2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Раҳбар ва ёшлар учрашуви: аксарият муаммолар жойида ҳал этилди

Бухоро вилоятида сектор раҳбарларининг “Раҳбар ва ёшлар” лойиҳаси доирасида учрашувлари бўлиб ўтмоқда.

Когон шаҳрида вилоят давлат хавфсизлик хизмати, вилоят прокуратураси, ички ишлар ва давлат солиқ бошқармаси раҳбарлари ҳамда Когон шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида  ана шундай тадбир ўтказилди.  

Вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда мудофаа бошқармаси ходимларининг кўргазмали чиқишлари, жанговар қуроллар, махсус воситалар ва махсус техникаларнинг намойиши ҳамда ҳарбий оркестрнинг ватанпарварлик ғоялари йўғрилган куй-қўшиқлари билан бошланган тадбирда Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббус асосида яратилган ёшларнинг ижодий ишлари кўргазмаси йиғилганларга катта таассурот қолдирди. 

Тадбирда 100 га яқин бўш иш ўринлари билан иштирок этган корхоналар томонидан меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда ёшлар ўзларини қизиқтирган иш ўринларига эга бўлди. Ишлаб чиқариш йўналишларида дастгоҳлар намойишида таъминотчи корхоналар ёш тадбиркорларга арзон нархларда замонавий ускуналарни таклиф этди.  

Когонлик ёшлар билан мулоқот янги ташаббус ва таклифларга бой бўлди. Вилоят раҳбарлари йигит-қизлар билан самимий суҳбатлашди. Уларнинг таклиф ва мулоҳазалари, муаммолари тингланди.

Вилоят давлат солиқ бошқармаси ташаббуси билан сектор ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган сўровномада иштирок этган бўлажак ёш тадбиркорларнинг  30 нафарига тижорат банкларининг кредит сертификатлари топширилди.  

Сектор раҳбарлари шу ернинг ўзида йигит-қизларнинг безнес режалари ва тадбиркорлик йўналишидаги таклифларини мутахассислар иштирокида ўрганди. 20 дан ортиқ ёшларга ҳам тижорат банкларининг кредит сертификатлари олиб берилди.  

– Тадбиркорлик фаолиятимни бошлаш учун банкдан кредит олишда қийналаётган эдим, – дейди когонлик 24 ёшли Зулхумор Холиқова. – Бугунги тадбирда раҳбарлар менинг ғоямни қўллаб-қувватлашди. Банкнинг 30 миллион сўмлик кредит сертификатини олиб беришга яқиндан ёрдам беришди. Бундан жуда ҳам хурсанд бўлдим.  

Учрашувда кўплаб ёшларнинг ишсизлик ва уй-жой билан боғлиқ муаммолари ижобий ҳал этилди.

– Кўпдан бери ишсиз эдим, – дейди Гулшан Қурбонова. – Бугунги учрашув мен учун самарали бўлди. Доимий иш жойига эга бўлдим. Энди мен ҳам оиламга моддий томондан ёрдам берадиган бўлдим. Жуда ҳам хурсандман.  

Учрашувда когонлик ёшлардан яна бири Севдиёр Жўрақуловнинг ҳам сектор раҳбарларига қилган мурожаати эътибордан четда қолмади. Энди у ҳам бошқа тенгдошлари сингари яхши маошли меҳнат ўрнига эга бўлди.

Тадбирда чет элдаги олий ўқув юртларидан бирини битириб келган ёшлардан бири Дилшод Файзиев ишга жойлаша олмаётганлигини билдирди. Ушбу масалага вилоят прокурорининг шахсан ўзи эътибор қаратиб, мурожаатни ижобий ҳал этишга ваъда берди.  

Тадбирнинг яна бир эътиборли томони унда вилоят раҳбарлари ҳудуддаги юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшаб, илм ва касб-ҳунар сирларини пухта ўрганаётган, фан олимпиадаларида юқори ўринларни эгаллаган ҳамда спортнинг турли йўналишларида юрт байроғини кўкларга кўтараётган чемпион ўғил-қизларга 4-секторнинг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.

Ҳудуддаги “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларнинг ҳам айрим муаммолари ҳал этилди. Уларга уй-рўзғор ишлари учун зарур бўлган маиший техника жиҳозлари янги йил совғаси сифатида берилди.  

Тадбирда шаҳарнинг “Истиқлол” ва “Амир Темур” маҳалласида яшовчи “Ёшлар дафтари”га киритилган икки нафар ёшларга “Агробанк” Когон шаҳар бўлими томонидан кредит асосида тикув машинаси олиш бўйича имтиёзли кредит сертификатлари топширилди.  

150 нафардан ортиқ ёшлар қатнашган учрашувда 50 га яқин мурожаатлар қабул қилинди. Аксарият мурожаатлар шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. 20 дан ортиқ ёшлар томонидан берилган таклифлар қўллаб-қувватланди. Вилоят ҳамда шаҳар мутассаддиларига зарурий кўрсатма ва топшириқлар берилди.  

Тадбир доирасида аҳоли учун арзонлаштирилган озиқ-овқат ярмаркаси ташкил этилди.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Қимматли қоғозлар бўйича дивидендларИшонч телефони7 Сентябрь 201916 Сентябрь 2019Қашқадарё вилояти
Уй-жой билан таъминлашХалқ қабулхонаси10 Август 201917 Сентябрь 2019Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар