2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Ҳаётимизни ўзгартириш, дунё бозорида ўрнимизни топиш учун манфаат берадиган ишни қилиш керак

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ҳамда аввал берилган топшириқлар ижроси билан танишиш ва истиқболдаги режаларни белгилаб олиш мақсадида 1 июнь куни Сурхондарё вилоятига келди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифини Шеробод туманидан бошлади. Бу ерда Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси билан ҳамкорликда қуёш фотоэлектр станцияси қурилишига тамал тоши қўйиш маросими бўлди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят фаоллари, нуронийлар, ёшлар, видеоконференц-алоқа орқали Осиё тараққиёт банки ва Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси раҳбарияти иштирок этди.

Мамлакатимизда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг электр энергиясига тобора ўсиб бораётган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида кўплаб энергия иншоотлари барпо этилмоқда. Хусусан, қуёш энергиясидан фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқдаки, бу анъанавий энергия ресурслари чекланган бугунги шароитда ва келажакда муҳим ўрин тутади.

Жорий йилда Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar», Франциянинг «Total Eren» компаниялари томонидан Навоий ва Самарқандда ҳар бирининг қуввати 100 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилади.

Шундай замонавий станциялардан бирини Шеробод туманида қуриш бўйича тендер эълон қилинган эди. Тендер савдоларини ўтказишда Осиё тараққиёт банки техник ва молиявий маслаҳатлари билан иштирок этди.

Лойиҳани амалга оширишга 50 дан ортиқ халқаро компания қизиқиш билдирди. Икки босқичли танловдан сўнг, Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси энг арзон тариф таклиф этиб, ғолиб бўлди.

Лойиҳа доирасида мазкур компания томонидан 601 гектар майдонда қуввати 457 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилади. Шунингдек, 220 кВт кучланишли янги нимстанция ва “Сурхон” нимстанциясига уланиш учун 52 километрлик электр узатиш тармоғи барпо этилади.

Лойиҳани амалга ошириш учун “Masdar” компанияси 260 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилади. Станциянинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 1,04 миллиард кВт/соатни ташкил этади. Натижада йилига 340 миллион куб метр табиий газ тежалиб, 300 минг хонадон электр энергияси билан таъминланади.

Фотоэлектр станцияси қурилишида минг киши, битганидан кейин 120 нафар мутахассис ишлайди. Воҳадаги йирик иншоотни 2023 йил август ойида ишга тушириш режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда тежамкор ва экологик хавфсиз иқтисодиётни таъминлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

– Бу фотоэлектр станцияси Сурхондарё вилояти иқтисодиёти учун катта имконият. Ҳар бир киловатт-соат электр энергиясини 1,8 цент нархида сотиб олиш имконияти пайдо бўлиб, бу мамлакатимиз иқтисодиёти учун жуда катта ютуқ ва аҳолига енгилликдир. Умуман олганда, ушбу станциянинг барпо этилиши, унда ишлаб чиқариладиган электр энергияси ва янги инфратузилмалар вилоятнинг комплекс ривожланиши учун катта туртки бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

– Ушбу янги лойиҳанинг бошланишига бағишланган тадбирга таклиф этганингиздан қувончим чексиз. Осиё тараққиёт банки номидан шахсан Сизни, Жаноб Президент, қолаверса, Ўзбекистон халқини келажакка қўйилган яна бир қадам билан чин қалбимдан табриклайман. Сизнинг раҳбарлигингизда ўтган икки йил давомида давлат-хусусий шериклик асосида жуда катта лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, қайта тикланувчи энергия соҳасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ҳукумати бизнинг лойиҳаларимиз асосида инвестицияларни жалб қилаётганидан мамнунмиз. Шерободдаги лойиҳа қуёш нуридан электр энергияси ишлаб чиқаришда Марказий Осиёдаги энг йирик лойиҳа бўлади. Бу қувват энг аввало экологик тоза, тежамкор ва барқарор манбага эга. Бу муваффақият асосида Ўзбекистон ҳукумати, Осиё тараққиёт банки ва хусусий секторнинг ҳамкорлиги ётибди, – деди Осиё тараққиёт банки вице-президенти Ашок Лаваса.

– Бирлашган Араб Амирликларининг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги ва дўстона муносабатлари кенгайиб бормоқда. Бу иқтисодиёт ва аҳоли ҳаётининг жуда кўп соҳаларига ижобий таъсир қилишига ишончимиз комил. “Masdar” компанияси ҳозирги кунгача қайта тикланувчи энергия соҳасида 30 дан ортиқ мамлакатга инвестициялар киритган ва уларни умумий ҳажми 20 миллиард АҚШ долларидан ошади. Бу лойиҳаларнинг умумий электр қуввати 11 гегаваттдан зиёдни ташкил қилади. Ўзбекистон 2030 йилгача бугун электр энергиянинг 25 фоизини қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобидан ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Бу улкан марраларга эришишда биз ҳам иштирок этаётганимиздан хурсандмиз, – деди БАА энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий.

Шундан сўнг Шеробод қуёш фотоэлектр станциясининг барпо этилажак қувватлари ва унинг вилоят иқтисодиётига келтирадиган фойдаси ҳақида видеоролик намойиш қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши муносабати билан унинг пойдеворига капсула қўйди.

Тантанали маросимда сўзга чиққан сурхондарёлик нуронийлар давлатимиз раҳбари бошчилигида вилоятда амалга оширилаётган улкан ишлар одамлар ҳаётини ўзгартираётганини, жумладан, янги электр станцияси барпо этилиши билан янги ишлаб чиқариш қувватлари сони кўпайиб, одамлар рўзғорига даромад олиб келишини таъкидладилар.

Лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати томонидан Осиё тараққиёт банки кўмагида амалга оширилаётган умумий қуввати 1 ГВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш дастурининг бир қисми ҳисобланади.

Шунингдек, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қуввати 200 мегаваттдан бўлган қуёш фотоэлектр станциялари, Қорақалпоғистоннинг Беруний ва Қораўзак туманларида қуввати 100 мегаватли шамол электр станцияси, Бухоро ва Навоийда умумий қуввати бир ярим минг мегаватт бўлган 3 та шамол электр станциясини қуриш бўйича келишувлар имзоланган.

2030 йилга бориб, мамлакатимизда қуёш электр станциялари қувватини 5 минг, шамол электр станцияларини 3 минг ва гидроэлектр станциялар қувватини 4 минг мегаваттга етказиш мақсад қилинган.

Ташриф давомида Президентимиз «Сардорбек Султонбек» масъулияти чекланган жамияти томонидан Шеробод туманининг Бўстон маҳалласида ташкил этилган анорзорни кўздан кечирди.

Давлатимиз раҳбари иқтисодий комплекс олдига вазифа қўяр экан, ҳар бир ҳудуднинг хусусиятларидан келиб чиқиб лойиҳа қилиш, «ўсиш нуқталари»ни топиб, ривожлантириш зарурлигини таъкидлайди.

Сурхондарё вилоятининг шундай йўналишларидан бири – анорчилик. Айниқса, Шерободнинг анорлари катта, мазали, ҳосилдор бўлади. Шу боис унинг бозори чаққон, довруғи чет элларгача кетган. Бу тадбиркорлар учун катта имконият, аҳоли учун даромад манбаи бўлаётир. Туманда 48 та маҳалланинг 33 таси анор етиштиришга ихтисослашган.

Президент кенг майдонда бир текис ривожланаётган анор боғини кўздан кечирди.

43 гектар ерда 30 минг донадан зиёд анор экилган. Қозоқи навли  анорнинг бир донаси 1 килограммдан зиёд тош босиши мумкин. Кўчатлар бу йилдан ҳосилга кирди. Йилига минг тоннадан зиёд маҳсулот олиш мўлжалланган.

– Ўтиш даври – кураш даври. Ҳаётимизни ўзгартириш, дунё бозорида ўрнимизни топиш учун курашишимиз, манфаат берадиган ишни қилишимиз керак. Асосий мақсадимиз – оилаларнинг даромадини кўпайтириш. Ўзи меҳнат қилиб, натижага эришган оила баракали бўлади, соғлиғига қарайди, фарзандларини яхши ўқитади. Билимли болалар келажакда ўз йўлини топиб олади, – деди Президент.

Шу ерда Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали тадқиқотчилари билан мулоқот бўлди.

– Бизда анорчилик бўйича анъана бор, лекин илм йўқ, китоб йўқ, лаборатория йўқ. Анор жайдари усулда етиштириляпти. Касалликдан ҳимоя қилишни ҳамма ҳам билмайди. Энг катта нарса – нав керак. Кейин шу навни хонадонларга киргизиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Сурхондарёда қишлоқ хўжалигини инновацион йўналтириш бўйича институт ташкил этиш, анор билан бирга лимон, хурмо етиштиришни кўпайтириш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари туманнинг Каттабоғ маҳалласида анорчилик билан шуғулланаётган Абдураҳмон Каримов хонадонида ҳам бўлиб, аҳоли турмуши ва томорқалардан фойдаланиш ҳолати билан танишди. Маҳалла аҳли, нуронийлар билан самимий суҳбат бўлди.

Туманда 5 мингдан зиёд аҳоли анор етиштириш билан шуғулланиб, ундан катта даромад топаётгани айтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Шеробод туманидаги замонавий иссиқхонани кўздан кечирди.

«Шеробод агро импекс» масъулияти чекланган жамиятига қарашли мазкур мажмуа ўтган йили ишга туширилган. 29 гектарлик иссиқхонада помидор, бодринг, булғор қалампири, бақлажон каби бозорбоп маҳсулотлар етиштирилаётир. Шундан 10 гектари гидропоника усулида.

Иссиқхона учун жиҳоз ва асбоб-ускуналар Жанубий Корея давлатидан келтирилган. 200 та иш ўрни яратилган.

Ўртача 1 гектардан 100 тонна маҳсулот етиштириш режалаштирилган.

Маълумки, гидропоника – бу ўсимликларни сунъий муҳитда тупроқсиз етиштириш усулидир. Ўсимликлар озуқани илдизларини ўраб турган эритмадан олади.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги салоҳиятини янада ошириш мақсадида барча ҳудудларда ташкил этилаётган гидропоника усулидаги иссиқхоналар яхши самара бераётир. Ихчам ва самарадор бундай иссиқхоналар юқори сифатли полиз маҳсулотлари етиштириш, минглаб иш ўринлари яратиш имконини яратмоқда.

Гидропоника типидаги иссиқхонанинг яна бир афзаллиги шундаки, махсус унумдор ерга зарурат йўқ. Тўлиқ автоматлаштирилган назорат тизими билан бошқарилади. Жойдан максимал даражада фойдаланиш имконияти бор. Маҳсулот етиштириш учун сарфланган энергия ресурслари анча арзон. Тежамкор усулда суғориш ва озиқлантириш тизими мавжуд. Ёритиш ва суғориш учун махсус қуёш панелларидан фойдаланиш мумкин.

Маҳсулот ҳажмини кўпайтириш орқали унинг таннархини арзонлаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Бу ерда «Шеробод анор импекс» корхонаси ҳам ташкил этилган. 5 миллион долларлик мазкур лойиҳа натижасида анорни қадоқлаш ва қайта ишлаш йўлга қўйилган. Ускуналар Жанубий Корея ва Словениядан келтирилган.

Анор бўлмаган пайтда корхона тўхтаб қолмайди. Мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини саралаб, бозорга чиқаради.

Корхона 6 минг тонна қадоқлаш, 2 минг тонна анор шарбати ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда 70 киши иш билан таъминланган.

Анор меваси аҳоли ва боғдорчилик хўжаликларидан сотиб олинади. Шеробод туманида бир йилда қарийб 30 минг тонна анор етиштирилади. Шундан 8 минг тоннаси экспортга чиқарилмоқда.

Яқингача туманда 2 минг 400 гектар анорзор бор эди. Жорий йилда ҳосилдорлиги паст бўлган 3 минг гектардан зиёд пахта ва ғалла майдонлари ўрнида фермер хўжаликлари ва тадбиркорлар томонидан анор боғлари ташкил этилди. Бунинг натижасида қўшимча 3 мингта янги иш ўрни яратилди. Уч йилдан кейин бу янги кўчатлардан 18 минг тонна ҳосил олиш мумкин. Унинг 8 минг тоннаси қайта ишланиши ва 10 минг тоннаси экспорт қилиниши режалаштирилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Ангор туманидаги “Ангор Сурхон ғурури” кластерида бўлиб, ғалла ва ғўза ривожини кўздан кечирди.

Кластернинг умумий ер майдони 11 минг гектардан зиёд. Мавжуд майдоннинг 4 минг 870 гектарида ғалла етиштирилмоқда. Бу йил Россия Федерациясидан касалликларга чидамли ғалла навлари келтириб экилган. Гектарига 80 центнердан ҳосил олиш кутиляпти.

Кластерда сабзавот ва дуккакли экинлар ҳам парваришланмоқда. Мингга яқин кишининг бандлиги таъминланган.

Давлатимиз раҳбари ҳосили пишиб етилган кенг майдонда комбайнни бошқариб, ғалла ўрди.

Президент Шавкат Мирзиёев Термиз туманидаги «Айритом» чегара божхона постини бориб кўрди.

Маълумки, бу иншоот Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги ягона ўтказиш пунктидир. Мамлакатимизнинг Афғонистон, умуман, Жанубий Осиё давлатлари билан савдо-иқтисодий алоқалари жадал ривожланмоқда. Мазкур божхона пости шунга яраша замонавий қилиб қайта қурилди. Ўзбекистондан чиқиш ва Афғонистон томондан юртимизга кириш йўналишида паспорт назорати ва божхона кўриги заллари барпо этилди.

Давлатимиз раҳбари ушбу янги мажмуаларда яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Чегара божхона пости «Рақамли Ўзбекистон – 2030» дастури доирасида энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Масалан, «Z-Portal» русумли кўрик мажмуаси автотранспорт воситаларини уч томондан суратга олиш имкониятига эга. Шунингдек, унда радиация миқдори минимал бўлиб, ҳайдовчи машинадан тушмасдан хизматлардан фойдаланиши мумкин. Бу бир соатда 200 тагача автотранспортни ўтказиш имконини беради. Юртимиздаги бошқа божхона постларида бундай қувват соатига 20 та. Умуман, чегара божхона постида бир кеча-кундузда 2 минг нафаргача йўловчига хизмат кўрсатилиши мумкин.

– Бугунги ҳаётимизга бу маъқул. Лекин дунё соат сайин ўзгармоқда. Энди янги поғонага чиқиш керак. Бу ерда ситуацион марказ билан бирга таҳлил маркази ҳам бўлиши зарур. Иқтисодий манфаатдорликни ошириш ва хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича янги таклифлар бериб бориш керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Яна бир ўзига хос жиҳати, «Айритом» чегара божхона пости универсал бўлиб,  бирйўла уч хил – поезд, автотранспорт ва фуқароларга хизмат кўрсатилади. Шу боис, ўтказувчанликни тезлаштириш ва фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида ягона дарча тамойили жорий этилган. Хавфсизликни таъминлаш учун «Adani» ва «Rapiscan» русумли қурилмалар, видеокузатув тизими ўрнатилган.

Давлатимиз раҳбари шу ерда оммавий ахборот воситалари вакилларига интервью берди.

"Айритом" чегара божхона пости ёнида Термиз халқаро савдо маркази барпо этилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев мазкур халқаро савдо маркази бош режаси асосида амалга ошириладиган ишлар билан ҳам танишди.

 Ушбу марказ учун Термиз туманидан 26 гектар майдон ажратилган. Умумий қиймати 75 миллион доллар бўлган марказда маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш мажмуалари қурилиб, савдо хизматлари йўлга қўйилади. Зарур инфратузилма тармоқлари барпо этилади.

Лойиҳага кўра, бу ерда 1 минг 800 та савдо нуқтаси, логистика маркази, 400 ўринли иккита меҳмонхона, шифохоналар, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахоналари бўлиши мўлжалланган. Корпусларнинг биринчи қаватида савдо нуқталари, иккинчи қаватида енгил ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш кўзда тутилган.

Халқаро савдо марказининг йиллик савдо айланмаси 500 миллион доллар, хизматлар ҳажми 10 миллион доллар бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. 192 миллион долларлик экспорт қуввати пайдо бўлади.

Марказнинг қурилиш ишларини бошлаш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 10 миллион доллар ажратилди.

Давлатимиз раҳбари марказ биноларини енгил конструкциялардан қуриш, вилоят тадбиркорларини бу ерда ишлашга ва экспорт фаолиятига жалб қилиш, чет эллик ишбилармонлар учун барча қулайликлар яратиш юзасидан кўрсатмалар берди. Бу ердаги тажриба асосида, кейинчалик, бошқа қўшни давлатлар билан чегара ҳудудларда ҳам шундай савдо марказлари ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Термиз халқаро савдо марказини 2022 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари Термиз шаҳридаги «Аfghan bazar carpets» корхонаси фаолияти билан танишди.

Маълумки, Сурхондарёда қўй кўп боқилади. Лекин унинг жуни деярли қайта ишланмайди. Шу боис Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси томонидан Афғонистон тажрибаси асосида жундан гилам тўқиш йўлга қўйилмоқда.

Президент бу лойиҳани маъқуллаб, афғонистонлик ишбилармонлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, жундор қўй зотларини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Шавкат Мирзиёев корхонада ишлаётган хотин-қизлар билан мулоқот қилди.

Мажмуада «Silk road tex» корхонаси ҳам ташкил этилади. Унда ипакли мато ва тайёр маҳсулотлар, спорт ва йўл сумкалари ҳамда ипакли гилам ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Йилига 2 миллион доллардан зиёд экспорт мақсад қилинган.

Президентимизнинг Сурхондарё вилоятига сафари давом этмоқда.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундиришИшонч телефони5 Июнь 202117 Июнь 2021Андижон вилояти

Фойдали ресурслар