2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Фирибгарлик ҳолатлари йил сайин кўпаймоқда

Ҳақиқатнинг юзи ёруғ, қўли узун бўлса, адолатнинг катта-кичиги бўлмайди. Асрлар синовидан ўтган бу қойим ҳақиқатлар Президент Халқ қабулхоналарининг Самарқанд шаҳри, Оқдарё, Каттақўрғон ва Тойлоқ туманларида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил қилган оммавий қабулларида атрофлича ўрганилиб, қонуний ҳал этилган мурожаатларда ҳам ўз ифодасини топди.

Уч кунлик очиқ-жонли мулоқотларда Олий суд масъуллари вилоят, туман-шаҳарлар судлари билан бирга 825 та масалани кўриб чиқди, уларнинг 394 таси жойида ҳал қилинди. Мурожаатлар асосида жиноят ишлари бўйича Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳар, Самарқанд, Пастдарғом, Иштихон, Оқдарё, Паяриқ, Қўшработ, Каттақўрғон, Нарпай, Пахтачи, Булунғур ва Тойлоқ туман судларида 121 нафар шахснинг ишлари кўриб чиқилиб, уларнинг барчаси ўталмай қолган жазодан муддатидан олдин шартли озод этилди.

Бир мисол – тайлоқлик Э.Баҳронов 2017 йил кузида Туркияга ишлашга кетади. Унга чет элга чиқиш учун 2019 йил 31 июль кунига қадар рухсатнома-стикер берилган бўлса-да, бу йигит 2020 йил 13 мартга қадар Истанбулда қолиб кетади. Камига бу орада унга Туркияда вақтинчалик бўлиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат муддати ҳам 2019 йил 30 ноябрда тугайди. 

Бу муддатни яна узайтириш учун эса Элдор Туркия чегарасидан бир чиқиб қайта кириши, лекин бунинг учун аввало мамлакатимизга келиб чет элга чиқиш учун рухсатнома-стикерини янгилаши лозим эди. Элдор эса бу тартибга риоя қилмай, 2019 йил 1 декабрь куни Озарбайжоннинг Боку шаҳрига бориб, аэропортнинг ўзидан яна Истанбулга қайтиб келади. 

Айни шу хато 2020 йил 14 мартда Самарқандга қайтган Элдорга қимматга тушади. «Самарқанд» халқаро аэропортида чегара назорати ходимлари бу қонунбузарликни аниқлаб, тегишли тартибда расмийлаштиради. 

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди 2020 йил 18 августда бу ишни кўриб чиқиб, Элдор Баҳроновга 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлайди. Бу йигит 18 ойлик жазонинг ярмидан кўпини тартиб-интизом билан ўтади, шу даврда у белгиланган қоидаларга қатъий амал қилди, қонун чизиғини бошқа босиб ўтмади. 

Шу боис ҳам Тойлоқ тумани ички ишлар бўлими тақдимномаси асосида жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман суди бу ишни кўриб чиқиб, Элдор Баҳроновни ўталмай қолган жазодан шартли равишда озод этди.

Маъмурий ишлар бўйича судлар томонидан 27 та ариза қаноатлантирилди. 93 та тадбиркорлик субъекти етказилган моддий зарарни ихтиёрий қоплагани учун уларга нисбатан қўзғатилган маъмурий ишлар тугатилди, сайёр суд мажлисларида 2 та иқтисодий иш кўрилиб, тадбиркорлар фойдасига ҳал қилинди. 

Дейлик, пахтачилик тадбиркор Аъзам Мустафоев 2018 йилда муқобил машина трактор паркига тегишли эски, таъмирталаб бинони ижарага олиб, қарийб 600 миллион сўм сарфлаб таъмирлайди, Хитойдан замонавий тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар олиб келади. 

Натижада бинойидек хусусий клиника иш бошлайди. Лекин орада бу мулкнинг туман ҳокимлиги балансига қайтарилиб, кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилганидан тадбиркор бехабар қолади. 2020 йил 9 октябрда Мажбурий ижро бюроси бу мулкни электрон аукцион савдосига чиқаргач, тадбиркор сарфлаган маблағининг сўровини бошлайди. 

Аъзам Мустафоевнинг оммавий қабулдаги мурожаатидан сўнг Каттақўрғон туманлараро иқтисодий суди бу ишни кўриб чиқиб, тадбиркорнинг ҳуқуқларини тиклади: мазкур мулк ижарачининг харажатлари инобатга олинмасдан сотилгани учун Мажбурий ижро бюроси Пахтачи тумани бўлимининг қарори ҳақиқий эмас, деб топилди. Энди тадбиркор истаса, аукционда қатнашиб, бу мулкни сотиб олади, агар бошқа шахс бу мулкни харид қилса, унда Аъзам Мустафоевга қилган харажатларини қоплаб беради.

Бундан ташқари, алимент ундириш бўйича 88 та суд буйруғи чиқарилди, 23 та мурожаат юзасидан юридик фактлар белгиланди, 9 та оила яраштирилди. Дейлик, оқдарёлик Анвархон Саъдуллаев вафот этган онаси Мунаввар Саъдуллаеванинг туғилганлик вақти билан боғлиқ юридик фактни белгилаш масаласида мурожаат қилди. Бу – мерос ҳужжатларини расмийлаштириш учун зарур. 

Суд иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, гувоҳларни тинглаб, марҳум Мунаввар Саъдуллаеванинг 1930 йил 15 июлда Оқдарё тумани Қозоқхўжа қишлоғида туғилганлик фактини белгилаш бўйича қарор чиқарди.

Қабулларда 124 та даъво аризаси биринчи инстанция судининг иш юритувига, 76 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилинди.

Умумлаштириб айтганда, Самарқанд вилоятида суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича ташкил қилинган уч кунлик очиқ-жонли мулоқотларда 1 минг 609 та масала кўриб чиқилган бўлса, уларнинг 466 таси жойида ҳал қилинди, 363 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат, 195 та мурожаат эгасига тушунтириш берилди, 585 та мурожаат эса назоратга олинди.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундиришИшонч телефони5 Июнь 202117 Июнь 2021Андижон вилояти

Фойдали ресурслар