2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Наврўз – инсониятнинг боқий мероси

Кўпинча Наврўз яқинлашгани сари “бу байрамни араблар ҳам, мўғуллар ҳам йўқота олмаган” деган фикрларни ўқиб қоламиз. Ҳой, барака топгурлар, араблар ҳам, мўғуллар ҳам Шарқ халқларининг баҳорий тенг кунлик байрамини тақиқламаган. Наврўзни тақиқлашга ҳатто совет раҳбарлари ҳам очиқчасига уриниб кўрмаган.

Фақат ўтган асрнинг 80-йилларида айрим калтафаҳм кишилар томонидан Наврўзга диний байрам деган тамға босилган ва уни чеклашга уринган. Совет ҳукмронлиги даврида Наврўзга расман диний урғу берилмаган, аммо шу билан бирга рағбатлантирилмаган. Одамлар эса айрим диний маросимларни Наврўзга боғлаб талқин қилиб келган. Дейлик, сумалак Биби Фотима онамизга нисбат берилган ҳолда таърифланишини ўтган асрнинг 90-йилларида ёзилган мақолаларда учратиш мумкин.

 

нав.jpg

 

Наврўзнинг қачон ва қандай вужудга келганини аниқ айтиш қийин. Шундай бўлса-да, бу байрам доно ва зукко аждодлар томонидан кашф қилинган, дея оламиз. Чунки Наврўз коинот ва табиат қонуниятлари, яъни қуёшнинг ҳамал буржига кириши, кеча ва кундузнинг тенглашиши, табиатнинг уйғониши билан боғлиқ тарзда илмий асосланиб белгиланган. Бу эса ҳар қандай жамиятда “йил боши” (қачон келишидан қатъи назар) Наврўзни табиат байрами сифатида нишонлаш учун асос бўлган.

 

Аслида Наврўз жуда қадим даврларда одамлар янги деҳқончилик мавсуми бошлашдан олдин ўтказадиган баҳор байрами сифатида пайдо бўлган. Замонлар ўтиши билан байрам такомиллашиб, унга мос кун аниқланган. У “йил боши” сифатида белгиланиб, унга Наврўз, яъни “Янги кун” деб ном берилган.

 

Суғорма деҳқончилик билан шуғулланувчи Марказий Осиё халқлари табиат қонунларига катта аҳамият қаратган, қуёш ва ой ҳаракатларини кузатган. Шу тариқа табиатда кечадиган ўзгаришларнинг моҳиятини англашга уринганлар. Ҳар йили 21 мартда кун ва тун тенг келишини аниқлашган. Бу борада буюк бобомиз Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида кенгроқ маълумот берилган. (Бу асар ўтган асрнинг 60 йилларидан бери бирор марта нашр қилинмаган. Мазкур асарни қайта нашр қиладиган вақт етиб келди, дея ўйлаймиз).

 

Гап шундаки, биз баҳорги тенгкунлик – Наврўзга алоҳида урғу берамиз. Аммо нима учундир кузги тенг кунлик – 21 сентябрдан 22 сентябрга ўтар кечасига тўғри келадиган Меҳржонга деярли аҳамият берилмайди. 

 

Тўғри, ҳозир Меҳржон – ҳосил байрами Наврўзчалик нишонланмайди, аммо қадимда унинг мавқеи Наврўздан кам бўлмаган. Энг қизиғи, Японияда кузги тенгкунлик расмий байрам ҳисобланиб, 1878 йилдан бошлаб нишонлаб келинади. Мексикада, ҳатто Арманистонда ҳам кузги тенгкунликда турли тадбирлар ўтказилади. Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида Меҳржон ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар берилган. Асарда таъкидланишича, турли халқлар орасида кузги тенгкунлик ҳосил йиғиш, қишга тайёргарлик сифатида нишонланган. Шунингдек, кузги тенгкунлик астрологияда йил давомидаги энг қудратли кучлардан бири намоён бўладиган палла ҳисобланади.

 

Шунингдек, тун қисқариб, кунлар узаядиган 22 декабрь ва кун қисқара борадиган 22 июнга ҳам кўпчилик эътибор бермайди. Шимолий ярим шарда баҳор фаслининг бошланиши деб қуёшнинг баҳорги кун-тун тенглиги нуқтасидан ўтиш вақти (21-22 март); ёз фаслининг бошланиши деб қуёшнинг ёзги туриш нуқтасидан ўтиши (21-22 июнь); куз фаслининг бошланиши деб – қуёшнинг кузги тенгкунлик нуқтасидан ўтиши (22 сентабрь) ва қишнинг бошланиши деб – қуёшнинг қишки туриш нуқтасидан ўтиши (21-22 декабрь) кунлари қабул қилинган.

 

720_440_80_17d157b4ded5e359e2219203e855f80d.jpg

 

Буларнинг ҳаммаси табиат қонунлари бўлиб, бирор-бир динга алоқаси йўқ. Шунингдек, интернет саҳифаларида, айрим олимларнинг асарларида Наврўз ва Меҳржон зардуштийларнинг байрами сифатида талқин қилинади. Бу ҳақиқатга тўғри келмайди. Шунингдек, Наврўз Хуросонда пайдо бўлган, деган фикрлар ҳам нотўғри. Наврўз (Янги кун) сўзининг форсча экани боис бу байрам бир халққа тегишли дейиш нотўғридир. Чунки Наврўз суғорма деҳқончилик билан бевосита боғлиқ байрам. Қадимдан келаётган одатга кўра Наврўз нишонланишига қадар халқимиз ўз уйларини, ҳовлиларини тозалашган. 

Наврўз инсониятнинг энг қадимий байрамларидан бири бўлиб бир неча минг йиллардан бери ўзбекнинг ўзлигини намоён этиб келаётган қадриятидир. Маълумки, Наврўз Шарқ халқларида инсонийлик, меҳр-мурувват, меҳнатсеварлик, сабр-тоқат каби қадриятларни намоён этган ҳолда нишонланади.

 

Болалик даврларимда қишлоғимизда Наврўз нишонланар экан, кечаси билан аёллар сумалак пишириб, эрталаб дастурхонга тортишарди. Сумалак пишириш ҳам байрамга айланарди. Ҳамма топганини ўртага ташларди, тонгга қадар куй-қўшиқ ижро этилиб, ўйин-кулги бўларди. Ёш келинлар кексаларнинг хизматида бўлишарди. “Келин салом”лар айнан Наврўз кунлари ўтказиларди.

 

Маълумки, Рамазон ва Қурбон ҳайитларида қизлар келин кўришга боради. Бу одат ислом динида йўқ. Қишлоғимиздаги урф-одатларни ва тарихни ўрганиб шундай хулосага келдимки, қадимда қизларнинг “келин кўрар”и айнан Наврўз ва Меҳржон кунларига тўғри келган. Нима учундир Наврўз байрамларида (айниқса, ўқув юртларида) турмушга чиқмаган қизларнинг келин ролида чиқишини қабул қила олмайман. Ўша қизлар ўрнига келинлар чиқиб, салом бергани яхши эмасми? 

 

Наврўз халқлар ўртасидан муносабатларни мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этган. Бу байрам инсоният ўзлигини илк бор намоён эта олгани билан ҳам аҳамиятлидир. Наврўз байрами 21 мартдан бошланиб бир неча кунлаб давом этган.

 

2009 йил 30 сентябрь куни ЮНЕСКО Наврўзни инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритган эди. Қарор ташкилотнинг номоддий меросни сақлаш ҳукуматлароро қўмитасининг 24 нафар аъзоси томонидан тасдиқланди. 2010 йил 19 февраль куни БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессияси 21 мартни “Халқаро Наврўз куни” сифатида нишонлаш тўғрисидаги қарорни бир овоздан қабул қилди. Бу ҳақдаги резолюцияда мазкур байрам маданиятлараро мулоқот ва ўзаро тушунишни рағбатлантириши таъкидланади.

 

Шу тариқа Наврўз бирор-бир миллат ёки маданиятнинг байрами сифатида эмас, балки бутун инсоният меросининг бир қисми сифатида нишонланмоқда.

Эндиликда сайёрамизда истиқомат қилувчи ҳар бир инсон халқаро байрамнинг тўлақонли иштирокчисига айланади. Наврўз яхши қўшничилик, дўстлик, ҳамкорлик, маданиятлараро мулоқотларни рағбатлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз. 

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Уй-жой билан таъминлашХалқ қабулхонаси10 Август 201917 Сентябрь 2019Тошкент вилояти
Қимматли қоғозлар бўйича дивидендларИшонч телефони7 Сентябрь 201916 Сентябрь 2019Қашқадарё вилояти

Фойдали ресурслар