасаддиларига мурожаатидан сўнг масала Халқ қабулхонаси назоратига олингани, жойига чиқиб ўрганилгач, «йўл харита»сига киритилиб, инвестиция дастури асосида тубдан таъмирланганини билдиришди. Бундан, табиийки, маҳалла аҳли мамнун.

Янгиҳаёт туманидаги оммавий қабулларда фуқаролар томонидан жами 884 та масала кўтарилган бўлса, уларнинг 139 тасига жойида ечим топилди, 87 та мурожаат эгасига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, 658 та масала назоратга олинди.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундиришИшонч телефони5 Июнь 202117 Июнь 2021Андижон вилояти

Фойдали ресурслар