2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Элмира Боситхонова​​: Янги тузилмани қадимий қадриятлар мустаҳкамлайди​

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 18 мартда ўтказилган маҳалла ва оила муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ҳамда ҳал этиш масалалари бўйича видеоселекторда берилган топшириқлар юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги йиғилишда таъкидланган маҳалла ва оила билан ишлаш тизимини мустаҳкамлаш, ҳар бир оила билан манзилли ишлайдиган, уларни қўллаб-қувватлайдиган янги тажриба яратиш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш масалаларига алоҳида ёндашмоқда. Шу билан бир қаторда, Президентимиз айтганларидек, вазирлик фаолияти учун барча шароит яратилмоқда. Эндиликда аниқ амалий ишлар ва натижадорликка ўтиш жараёни кечмоқда.

 

Президентимиз оилавий ажримлар масаласига алоҳида тўхталиб, кичик маиший сабаблар жиддий оқибатларни келтириб чиқараётганини афсус билан қайд этиб, вазирлик раҳбарлари, жойлардаги мутасаддилар нотинч оилалардаги аҳволни олдиндан ўрганиб, муаммони бартараф қилиш бўйича манзилли ишлаш кераклигини кўрсатиб ўтганди.

 

Кузатишларимча, қайнона-келин, оилавий муносабатлар, ажримлар маиший масалагина эмас, Президентимиз оилалардаги асосий об-ҳавони белгиловчи тонометр тарзида ўзаро муносабатларни кўрсатиб берганлари боис, эндиликда бу масала ўз-ўзидан миллий ва ижтимоий аҳамият касб этмоқда, деб ўйлайман. Аслидаям ҳаётимизнинг асосий қисми ўзаро муносабатларда ўтади. Оилавий муносабатлар оиладаги муҳитни белгилагани каби, оилалардаги муҳит жамиятдаги умумий кайфиятни ташкил этади. Буни “Қўшнинг тинч, сен тинч” деган оддий гап билан изоҳлаб қўйган она халқимиз. Шунингдек, оилалар мустаҳкамлигида натижага эришиш учун “бир болага етти қўшни ҳам ота, ҳам она” қадриятини тиклаш айни муддао бўлади.

 

Бундан қарийб бир йилча олдин мен “Суюнчи” фильмидаги Анзират бувининг маҳалласида ўрнатган норасмий тартиби, тўғрироғи, қадриятини тарғиб этишни илгари сурган эдим. Ижтимоий тармоқларда “Анзират буви эскилик сарқити” деганлар ҳам топилганди ўшанда ва мен ўз қадриятларидан бу қадар ҳазар қиладиган одамларни кўриб ҳайрон бўлгандим. Лекин мана бугун маҳаллалар учун айнан Анзират бувилар кераклиги, уларнинг ўзига хос, ҳеч қаерда расмийлаштирилмаган, маош тўланмайдиган фаолияти, фидойилигига эҳтиёж борлиги маълум бўлди.

 

Анзират буви ким? Анзират буви қишлоғининг, маҳалласининг виждони! Шу каби оналаримизнинг маърифий ибратлари миллат моҳиятини асраб қолади, юртдаги тотувликни, ўзаро инсоний муносабатлар занжири узилмаслигини таъминлайди.

 

Шуни инобатга олиб биз Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг хотин-қизлар ва оилалар билан ишлаш йўналишида тизимли ва узлуксиз, самарали фаолият юритиш механизмини ишлаб чиқдик. Унда республикадаги 9 121 та МФЙда камида 30 кишидан иборат маҳалла фаоллари (яъни, Анзират бувилар) жамоаси ташкил этилади ва ижтимоий масала бўлган 5 та йўналишда (Оилага кириш, Саломатлик, Бандлик ва тадбиркорлик, Жиноятчилик профилактикаси, Таълим ва тарбия) ишлайди. Гуруҳлар ўз ҳудудида ҳар куни эҳтиёжманд оилаларга кириб, аниқланган муаммоларнинг ечими бўйича ишларни ташкил этади.

 

Йиғилишда аёлларнинг турмуш шароитини яхшилаш, даромад топиши учун шароит яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Юртимизда 22 мингга яқин хотин-қиз оғир турмуш шароитида яшамоқда. Улар кам таъминланган, ишсиз, уй-жойга муҳтож ва ногиронлиги бор аёллар бўлиб, ҳар бирининг муаммосига индивидуал ёндашув талаб этилади. Биз ишлаб чиққан фуқаролар йиғини раисининг оила ва хотин-қизлар билан ишлаш масалалари бўйича ўринбосари ва мутахассислар учун ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан ишлаш бўйича услубий қўлланма айнан мана шу қатламдаги аёллар манфаатларини ҳимоялайди.

 

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги 285-сон қарорига биноан оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга ажратилаётган арзон уй-жойларга эҳтиёж юқори. Республикада 2018 йилда 1456 нафар, 2019 йилда 1493 нафар хотин-қиз ана шундай уй-жойлар билан таъминланди. 2020 йилда бу борадаги ишлар янада жадаллашади.

 

Уй билан таъминланганлар орасида иш ҳақи етарли эмаслиги сабабли, кредит тўловини ўз вақтида тўлолмаётган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Ушбуни инобатга олиб, вазирлик томонидан эҳтиёждан келиб чиқиб, арзон уй-жойлар сонини айнан шу тоифадаги аёллар учун кўпайтириш, ҳудудларда, ҳар бир туман марказида ижтимоий уйларни қуриш ва эгалик ҳуқуқисиз эҳтиёжманд, оғир шароитдаги хотин-қизларга ажратиш чораларини кўриш, кредит фоизларини пасайтириб, муддатини узайтириш каби йўналишларда тегишли таклифлар киритилмоқда.

 

Шу ўринда айтиш мумкинки, аввал Хотин-қизлар қўмиталари тасарруфида бўлган республикада мавжуд 197 та Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш маркази (шундан вилоят марказлари сони 13 та, шаҳар, туманлар марказлари сони 184 та) томонидан 2020 йил январь ойи ҳолатида мурожаат этган хотин-қизларнинг 413 нафарига тиббий ёрдам, 1 937 нафарига психологик ёрдам, 907 нафарига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, 260 нафарининг бандлиги таъминланган, 142 нафарининг кредит олишида ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, марказ мутахассислари томонидан 960 та оила яраштирилган.

 

Мамлакатимизда хотин-қизлар бандлиги масаласи ҳам доимо долзарб ҳисобланган. “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари” 14 та ҳудудда фаолият олиб бормоқда. Ўтган йили ушбу тадбиркорлик марказлари минглаб аёлларни ўқитди, кредит берди. Жорий йилда ушбу марказлар орқали Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 5500 нафар хотин-қизга 100 миллиард кредит ажратилиши режалаштирилган.

 

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш тизими нафақалар, айниқса, бола нафақалари тизимини ислоҳ қилиш ва уни тубдан кучайтириш бўйича ҳам янгича ёндашувларни ишлаб чиқмоқда. Бу борада болалар учун тўланадиган нафақалар турлари энг кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётганини барчамиз яхши биламиз.

 

Мутахассисларнинг фикрича, ҳозирги кунда болалар нафақаларининг 3 та тури мавжуд ва ушбу нафақаларга ажратилаётган маблағлар ялпи ички маҳсулотнинг 0,6 фоизини ташкил этади ва улар етарли эмаслиги боис, кўплаб моддий ёрдамга муҳтож оилалар болалар учун нафақалар билан қамраб олинмаган. 

 

Вазирлик ЮНИСЕФ ташкилоти билан биргаликда бола нафақалари билан қамров даражасини 75 фоизга, муҳтож оилаларда маҳсулотлар истеъмоли, яъни яшаш даражасини 40 фоизга етказиш ва шу орқали Ўзбекистонда камбағаллик даражасининг камайишига ҳисса қўшиш борасида таклифлар ишлаб чиқди.

 

Сўнгги йилларда ёшларимизнинг оилавий ҳаётга тайёр бўлмасдан турмуш қуриши жамиятдаги жуда кўп муаммоларни келтириб чиқарди. Йигитнинг ишсизлиги бир муаммо бўлса, қизнинг қайнона ёки оила аъзолари билан муросани билмаслиги яна бир муаммо бўлди. Глобализация, миграция бир сабаб бўлса, мол-дунёга ружу қўйиш яна бир сабаб бўлмоқда. Ичкиликбозлик, тарбиянинг етарли эмаслиги, оилада ўзаро келишмовчиликлар эса муаммолар занжирининг давомидир.

 

Бу борада муаммо ва сабаблар талайгина. Лекин ечим йўлларини топиш учун илмий таҳлиллар, оқилона чоралар зарур. Шу боис Президентимиз маҳаллалар қошида бўлғуси келин-куёвларни оилага тайёрлаш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиб, уларга психологлар, обрўли отахон ва онахонларни бириктириш топшириғини ҳамда “Ибратли оила” танловини ўтказиш бўйича тавсиялар берди.

 

Ҳозир ёш никоҳланувчиларни оилавий ҳаётга тайёрлашнинг самарадор, илмий асосланган тизими яна кучайтирилиб, тўлдирилмоқда. Шунингдек, барча умумтаълим мактабларида “Ораста қизлар” ва маҳаллаларда “Маҳалланинг ораста қизлари” тўгараклари ташкил этилиб, уларнинг биринчи кўргазмали машғулоти тартиби ишлаб чиқилди.

 

Шу билан бир қаторда, касб-ҳунари бор ишсиз хотин-қизларга кўмаклашиш бўйича Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида бошланган тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам кенг жорий этиш, хотин-қизлар ўртасида бизнес лойиҳа бўйича танлов ўтказиб, ғолибларга грантлар, кредит ва жой ажратиш, мақсадли жамғармалар ҳисобидан кўчма савдо пунктлари ташкил этиб, уларни ижарага бериш, йирик савдо марказлари ва корхоналарда эҳтиёжманд аёллар тайёрлаган маҳсулотларни сотиш тизимини жорий қилиш каби йўналишларда ҳамкорлик олиб борилмоқда.

 

Янги тузилаётган ҳар қандай тузилма, хусусан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мустаҳкам тизимга айланиши учун, аввало, миллий анъаналаримиздан озиқланиши, бебаҳо ва инсонпарвар, бағрикенг халқимиздан куч, маҳалла деган қадимий қадриятдан андоза олмоғи зарур.

 

Элмира БОСИТХОНОВА,

Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва

оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг

биринчи ўринбосари

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар