2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Қарши шаҳридаги маҳаллалар муаммолари ўрганилди

Қашқадарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев Қарши шаҳридаги маҳаллаларда жойлашган кўп қаватли уйлар ва уларда яшаётган аҳолининг яшаш тарзи билан яқиндан танишди. Мавжуд муаммо ва камчиликларни ўрганди.

Қарши шаҳридаги “Пахтазор”, “Пахтазор-1” маҳалла фуқаролар йиғинларида 50 га яқин кўп қаватли уйлар мавжуд ва уларда 8,5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ушбу маҳаллалар Қарши шаҳрининг марказида жойлашганига қарамай ҳудуддаги аҳвол дилни хира қиладиган даражада ачинарли.

 

Масалан, кўп қаватли уйларнинг кириш қисмларига хавфсизлик учун ўрнатилган эшикларнинг бирортаси қулфланмайди. Ичкарини ёритувчи чироқлар ёнмайди. Мутасаддилар уйма-уй юриб ҳар бир кўп қаватли уйга кирар экан, жойлардаги маҳалла ва уй-жой ширкатлари раислари ўз ишига сусткашлик билан қараётганини, ўз навбатида кўп қаватли уйларда яшаётган аҳоли ҳам ушбу ҳолатга бефарқ бўлиб, яшаётган уйи атрофини тозалигига эътибор бермаётгани, оддийгина подъезларни оқлаб қўйиш ва бўяш ишларини қилмаётганини қаттиқ танқид қилди. Бунинг учун таъсирчан чоралар кўриш лозимлигини, аҳолини боқимандалик кайфиятидан чиқариб, “Ўз уйингни ўзинг обод қил” шиори остида тарбиялаш лозимлигини таъкидлади.

 

IMG_5372.JPG

 

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев кўп қаватли уйлар атрофида тадбиркорлар томонидан барпо қилинган бир қанча қурилиш объектларини кўздан кечирар экан, уларнинг кўпчилиги архитектура ва шаҳарсозлик лойиҳаларига умуман тўғри келмаслигини қайд этиб ўтди. Баъзи тадбиркорлар ер майдонини олишга олиб, қурилиш ишларини чала қолдириб кетган. Оқибатда қурилиш майдони атрофидаги йўл ва кўчалар вайрон аҳволда. Айниқса, қиш-қировли кунларда бу кўчалардан юриш аҳоли ва мактаб ўқувчилари учун ноқулайлик туғдиради. Бу эса ҳудуд инфратузилмасига салбий таъсир қилмоқда. Бу каби ҳолатларга чек қўйиш пайти келганини, эндиликда қуриладиган ҳар бир объект шаҳарсозлик назоратидан ўтказилиб, ҳоким бошчилигида тузилган махсус ишчи гуруҳ томонидан муҳокама қилингандан сўнггина қурилишга рухсат берилиши айтиб ўтилди.

 

Маҳаллаларни айланиш давомида кўп қаватли уйлар атрофидаги чиқиндихоналар ва болалар майдончаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳақиқатда айни пайтда маҳаллалардаги мавжуд чиқиндихоналарнинг барчаси антисанитария ҳолатида. Белгиланган талабларга жавоб бермайди. Ундан чиқаётган бадбўй ҳид эса атроф-муҳитни заҳарламоқда. Бундан ташқари чиқиндиларни вақтида ташиб, олиб кетиш масаласи ҳам етарлича йўлга қўйилмаган. Ушбу масала бўйича ҳам ҳоким соҳага тегишли мутасаддиларга вазифа ва топшириқлар берди. Чиқиндихоналар барпо қилиш, уни ташиш учун техникаларни кўпайтириш лозимлигини уқтирди.

 

IMG_5378.JPG

 

Маҳаллалар фаолияти билан танишув жараёнида аҳоли вакиллари билан ҳам юзма-юз мулоқот қилинди. Уларни қийнаётган муаммо ва камчиликларни тинглади. Масалан, Пахтазор-1 маҳалласи аҳолисини ҳудуддаги тунги клуб ва кафелардан тун ярмигача тинмайдиган мусиқа ва маст-аласт мижозларнинг шовқини, жанжаллари қийнаб келмоқда. Бу салбий ҳолат у ерда яшаётган аҳолининг нафақат тинчини бузмоқда, балки фарзандлари тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

 

– Маҳалламиз жуда нотинч. Сабаби ҳудудимиздаги кафе-барларда чилимхоналар бор ва улар тун ярмигача фаолият юритади, – дейди Даврон Ачилов. – Юқори ташкилотларга қанча мурожаат қилдик. Аммо натижа бўлмади. Мана бугун вилоят ҳокими маҳалламизга ташриф буюрди. У кишига ҳам муаммоларимизни айтдик. Ўрганиб чиқиб ижобий ҳал қилиб беришга ваъда берди. Энг ёмони бу ҳолатлар фарзандларимиз тарбиясига ёмон таъсир қилмоқда. Масалан, яқинда кичкина ўғлимни велосипедини ўғирлаб кетди. Олди олинмаса, эртага бошқа каттароқ нарсаларни ўғирламаслигига ким кафолат беради.

 

IMG_5421.JPG

 

Мазкур ҳолатнинг тез кунларда олдини олиш бўйича ҳам мутасаддиларга топшириқлар берилди.

 

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, йиллар давомида маҳаллада кечиктирмасдан ҳал қилиниши лозим бўлган муаммо ва камчиликлар йиғилиб қолган. Уларга бирма-бир ечим топиш эса, соҳага алоқадор мутасаддилардан ҳам, ҳудудда яшаётган аҳолидан ҳам бирдек масъулиятни талаб қилади. Шундаги шаҳарларимиз обод, турмушимиз фаровон бўлади.

 

IMG_5485.JPG

 

Ўлмас БАРОТОВ, ЎзА

Фойдали ресурслар