2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Халқимизнинг ҳаётдан мамнунлигини кўриш ислоҳотларимизнинг асосий мақсадидир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар ижроси билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 20-21 август кунлари Қорақалпоғистон Республикасида бўлди.

Ташрифнинг иккинчи куни Президентимиз раислигида Нукус шаҳрида Қорақалпоғистонни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.

 

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, шаҳар ва туманлари сектор раҳбарлари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этди.

 

Йиғилишда барча ҳудудларда бўлгани каби Қорақалпоғистонда ҳам ижобий сифат ўзгаришларига эришилгани таъкидланди. Биринчи ярим йилликда ялпи ҳудудий маҳсулот 7,2 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 5,4 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 45 фоизга ўсган.

 

Президентимиз ҳудудда ҳали муаммолар кўплигини, саноатни ривожлантириш, иш ўринларини кўпайтириш бўйича ишлар етарли эмаслигини таъкидлади.

 

– Бу ерга қарсак учун эмас, ишлаш учун, халқимизнинг кўзига қараш учун келдим, – деди Шавкат Мирзиёев. – Дунёқарашини ўзгартирмаган сектор раҳбарлари оёғимизга кишан. Ишга кирган битта хотин-қизнинг бахтини тасаввур қиласизларми? Ёшларни ким етаклайди, уларга тўғри йўналиш беради? Мўйноқ мисолида кўрдиларингиз. Одамларнинг кўзларида «қилса бўлар экан-ку», деган нур бор. Лекин энди бу тарих. Ҳамма туманларда шундай ўзгаришлар қилиш керак.

 

Биринчи ярим йилликда Қорақалпоғистонда саноат ишлаб чиқариш ҳажми атиги 0,5 фоизга ўсгани, Тахтакўпир, Шуманай, Нукус, Чимбой, Тўрткўл, Кегейли туманларида саноат деярли йўқлиги танқид қилинди. Хизмат кўрсатиш, тадбиркорлик ривожи ҳам суст.

 

– Охирги уч йилда туб ислоҳотлар натижасида кўплаб соҳаларни эркинлаштирдик, уларнинг ривожига халақит берган чекловларни бекор қилдик. Қорақалпоғистонда ҳам ҳар бир сектор раҳбари чекловларни бекор қиламан, тадбиркорга хизмат қиламан, деган қоида, шиор билан ишлаши керак, – деди Президент.

 

Йиғилишда Қорақалпоғистонни янада тараққий эттириш бўйича бешта устувор йўналиш белгилаб берилди.

 

Биринчиси – саноатни ривожлантириш, барча тармоқларда йирик ва кичик ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишдан иборат.

 

Иккинчи устувор йўналиш тадбиркорлик жадал ривожланиши учун кенг йўл очиб бериш ва уни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашдир.

 

Қишлоқ хўжалигида илғор технологияларни кенг жорий қилган ҳолда, ишлаб чиқариш ҳажми, ҳосилдорлик ва маҳсулот турларини кескин ошириш учинчи устувор йўналиш этиб белгиланди.

 

Тўртинчиси – ишлаб чиқариш ва одамлар учун қулай бўлган замонавий инфратузилмани яратиш.

 

Оролбўйи аҳолисининг яшаш шароити ва турмуш даражасини яхшилаш юзасидан кенг қамровли ишларни амалга ошириш эса бешинчи устувор йўналиш сифатида эълон қилинди.

 

Президент Шавкат Мирзиёев ҳар бир йўналишда назарда тутилган масалаларга алоҳида тўхталиб, улар бўйича фаол ишлаш зарурлигини таъкидлади.

 

Шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарнинг ўзига хос хусусиятлари ва имкониятларидан келиб чиқиб, уларни турли соҳаларга ихтисослаштириш бўйича тавсиялар берилди.

 

Жумладан, Қораўзак тумани қурилиш материаллари, Беруний, Хўжайли, Нукус туманлари мева-сабзавотчилик, Тахтакўпир чорвачилик, Шуманай паррандачилик, Элликқалъа узумчилик ва туризм, Мўйноқ балиқчилик ва чорвачилик, Кегейли чорвачилик, қизилмияни қайта ишлаш ва қоғоз саноати, Қанликўл тумани дуккакли экинлар ва шоли етиштиришга ихтисослаштирилиши қайд этилди.

 

Қўнғирот туманини нефть-кимё саноати ва чорвачиликка, Чимбойни қизилмия етиштириш ва қайта ишлашга, Тўрткўлни шиша, ойна ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга, Амударё туманини боғдорчилик, тўқимачилик ва пиллачиликка, Нукус шаҳрини эса фармацевтика ва электротехникага ихтисослаштириб, Тахиатош туманини саноат ишлаб чиқариш ҳудудига айлантириш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

 

Йиғилишда сектор раҳбарлари Президентимиз берган топшириқларни бажариш, ўз ҳудудида вазиятни яхшилаш, кутилган натижага эришиш бўйича кафолат берди.

 

Давлатимиз раҳбари ўтган йили Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида мамлакатимизни янги тараққиёт босқичига кўтаришда, энг аввало, салоҳиятли янги авлод кадрларини тайёрлаш зарурлиги, бунинг учун юртимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан янги типдаги таълим муассасалари – Президент мактаблари ташкил этилишини таъкидлаган эди.

 

Президентимизнинг жорий йил 20 фeвралда “Прeзидeнт мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Прeзидeнт мактаблари мамлакатнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич ташкил этилмоқда.

 

Айни пайтда Нукус, Наманган, Хива ва Тошкент шаҳарларида Президент мактаблари қурилиши жадал давом этмоқда.

 

Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳридаги Президент мактабида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

 

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетига тегишли ҳудудда қурилаётган ушбу таълим муассасасига жорий йилнинг март ойида тамал тоши қўйилган. Икки гектар ҳудудда замонавий ўқув биноси, ётоқхона, ошхона, стадион қурилмоқда.

 

Президент мактабларини ташкил этишдан асосий мақсад мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг ривожланишига зарур шароитлар яратишдир. Энг қобилиятли ўқувчилар танлаб олинадиган бу мактабларда ёшларга математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари ҳамда хорижий тиллар илғор таълим услублари асосида чуқур ўргатилади.

 

Шу билан бирга, мактабларга малакали хорижлик ва маҳаллий педагоглар жалб этилади. Уларнинг фаолият юритиши учун керакли шароитлар яратилади.

 

Мазкур мактабларда ўқув жараёни хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурлари бўйича инглиз тилида амалга оширилади ва “STEAM – таълим” (Science –табиий фанлар, Technology – технология, Engineering – техник ижодкорлик, Art – санъат, Mathematics – математика) дастури асосида олиб борилади.

 

Президент мактабларининг 9-11-синфларида таълим олиш ўқувчиларнинг қизиқишига кўра айрим фанни танлаш ва уларни ўрганиш даражасини инобатга олган ҳолда индивидуал ўқув жараёни асосида амалга оширилади.

 

Мактаб битирувчилари белгиланган тартибда давлат томонидан тасдиқланган шаҳодатнома, аттестат билан бир қаторда, халқаро даражадаги тегишли дастур дипломи (International Baccalaureate, Advanced Placement ёки International Advanced Levels)га эга бўлади. Бу эса, ўз навбатида, хорижий олий ўқув юртларига кириш имконини беради.

 

Президент мактабларига қабул имтиҳонлари Кембриж университетининг Cambridge Assessment International Education бренди остида фаолият юритувчи Имтиҳон кенгаши томонидан амалга оширилди.

 

Нукусдаги Президент мактабига ўқишга 7 мингдан ортиқ ўқувчи ҳужжат топширган эди, улар орасидан энг иқтидорли 144 ўқувчи ўқишга қабул қилинди.

 

Давлатимиз раҳбари таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб, Президент мактаблари юртимизда таълим сифатини оширувчи локомотив бўлишини қайд этди.

 

Шавкат Мирзиёев мактабнинг биноси ҳам, маърифати ҳам мукаммал бўлиши кераклигини, шунинг учун уни шошмасдан, сифатли қуриб, Конституция байрамида фойдаланишга топшириш зарурлигини таъкидлади. Унгача ўқувчилар бошқа бинода ўқиб туради.

 

Давлатимиз раҳбари мазкур билим даргоҳи учун педагоглар қандай танланаётгани билан қизиқди.

 

– Бу мактабларнинг ўқитувчиси ҳам, ўқувчиси ҳам энг намунали бўлиши лозим, – деди Президент. – Чуқур билим билан бирга маънавият, ватанпарварлик туйғуси ҳам сингдирилиши зарур. Бу ерга билимли болалар келиши учун ҳар бир туманда базавий боғча ва мактаблар шаклланиши лозим. Шунда умумий билим, савия, таълим муҳити ўзгаради.

 

Шу ерда Президентимизга Нукус шаҳри бош тарҳи, “Нукус сити” қурилиши режалаштирилаётган ҳудуд ҳақида ҳам маълумот берилди.

 

Шавкат Мирзиёев Тахиатош туманидаги «Мадед Ботир» фермер хўжалиги даласида ғўза ривожини кўздан кечирди.

 

Ушбу хўжаликнинг жами ери 110 гектар бўлиб, 60 гектарида пахта етиштирилмоқда.

 

Давлатимиз раҳбари дала агротехникасидаги камчиликларни кўрсатиб, пахта пишишини тезлаштириш, ҳосилга ҳосил қўшиш бўйича ўз тавсияларини берди. Қишлоқ хўжалигида илм-фандан кенг фойдаланиш, Қорақалпоғистоннинг иқлимига мос навлар яратиш лозимлигини таъкидлади.

 

Президентимиз Тахиатош иссиқлик электр станциясида қуввати 230-280 мегаватт бўлган иккита буғ-газ қурилмасини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаси билан танишди.

 

Тахиатош иссиқлик электр станцияси Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида барпо этилаётган йирик иншоотдир. Бу ерда буғ-газ қурилмасининг биринчи навбати жорий йил охиригача, худди шундай иккинчи қурилма кейинги йил январь ойида ишга туширилади.

 

Корея Республикасининг “Hyundai Engineering Co. Ltd.” ва “Hyundai Engineering & Construction Co. Ltd” компаниялари ҳамкорлигида амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 678,2 миллион долларни ташкил этади.

 

Иккита буғ-газ қурилмаси ишга туширилиши натижасида станциянинг умумий қуввати 730 мегаваттдан 1003 мегаваттгача ошади. Йилига 488,6 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади. Шунингдек, йиллик сув сарфи 293 миллион куб метрга камаяди. 100 га яқин янги иш ўрни яратилади.

 

Айни пайтда иншоотда 85 фоиз ишлар бажарилган. Қурилиш-монтаж, ускуналарни ўрнатиш ишлари давом эттирилмоқда.

 

Давлатимиз раҳбари буғ-газ ускунаси қурилишини кўздан кечирди. Мазкур янги қувватларни барпо этишда иштирок этаётган кореялик мутахассислар билан суҳбатлашди.

 

– Мамлакатимиз энергетика хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли ишларни амалга оширяпмиз. Саноатни ривожлантириш борасида катта марра олганмиз, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этяпмиз. Булар учун, аввало, мустаҳкам инфратузилма керак. Таллимаржон, Навоий, Тўрақўрғон, Тахиатош иссиқлик электр станциялари модернизация қилиниб, қувватлари оширилаётгани ана шундай асос бўлади. Аҳолини, корхоналарни электр энергияси билан барқарор таъминлайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Шу ерда Президентимизга Устюрт минтақасида нефть ва газ захираларини аниқлаш бўйича олиб борилаётган геология-қидирув ишларининг ҳолати ҳақида ҳам маълумот берилди.

 

Шу билан Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи якунланди.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар