2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Ҳудуддаги ҳар бир одам, айниқса, ёшлар иш билан таъминланса камбағаллик камаяди

Камбағалликни қисқартиришда ҳудудий секторлар томонидан кўрилаётган амалий чора-тадбирлар яхши самара бераётир.

Буни Жиззах вилоятининг Бахмал тумани давлат солиқ инспекцияси масъул бўлган тўртинчи секторга қарашли 7 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мамлакатимизда “Саховат ва кўмак” ҳаракати эълон қилинганидан сўнг сектор ҳудудидаги 7 минг 642 та оиланинг турмуш шароити, даромад манбаи ўрганилиб, улардан 378 таси эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож эканлиги аниқланди. Секторда тумандаги давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ушбу оилаларнинг моддий аҳволини тиклаш учун олиб борилаётган амалий ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда.

Камбағал оилалар рўйхати шакллантирилгач, биринчи навбатда карантин даврида қийналаётган энг ночор фуқароларга кўмак берилди. Бу оилаларга озиқ-овқат, дори-дармон, коммунал тўловлар бўйича 415 миллион сўмдан зиёд ёрдам кўрсатилди. 150 нафар фуқаронинг 15 миллион сўмга яқин солиқ қарздорлиги ҳомий тадбиркорлар томонидан тўлаб берилди. Умуман, сектор ҳудудидаги 378 та кам таъминланган оилани иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга 261 нафар тадбиркор ва фермер жалб қилинган.

– Бугунги қийин даврда бу каби қўллаб-қувватлашлар жуда зарур албатта, – дейди тўртинчи сектор раҳбари, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ҳусниддин Соатов. – Аммо “қўлдан берганга қуш тўймас” дегандек, вақти билан кўрсатиладиган хайрия, мурувват ёрдами муҳтожликка барҳам беришнинг асосий йўли эмас. Шу боис камбағалликни камайтиришнинг самарали йўли бўлган одамларни ишли қилиш, уларга даромад қилиш имкониятини яратиб беришга эътибор қаратаётирмиз. Шу мақсадда рўйхатга олинган оилалардаги 433 нафар киши мавсумий иш билан таъминланди. Бундан ташқари, соғин сигир, ишлаш учун ер майдонларининг берилиши ҳам фуқароларнинг ўзини ўзи тиклашида манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Туманнинг "Узунбулоқ", "Боғишамол" ва "Ўсмат" фуқаролар йиғинлари ҳудудида 3 та узумчилик кооперативи ташкил этилиб, аъзоларига 50 сотихгача ер берилди. Бундан ташқари, ишлаш истагида бўлган 118 нафар фуқарога 50 сотихдан ер майдони ажратилди. Шу кунларда ғалладан бўшаган майдонлар такрорий экин экиш учун эҳтиёжмандларга бўлиб берилаяпти. Ногиронлиги бор ва ўта ночор оилаларнинг ерини ҳайдаш, уруғлик билан таъминлашни фермерлар ўз зиммаларига олмоқда.

– Туман тўртинчи сектори ташаббуслигида ташкил этилган кооперативимизда 80 нафар эҳтиёжманд фуқаро иш ва даромад билан таъминланди, – дейди “Бахмал деҳқон хўжаликлари” ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари Шуҳрат Қурбанов. – Уларнинг ҳар бирига 20 сотихдан ер майдони ажратилиб, жами 266 туп узум кўчати ва оралиқ майдонга дуккакли экинлар экиб берилди. Суғориш учун 1 та артезиан қудуғи қазилди. Узум 2-3 йил ичида ҳосилга кирса, эҳтиёжманд оилаларнинг доимий даромад манбаига айланади.

Президентимизнинг 2020 йил 2 мартдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик тармоғини янада ривожлантириш, соҳада қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ушбу кооператив 2020-2021 йилларда ўрмон фондининг ўзлаштирилмаган ер участкаларида янгидан барпо этилгани боис ер майдони учун беш йил давомида ижара тўловининг “ноль” ставкасини қўллаш имконига эга бўлади.

Секторда ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Шу мақсадда “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси асосида туман ҳокими қарори билан 475,7 гектар ер майдони ажратиб, 448 нафар ёш қишлоқ хўжалигида иш билан банд қилинди.

Ишсиз ёшлар рўйхатига киритилганлар орасида илгари бошқа ҳудудларда, хорижда ишлаб, тирикчилигини ўтказиб юрган, имконият яратилса, шу ерда тадбиркорлик қўлидан келадиганлар йўқ эмас. Ўсматлик 27 ёшли Озодбек Халилов Россия Федерациясига мавсумий ишлаш учун қатнар эди. Карантин пайти мавсумий ишлашдан маҳрум бўлган йигитнинг оиласи даромадсиз қийналиб қолди.

– Маҳалламиз учун масъул бўлган тўртинчи секторга тадбиркорлик фаолиятимни бошлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим, – дейди бугунги кунда “Оқтош биллур” МЧЖ раҳбари Озод Халилов. – Сектор раҳбарияти менинг бизнес режам билан қизиқиб, кредит ажратилишида, Ўсмат шаҳарчасидаги ташландиқ бинони “ноль” қийматда олишимга ёрдам кўрсатди. 

 

Банкдан 500 миллион сўм кредит олиб, ободонлаштирдик. Натижада бу ерда замонавий сервис тури – келин-куёвлар учун фотосессия хизмати йўлга қўйилди. Илгари туманимизда хизматнинг бу тури йўқлиги боис одамлар Жиззах шаҳрига борарди. “Marry me” фотосалонида 10 та иш ўрни яратилди. Яқин кунларда бинода кафе ва сартарошхонани ишга тушириб, яна бир нечта иш ўрни очамиз.

Шундай ташаббускор ёшлардан яна бири 28 ёшли Аброр Маннонов “Oqtosh Builder invest” масъулияти чекланган жамиятини очиб, ўзи тенги 4 нафар йигитни иш билан таъминлади. Корхонада пишиқ ғишт ишлаб чиқарилаяпти. Бунинг учун Аброрга банкдан кредит олиш, ғишт ишлаб чиқариш ускуналарини харид қилиш ва ер майдони ажратишда сектор томонидан кўмак кўрсатилди.

26 ёшли Шарофиддин Абдусаломов ҳам “Firdavs Apple” МЧЖни ташкил этиб, шлакоблок ғишт ишлаб чиқаришга киришди. Жамиятда 4 та иш ўрни яратилди.

Бугунги кунга қадар жами 781 нафар ишсиз ёшлар бандлиги таъминланди. Жумладан, қурилиш соҳасига 14, тадбиркорлик йўналишига 16, қишлоқ хўжалиги йўналишига 448, жамоатчилик ишларига 88 нафар, бошқа соҳа ва йўналишларга 215 нафар ёшлар ишга жойлаштирилди.

Бандликка кўмаклашиш жамғармаси томонидан ажратилган 15 миллион 400 минг сўм субсидия ҳисобига туман бўйича жами 7 нафар ишсиз ёшнинг шахсий томорқаларида бандлиги таъминланди.

“Ҳар бир оила – тадбиркор” лойиҳаси доирасида тумандаги тижорат банклари томонидан 20 та лойиҳа учун 559 миллион сўм имтиёзли кредит ажратиб берилди.

Давлатимиз томонидан пандемия даври қийинчиликларини юмшатиш, аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий сиёсат ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани натижасида туманда янги иш ўринлари, одамларнинг даромад манбалари кўпаймоқда. Демак камбағаллик камаймоқда.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Қимматли қоғозлар бўйича дивидендларИшонч телефони7 Сентябрь 201916 Сентябрь 2019Қашқадарё вилояти
Уй-жой билан таъминлашХалқ қабулхонаси10 Август 201917 Сентябрь 2019Тошкент вилояти

Фойдали ресурслар