2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Асосий мақсад одамлар дардини тинглаш, муаммоларига ечим топиш

Мазкур эзгу мақсад Қашқадарё вилоятида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ўтказилган оммавий қабулларда Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги вакиллари ва бошқа мутасаддиларни бирлаштирди.

Президент халқ қабулхонаси ташаббуси билан ташкил этилган оммавий қабул Қарши шаҳридан бошланди. Олий суд масъуллари 143 та масаланинг 23 тасини жойида ҳал қилиб берди. Мурожаатлар асосида Қарши шаҳридаги жазони ижро этиш колониясида ўтказилган суд мажлисида 33 нафар маҳкумнинг иши қайта кўриб чиқилди. Албатта, уларнинг барчаси айбини тан олган, шунга мос белгиланган жазонинг маълум қисмини ўтаган, қилмишига минг пушаймон бўлиб ҳаётини ўнглаб олиш учун яна бир имкон сўраганлардир. Суд мажлисида ҳар бир маҳкум иши батафсил кўриб чиқилгач, 7 нафар маҳкум жазодан муддатидан олдин шартли озод қилинди, 5 нафар маҳкумнинг ўталмаган жазо муддати енгилроғи билан алмаштирилди.

Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманида яшаган Сирож Эшмуродов ҳам қонунни бузгани учун ҳақли жазо олганини, панжара ортида ўтган ҳар бир куни бой берилган йилларга тенг эканини, шу даврда осуда ҳаётнинг, оиласининг, ота-онасининг, тўғри умр кечириш бахтининг қадрига етганини таъкидлади.

Жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди ташкил қилган суд мажлисида ҳам худди шундай билиб-билмай жиноят йўлига кирган,  тузалиш йўлига қатъий аҳд қилиб, тўғри ҳаёт кечириш учун яна бир бор имкон  сўраган 12 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин шартли озод қилинди.  

Қаршилик Ҳусан Тўраев ҳам 2019 йилда панжара ортида жазо ўтаётганда, унга имкон берилиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган эди. Шу даврда у белгиланган қоидаларга қатъий амал қилди, қонун чизиғини бошқа босиб ўтмади. Бир берилган имконнинг қадрига етган инсонга яна енгилликлар келиши, мана, бугун унинг ҳаётида ҳам ўз исботини топди. Ҳусан Тўраевнинг мурожаатидан сўнг Қарши туман ички ишлар бўлими пробация бўлинмаси тақдимномасига асосан у ўталиши керак бўлган 1 йилу 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан шартли равишда озод қилинди.  

Мулоқотлар давомида томонлар ярашгани муносабати билан 5 нафар мурожаатчи маъмурий жавобгарликдан озод қилинди. Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди эса 20 нафар шахсга нисбатан алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқариб берди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар яраштирилди.

Қарши шаҳридаги мулоқотларда иши энг юқори инстанция судида кўрилиши керак бўлган 31 нафар мурожаатчи ўз аризасини Олий суд масъуллари қўлига бевосита топшириш, бу борада ўзларини ўйлантираётган ҳар бир саволига батафсил жавоб олиш имконига эга бўлди.  

Миришкорлик Бобир Маҳманазаров муқаддам ҳарбий қисмда ишлаган, шу йиллар ичида  унинг дипломи сохта деб топилиб, жиноий иш қўзғатилган. Ушбу ҳолат юзасидан берган шикояти кўриб чиқилиб, суд унга оқлов ҳукми чиқарган, аммо ҳарбий прокуратура протест киритиб, оқлов ҳукмини бекор қилган. Мурожаатидан сўнг унинг шикояти Олий судда кассация тартибида кўриб чиқиладиган бўлди. Қаршилик Ҳусниддин Тоштемиров эса банк ходими билан ўзаро келишмовчилиги судлашишгача етиб борганини, қуйи инстанция судлари эса ишни бир тарафлама кўрган, деб ҳисоблашини айтди. Олий суд масъуллари унинг ҳам аризасини юқори инстанция судида кўриш учун қабул қилди.

Суд-ҳуқуқ масалалари бўйича икки даврали қабуллар ўтказилаётгани самарасида бу йўналишдаги ариза-шикоятларда камайиш тенденцияси кузатилаётгани билан бирга, аввалги мулоқотлар натижасида иши ҳал бўлгани учун бир оғиз раҳмат айтиш учун келаётган мурожаатчилар сафи ҳам кенгайиб бормоқда. Қарши шаҳридаги “Саноат Акмал Асси” хусусий корхонаси раҳбари Акмал Алиқуловни ҳам аввалги оммавий қабулда учратганимизда, ҳаётдан буткул норози эди. Сабаби – унинг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиниб, бузилишга тушган бино иншоотлари эвазига ҳеч нарса берилмаган эди. Тадбиркор ўтган гал қабулга келди, мурожаат қилди, шу асосда унинг аризаси шу йил 28 май куни Қарши туманлараро иқтисодий судида кўрилди. Натижада суднинг ҳал қилув қарори билан Қарши шаҳар ҳокимлиги зиммасига тадбиркорнинг бузилган мулки ўрнига Қарши шаҳар Табассум маҳалласидан 40 квадрат метр ер ажратиб бериш мажбурияти юклатилди. Тадбиркор эса мана Олий суд масъулларига очиқ чеҳра билан юзланиб, адолат қарор топтириб берилгани учун раҳмат айтди.

Шу куни Ички ишлар вазирлиги масъуллари билан мулоқотлардан сўнг ҳам 6 нафар мурожаатчи мазкур соҳага ишга қабул қилинди. Дейлик, китоблик Азамат Худойназаров Тошкент давлат темир йўллар институтини тамомлаб, ички ишлар тизимида ишлашни орзу қиларди. Унинг орзуси шу қабулда ушалди – мурожаатидан сўнг Азамат ички ишлар профилактика инспектори ёрдамчиси вазифасига ишга олинди.

Вазирлик масъулларига паспорт-прописка масаласида мурожаат қилган бир қатор шахсларнинг ҳам шу ерда иши битди. Мулоқотлардан сўнг қаршилик уй-жойсиз Гулноз Нурматова марҳум онасининг уйига доимий рўйхатга қўйилди. 2013 йилда Наманган вилоятидан кўчиб келган Умида Мамажонова эса ижара уйига прописка қилиб берилди.

Бош прокуратура масъулларига ажратилган шўъба ҳам анчайин гавжум бўлди. Масалалар турфа, тақдирлар ўзига хос, бироқ мурожаатчилар қалбидаги туйғу ягона – қонун устуворлиги таъминланишига, адолат ва ҳақиқат қарор топишига ишонч. Қаршилик Насиба Маматқулова ҳам болаларининг ҳалол ҳаққи – бир неча ойдан буён тўланмаган алимент пулларини ундириб беришни сўраб қабулга келди. Мурожаатидан сўнг Мажбурий ижро бюроси ходимлари бу масалани шу ерда ҳал қилиб берди.

Бир неча йиллар Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг маҳаллий кенгашларида турли вазифаларда ишлаган косонлик Лазиза Аллаёрова ва Қарши туманилик Марҳабо Раупова туғруқ таътилида бўлган пайтида ишдан бўшатилган. Бу масала суд тартибида кўрилган, суд қарорида уларни ишдан бўшатиш тўғрисидаги қарор ноқонуний деб топилган ва уларни ўз вазифасига ишга тиклаш белгиланган. Бироқ улар ишлаган лавозим штати қисқартиришга тушиб тугатилгани боис суд қарорини ижро қилишнинг имкони бўлмаяпти. Мурожаатларидан сўнг вилоят прокуратурасига бу икки аёлни мутахассислиги бўйича зудлик билан ишга жойлаштириш бўйича қатъий топшириқ берилди.

Қарши шаҳри “Пахтазор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Барно Қувондиқова эса кўпнинг муаммоси билан келди. Гап шундаки, улар яшаётган кўп қаватли уй-жойлар олдида болалар майдончаси йўқ. Ваҳоланки, бу ҳудудда бўш жой бор, болалар майдончаси қуриб берадиган ҳомий тадбиркор ҳам бор. Аммо хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати бунга, негадир, унча ҳам рўйхўшлик бермаётир. Вилоят 2-сектори раҳбари бу масалани жойига чиқиб ўрганадиган ва ижобий ҳал қилиб берадиган бўлди.

Қабуллар жараёнида Қарши шаҳридаги Халқ қабулхонаси ва 2-секторга ўз-ўзини банд қилиш масаласида мурожаат қилган хотин-қизлардан бир гуруҳига тикув машинаси, компьютер жамланмаси ва иш қуроллари олиб берилди.

Умумлаштириб айтганда, асосан Қарши шаҳри, Касби, Миришкор ва Қарши туманлари аҳолиси учун ташкил қилинган оммавий қабулда 343 нафар мурожаатчининг 390 та масаласи кўриб чиқилди. Уларнинг 59 таси жойида ҳал қилинди, 158 та мурожаат эгасига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, 173 та масала эса назоратга олинди.

Бундай оммавий қабуллар Шаҳрисабз ва Ғузор туманларида ҳам ўтказилди.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар