2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Сенат раиси Наманганда “маҳаллабай” ишлаш тизими, аёллар ва ёшлар бандлигини ўрганмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган “маҳаллабай” ишлаш тизимининг жойлардаги ижроси, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан ишлашдаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини кучайтириш мақсадида амалий ташриф билан Наманган вилоятида бўлиб турибди.

Сенат раиси вилоятнинг тоғли ҳудудларига туташ Поп туманидаги Чодак қишлоғи ҳудудида йиллаб самарасиз ётган ерларда интенсив боғ яратишга инновацион асосда ёндашилган, умумий қиймати 4 миллиард сўмга тенг бўлган “Янги Чодак Серҳосил Боғлари” кооперативини кўздан кечирди.

Қамчиқ довонидан тушаверишдаги адирликлар бағрида ўзлаштирилган бу жойда 450 гектар ер ўзлаштирилади, ҳозирда 100 гектар ерга 51 минг дона қилич, шалоқ лоприя каби 4 хил навдаги поли карлик ўрик кўчатлари экилган. Шунингдек, 15 минг м3 сиғимдаги мембрана ҳовузлари, 100 гектар ер майдонига эса сувни тежайдиган томчилатиб суғориш технологияси жорий этилиб, боққа айлантирилган. Массивда “Ёшлар дафтари”да турган 100 нафар ёшнинг ҳар бирига 1 гектардан серҳосил кўчатлар экилган ер майдонлари топширилган.

Танзила Норбоева бўлажак боғбонлар билан суҳбат чоғида улар томонидан билдирилган ҳар битта таклиф қўллаб-қувватланишини таъкидлади.

– Бўш ётган ерларни боғ-роғларга айлантириш ҳаракати таҳсинга сазовор, – деди Сенат раиси. – Ваҳоланки, яқин вақтларгача ҳам деҳқончилик ёки боғдорчилик учун жой олиш масаласи анчагина мураккаб эди. Бугун эса бу ерлар сизларга ҳеч қандай шартлар ва танловларсиз берилмоқда. Бу Президентимизнинг ёшларга ғамхўрлиги ва ишончининг амалий ифодасидир. Ўйлайманки, натижа ҳам шунга яраша бўлади. Чунки, ажратиб берилган бир гектар ерда ҳеч бўлмаганда беш киши меҳнат қилади, оила аъзоларингиз, бўш юрган яқинларингиз ишли бўлади. Агар мева ёки полиз маҳсулотлари етиштиришнинг ўзи билан чекланиб қолмасдан уларни қайта ишлашни ҳам йўлга қўйсангиз, яна қанча иш ўрни юзага келади, экспорт фаолияти билан шуғулланишингизга имконият яратилади.

Сўнг Яккатут маҳалласида “маҳаллабай” ва “фуқаробай” ўрганиш тизими, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га кирганларни ижтимоий муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишилди.

– 871 та хонадондаги 1 минг 90 оилада 4 минг 523 киши истиқомат қилаётган маҳалламизда оилаларни мустаҳкамлаш, ижтимоий соғлом маънавий муҳит барқарорлиги ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди МФЙ раисининг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Гулзода Абдуллаева. – Айниқса, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан олиб борилаётган манзилли саъй-ҳаракатларимиз ўз самарасини бермоқда. Масалан, “Аёллар дафтари”да турган, тўққиз тоифага ажратилган 89 кишидан 30 нафарини рўйхатдан чиқардик. Уларнинг аксарияти жамоат ишлари ва ўзини ўзи банд қилишга йўналтирилди. 10 нафар аёлга субсидия асосида тикув машиналари берилди. Уч аёлга соғин қорамол, бир нафарига эса икки бош қўй ҳадя қилинди. Уч оиланинг турар жойи таъмирдан чиқарилди. Даволанишга муҳтож 10 нафар опа-сингилларга зарурий тиббий ёрдам кўрсатилди.

Сенат раиси МФЙ биносининг иккинчи қаватида тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, ишсиз бўлган 15 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаган Мастурахон Ниёзованинг тикувчилик цехида аёллар билан мулоқотда бўлди. Қўли гул чевар имтиёзли кредит асосида 15 та тикув машинасини харид қилиб, бугунги кунда ўзи каби “Аёллар дафтари”га киритилган маҳалла хотин-қизларига ҳунар ўргатмоқда. Кечагина рўзғор юмушлари билан шуғулланиб келган аёллар Танзила Норбоевага ўзлари тиккан бежирим кийимларни кўрсатди. Сифатли либослар ички бозорда сотилиб, бир қатор уй бекаларининг хонадонига даромад келтираётгани қувонарлидир.

Чекка қишлоқда 4 миллиард сўм маблағ эвазига капитал таъмирдан чиқарилган маданият маркази биносида Сенат раиси “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан суҳбатлашди.

Очиқ мулоқотда маҳалла аёлларининг бандлик, кредит, уй-жой, тиббий хизматдан фойдаланиш каби муаммоларини ўз ичига олган йигирмадан зиёд мурожаати ҳам тингланиб, уларни ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилди. Ҳар бир мурожаат назоратга олиниши таъкидланди.

– Сенат Раисининг туманимиздаги олис ва чекка қишлоққа келиб, оддий аёллар билан учрашиб, уларнинг дардини тинглашини очиғи кутмагандим, – дейди Пилол маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳакима Азизова. – Ёлғиз бошим билан икки нафар фарзандимни яхши ниятлар билан ўстиряпман. Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига ишга жойлангандим, аммо икки кун ўтмасданоқ мени ноҳақ ишдан бўшатиб юборишди. Айни пайтда бекорчиман. Тадбиркорлик қилиб, “кафе” очиш бўйича йўллаган мурожаатимни эшитган Танзила Норбоева менга кредитдан фойдаланишимни таклиф қилди. Мутасаддиларга топшириқ берилди.

Парламент юқори палатаси раҳбари Чуст туманидаги “Chust textile” хусусий корхонасига бориб, иш жараёни ва тайёр маҳсулотларни кўздан кечирди.

Ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш – давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан. Айни шу мақсадда шаҳар ва туманларда тўқимачилик мажмуалари ташкил этилмоқда. Чунки бунинг учун хомашё, инфратузилма ва бозор бор.

“Наманган” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ташкил этилган мазкур фабриканинг иккита комплексида 1 минг 200 киши меҳнат қилмоқда. 2020 йилда қарийб 2 минг тонна мато ва 5 миллион 200 минг дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 9 миллион доллардан зиёд маҳсулот экспорт қилинган. Жорий йилнинг ўтган тўрт ойи давомида эса Россия, Италия, Кипр, Беларусь, Қирғизистон давлатларига 3 миллион 871 минг АҚШ долларлик маҳсулотлар экспорт қилинишига эришилган. Йил якунигача эса бу кўрсаткични 12 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

Эътиборлиси, корхона бинолари кўп материаллар сарфланмай, ангар усулида барпо этилган. Натижада қурилишнинг ўзидан 6 миллион АҚШ доллар иқтисод қилинган.

Корхона раҳбари Дилшод Исматуллаевнинг айтишича, энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами арафасида корхонада тикув блоки ишга тушиши ҳисобига яна мингта янги иш ўрни яратилади.

Вилоят енгил саноатида ўз ўрнига эга бўлган ушбу корхонада меҳнат қилаётганларнинг аксарияти туман маҳаллаларида истиқомат қилувчи, “Ёшлар” ва “Аёллар” дафтарига киритилган аёл-қизларни ташкил этиб, улар бугунги кунда доимий даромад манбаига эга бўлувчи иш ўринларига эгадир. Уларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 2-2,5 миллион сўмни ташкил этмоқда.

Сенат раиси ўрганишларининг навбатдаги манзили – “Биби она” зиёратгоҳи бўлди. Бу муқаддас қадамжода аёллар билан учрашиб, инновацион лойиҳалар билан танишди. Ушбу лойиҳалар асосан, Чустда онкологик касалликлар билан оғриган беморларга ҳар томонлама кўмак беришга хизмат қилади. Суҳбат давомида хаста опа-сингилларни мос ишга жойлаштириш, уларга руҳий қўллаб-қувватлаш кераклиги таъкидланди.

Туманда касалликка чалиниш кўрсаткичлари ўсиб бораётганлиги сабабли туман тиббиёт бирлашмасида онколик йўналишда койкалар очиш зарурияти борлиги айтиб ўтилди.

Мулоқот давомида Хўжаобод, Пансада, Кўктош, Қалъаи Поён маҳаллаларида яшовчи аёлларнинг муаммо ва таклифлари тингланиб, кўтарган масалалари назоратга олинди. 11 нафар аёлга "Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисобидан уй-рўзғор ишларида ас қотувчи электр печи туҳфа қилинди.

Наманган вилояти Халқ депутатлари Поп ва Чуст туман Кенгашлари депутатлари ҳамда сиёсий партиялар етакчилари билан мулоқот ўтказилди.

Учрашув давомида Сенат раиси маҳаллий Кенгашлар фаолияти, улар қошида ташкил этилган "Халқпарвар" комиссияларнинг ипотека кредитлари ажратилиши ва уй-жой қурилишни назорат қилишдаги иштироки, бюджет маблағларини шакллантириш ва ҳар чорак давомида ижроси юзасидан сессияларда масъуллар ҳисоботини тинглаб бориш каби муҳим масалалар юзасидан тавсиялар берди.

Танзила Норбоева Кенгашлардаги доимий комиссиялар ишини жонлантириш, аҳоли ижтимоий ҳимоясининг янги тизими бўлган дафтарларга киритилган фуқаролар билан ишлашда депутатлар иштирокини кучайтириш, “йўл харита”ларида белгиланган дастурлар ижроси бўйича Кенгашлар назоратини таъминлашга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Олий Мажлис Сенати Раисининг Наманган вилоятига хизмат сафари давом этмоқда.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундиришИшонч телефони5 Июнь 202117 Июнь 2021Андижон вилояти

Фойдали ресурслар