2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Шуҳрат Ғаниев Сўхга нега борди?

Фарғона вилоятининг анклав ҳудуди – Сўх туманида бугунги кунда 76 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Халқ билан самарали мулоқотнинг йўлга қўйилганлиги натижасида бу ердаги кўплаб муаммолар амалий ҳал этиляпти.

Илгарилари озиқ-овқат, ёқилғи, қурилиш материалларини Сўхга ва мазкур туманда етиштирилган қишлоқ хўжалик ҳамда боғдорчилик маҳсулотларини чегарадан олиб ўтишда ҳам кўплаб қийинчиликлар бор эди. Аввало, чегара, божхона ва Қирғизистон ҳудудидан ўтиладиган 50 чақиримлик йўлда учрайдиган “бошоғриқ”лар Сўхда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш суръатларига ҳамиша салбий таъсир кўрсатиб келган. Президентимизнинг қўшни мамлакатлар билан яқин дўстлик ҳамда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларидан сўхликлар ҳам беҳад мамнун бўлмоқда.

 

Бугун Сўхда бўлган киши у Ўзбекистоннинг барча ислоҳотлар тўлақонли амалга оширилаётган ҳудуди эканига гувоҳ бўлади. Чегара билан боғлиқ муаммолар бутунлай ҳал этилди. Масалан, бугун биргина “Водил” чегара постидан бир кеча-кундузда 10 мингга яқин одам ҳар икки томонга бемалол ўтмоқда.

 

photo_2019-11-02_10-11-53.jpg

 

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг иш куни тартибида бир ойда камида бир марта Сўхда фуқароларнинг сайёр қабулини ўтказиш, вилоят ташкилотлари раҳбарлари билан бирга чекка қишлоқ ва маҳаллалар аҳолиси билан учрашиш режалаштирилган. Ноябрь ойининг илк кунида вилоят раҳбари мазкур туманда бўлиб, аҳоли билан учрашди.

 

“Ғазнов” маҳалла фуқаролар йиғинида 551 та хонадон бўлиб, уларда 3165 нафар аҳоли яшайди. Ғазновликлар билан мулоқот бирон бир мажлислар залида эмас, кўча бўйлаб аҳвол билан танишиш давомида амалга оширилди. Вилоят ҳокими хонадонларга кириб, одамларнинг турмуш шароити, газ, ичимлик суви, электр, озиқ-овқат таъминоти аҳволи билан қизиқди. Гарчи, маҳалла аҳли ҳокимга бирон бир муаммоли масала қўймаган бўлса-да, ҳоким бу ерда кўрганларидан хулоса чиқариб, вилоят газ таъминоти идораси раҳбарига қишнинг совуқ кунлари хонадонларга берилаётган газ босимини кўтариш, вилоят йўл қурилиши идораси раҳбарига эса маҳалланинг марказий кўчасини асфальт қилиш ҳақида топшириқ берди. “Ғазнов” маҳалла фуқаролар йиғинида 2016 йилдан буён бирорта ҳам жиноят содир этилмади. Бу ердаги одамларнинг аҳил ва қонунга риоя этиб яшаш тажрибасини оммалаштириш тавсия этилди.

 

Навбатдаги учрашув “Соҳибкор” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди.

 

photo_2019-11-02_10-11-52.jpg

 

– 2018 йилда қишлоғимизга келганингизда шифохона ёки поликлиника қурилиши ҳақидаги масалани кўтарган эдим, – дейди меҳнат фахрийси Ҳамроли Ҳайдаров. – У тез кунларда қуриб битказилди ва бизнинг узоғимиз яқин бўлди. Лекин яна бир илтимосимиз бор. Маҳалламизда 200 нафар мактабгача ёшдаги болалар бўлиб, уларга таълим муассасаси йўқ.

 

Вилоят ҳокими шу ернинг ўзида бу мурожаатни қаноатлантирди. Келгуси йилда намунавий лойиҳа асосида мактабгача таълим муассасасини қуриш бўйича аниқ топшириқ берилди. Маҳалла аҳли қувончини ичига яшира олмай қўлини дуога очди. Мазкур маҳалладаги учрашувда асаларичи тадбиркор, меҳнат фахрийси Асалбек Муртозобеков яқинда қўшимча 2 минг 800 метр ичимлик суви қувурлари тортилганидан миннатдорлигини билдирди.

 

Ёши тўқсонни қувиб борган “Сариканда” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Сирожиддин Мадаминов мана 11 йилдирки, бир жойда ётади. Унинг холидан хабар олиш учун вилоят ҳокими Ш. Ғаниевнинг бемор хонадонига тўсатдан кириб келиши Сирожиддин отани ҳаяжонлантириб юборди. Кўзига ёш олиб, дуога қўл очди.

 

photo_2019-11-02_10-11-55.jpg

 

Сирожиддин Мадаминов 62 йил давомида ҳайдовчилик касбини улуғлади. Уни ҳар бир сўхлик яхши танийди ва ҳурмат қилади.

 

– Сизга шу бугуноқ аккумляторли, тугмачалар билан бошқариладиган аравача келтириб берилади. Унда истаган ҳамқишлоқларингиз, дўстларингиз олдига ўзингиз боришингиз имкони бўлади, – деди вилоят ҳокими отахонга сиҳат-саломатлик тилаб.

 

Вилоят раҳбари сарикандаликлар билан суҳбатлашди. Улар Президентимизга ўзларининг миннатдорчиликларини билдиришди. Шу ерда 4-мактаб ўқувчилари билан бўлган мулоқот чоғида 9-синф ўқувчиси Самандар Эркинжонов синфларда ўқувчилар сони белгиланган меъёрлардан кўплигини айтиб, янги ўқув биноси қуриб берилишини сўради. Бу масала ҳам мутасаддиларнинг кичик маслаҳатлашувидан сўнг ҳал бўлди. Ҳоким 2020 йил янги ўқув йили бошланадиган кунга қадар 300 ўқувчи ўрнига эга замонавий ўқув биноси қуриб беришни ваъда қилди.

 

photo_2019-11-02_10-11-57.jpg

 

Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳудудига кириб борган Сўхнинг яна бир чекка қишлоғи Ҳушёрдир. Унинг табиати ўзига хос бўлиб, қирлар оралиғидан Сўх дарёсининг ирмоқлари бошланади. Учрашув чоғида ана шу қирларда 50 гектар пистазор яратилиши, ҳар бир хонадонга ундан 10 сотихдан ажратиб берилиши, кўчатлар Фарғонада экишга тайёрлаб қўйилгани эълон қилинди. Вилоят газ таъминоти идораси раҳбари 10 ноябрь кунига қадар қишлоққа табиий газ уланишини айтди.

 

13-мактабнинг жисмоний тарбия ўқитувчиси Равшан Машарипов қишлоқда футбол майдони ташкил этиш таклифи билан чиқди. Шу куниёқ 2 та мини футбол майдонига ер ажратиш ҳақида туман ҳокимининг қарори чиқарилди.

 

Сўхнинг таълим тожик тилида олиб бориладиган 14-мактабидаги учрашув ҳам ғоят қизиқарли ўтди. Дастлаб вилоят раҳбари тарих фанидан машғулот ўтаётган 9-синф ўқувчилари билан суҳбатлашди ва уларнинг билимига юқори баҳо берди. Энг билимдон ўқувчи Мохжабид Хумординова ва бошқа ўқувчиларга китоблар жамланмаси, фан ўқитувчисига эса телевизор совға қилинди.

 

Вилоят раҳбарининг автомашинаси тўсатдан пештоқига “Қишлоқ маданият уйи” деб ёзилган бино олдида тўхтади. У бино аҳволи билан танишди, ходимлар билан суҳбатлашди. Хулоса шундай бўлдики, келаси йил қишлоқ маданият уйи таъмирланади, унинг таркибида кутубхона ва санъат йўналишлари бўйича тўгараклар очилади. “Қизил Қиёқ” қишлоқ фуқаролар йиғинида 2018-2019 йилларда бирорта оилада ажрим рўй бермаган. Қишлоқ аҳолиси билан бўлган учрашувда вилоят раҳбари бундай натижани муносиб баҳолади ва 10 миллион сўм миқдорида мукофот пули ажратди.

 

Ҳа, дарвоқе, бугун Сўхдаги кам таъминланган, оиласида бемори ва фидоийлик билан меҳнат қилган фахрийлари бўлган 2 минг 179 та хонадонга бепул юқори навли ун тарқатилди.

Фойдали ресурслар