2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Қайси тоифадаги хотин-қизларга имтиёзли асосда уй берилади?

Мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун барча шароитларни яратиб бериш борасида эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга имтиёзли уй-жойлар берилаётгани эътиборга моликдир.

Шу ўринда кўпчиликни кимлар арзон уй-жой олиш ҳуқуқига эгалиги, бунинг учун зарур бўладиган ҳужжатлар қизиқтириши табиий. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси бўлим бошлиғи Муборак Асророва мухбиримизга қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга имтиёзли уй-жойлар бериш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган. Имтиёзли уй-жойлар бериш ана шу қарор асосида амалга оширилади.

Ногирон, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар уй-жойга муҳтож хотин-қизлар деб белгиланган. Хусусан, қуйидаги тоифадаги аёллар ушбу имтиёзга эга бўлиши мумкин:

1. Ариза берувчида мулк ҳуқуқи асосида турар жойнинг йўқлиги ва турар жойда ижара шартларида ёки яшаш учун яроқсиз турар жойда яшаши.

2. Бошқа оила (оилалар) билан бир уйда (бир хонадонда) яшаши.

3. Кўп болали (уч ва ундан ортиқ).

4. Ариза берувчи оиласининг даромади.

5. Ижтимоий хусусиятига кўра алоҳида хонада яшаши керак бўлган (сил, тери-таносил касалликларининг оғир кўриниши, қандли диабетнинг йирингли яллиғланиши, псориаз) бемор аёллар (туман тиббиёт бирлашмасининг хулосаси ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси асосида).

6. Ариза берувчининг оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг мавжудлиги.

7. Ариза берувчи уй-жой майдонининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган (бир шахс учун умумий уй-жой майдони 16 квадрат метрдан кам бўлмаган, курси-коляскадаги ногиронлар учун 23 кв. метрдан кам бўлмаган) уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги.

8. Биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз аёллар.

9. Ёлғиз ўзи оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган бола парваришлаётган аёллар (туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмитаси маълумотномаси ва тиббиёт бирлашмаси хулосаси асосида).

10. Кам таъминланган оилада ёлғиз ўзи икки ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандларни тарбиялаётган аёллар (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси асосида).

Ушбу ижтимоий нормалар ариза берувчининг аҳволини баҳолашда асосий мезон бўлиб хизмат қилади. Талабгор аёлнинг аҳволи ҳар бир пункт бўйича баҳолаб чиқилади ва энг кўп балл тўплаганлар биринчи навбатда тавсия оладилар.

Ногиронлиги бўлган аёлларга қандай уйлар берилади?

Ҳар йили барча туман ва шаҳарларга (тоифасига қараб) 6 тадан 10 тагача 2-3 хонали квартиралар ва 2 сотихли (2-3 хонаси бор) ҳовлилар берилади. Ногирон хотин-қизларга кўп қаватли уйларнинг биринчи ё иккинчи қаватидан квартиралар тақдим этилади.

Бошланғич бадал тўлови

photo5474372651741981576.jpg

Бошланғич бадал (25 фоиз) Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, талабгор ишлаётган ташкилот томонидан ҳамда қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар (ҳомийлар, бошқа жамғармалар) ҳисобидан тўлаб берилади.

Қолган 75 фоизи эса тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиб қопланади (талабгор томонидан). Бордию талабгорнинг бунга қурби етмаса (кам таъминланган бўлса, доимий даромади бўлмаса), у ишлаётган ташкилот, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг маблағлари ҳамда қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан тўлаб берилади.

Талабгор тақдим этадиган ҳужжатлар

Туман ҳокимияти қошида тузилган махсус ҳудудий Комиссияга ариза топширилади ва шу комиссиянинг тавсияси билан кейинчалик имтиёзли уй-жойга эга бўлиш мумкин. Талабгор Комиссияга қуйидаги ҳужжатларни топширади:

· Ариза.

· Паспорт нусхаси.

3. Солиқ тўловчининг идентификация рақами нусхаси (СТИР).

4. Оила аъзолари паспортлари ва никоҳ қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (тўлиқ оила ва никоҳ ҳамда вояга етган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) ва фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар (вояга етмаган фарзандлари мавжуд бўлган тақдирда) нусхалари.

5. Яшаш жойидан оила таркиби тўғрисида маълумотнома.

6. Ариза берувчи ва у билан бирга яшаётган оила аъзоларининг доимий иш жойларидан берилган охирги 12 ой мобайнидаги даромадлари тўғрисида маълумотнома ёки ариза берувчи ва унинг оила аъзоларининг яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органи томонидан тасдиқланган охирги 12 ой мобайнидаги даромадлар тўғрисидаги декларациялар нусхалари.

7. Доимий прописка жойидан кадастр ҳужжати нусхаси (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса).

8. Доимий прописка жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг (17-шакл) нусхаси (агар турар жойи доимий прописка жойи билан тўғри келса).

9. Ижара ёки турар жойдан текинга фойдаланиш тўғрисида шартнома ёки туман (шаҳар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими маълумотнома нусхаси (ариза берувчининг мулк ҳуқуқи асосида турар жойи бўлмаган ҳолатда).

10. Ногиронлик гуруҳи кўрсатилган ҳолда пенсия гувоҳномаси, ушбу ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекциясидаги туманлараро (туман) тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК) маълумотнома нусхаси (оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногирони мавжуд бўлган ҳолатда).

11. Турар жойи бўйича туман даволаш-профилактика муассасанинг врачлик-маслаҳат комиссияси (ВМК) маълумотномаси ёки ариза берувчининг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларига чалинган ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахснинг мавжудлиги ҳолатида – туманлараро (туман) ТМЭК маълумотномаси.

Ариза рақамлаб борилади ва махсус муҳр билан ҳимояланади

Ариза ва ҳужжатлар белгиланган қабул кунларида Комиссияга топширилади. Комиссия аризани рўйхатга олади ва аризанинг бир нусхасига қабул қилинган сана ва қабул қилган шахснинг имзосини қўйиб талабгорга беради (ариза қабул қилиниб олинганлигининг исботи сифатида). Таъкидлаш жоиз, рўйхат рақамлаб борилади, рўйхат дафтари махсус муҳр билан ҳимояланган бўлади.

Комиссия 15 иш кунида ариза берувчининг ҳужжатларини, доимий яшаш жойини, турмуш шароитини ўрганиб чиқади.

Шу ўрганишлар натижасига кўра, 3 кун ичида хулоса тайёрлайди ва уни ёзма шаклда талабгорга етказади. Хулосада имтиёзли уй жойга тавсия этилган ёки этилмагани сабаблари батафсил кўрсатилади.

Уйга муҳтожлар кўп, уйлар сони чекланган. бундай шароитда қандай аёлларга биринчи навбатда уй берилади?

photo5474372651741981577.jpg

Айрим аёллар мен имтиёз бериладиган тоифага кирсам ҳам, беришмаяпти, деб шикоят қилади. Шунинг учун айни масалани ҳаётий вазиятлар орқали тушунтиришга уриниб кўрамиз.

Бир аёл уй-жойга муҳтож ва ёлғиз она, иккинчиси уй-жойга муҳтож, ёлғиз она ва айни дамда кам таъминланган, учинчи бир аёл эса ёлғиз она, кам таъминланган ва яна ногирон ҳам. Шунда албатта, учинчи аёл биринчи икки аёлга нисбатан тавсия олишга ҳақлироқ ҳисобланади.

Аёлларимиз кўп жиҳатдан имтиёзли уй олишга муносиб бўлса ҳам, унданда муносиброғи бўлиши мумкин. Чунки бир тумандан йилига 6 та уй бериляпти, аммо унга ўнлаб, ҳатто юзлаб талабгорлар чиқади. Шунинг учун Комиссия ҳар бир ҳолатни индивидуал ўрганиб, муҳтожлик даражасини баллар орқали ифодалаб боради. Яъни энг муҳтожлар, ўта муҳтожлар, жуда муҳтожлар, ўртача муҳтожлар каби камайиб бориш принципи амал қилади.

Аёл бу йил тавсиянома олмаган бўлса, кейинги ёки ундан кейинги йилларда олиши мумкин. Шу тарзда уй-жойга муҳтожлар сони камайиб, бошқаларнинг уй олиш имконияти кенгайиб боради.

Аслида бу ҳужжат Ҳаракатлар стратегиясининг бу йилги дастурида кўрсатилган “Оғир маиший шароитларда яшаётган, боқувчисини йўқотган, ногиронларни парвариш қилаётган оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш” бандининг ижроси бўйича қўйилган амалий қадамлардан биридир. Ҳозир шу дастур бўйича уй-жойи бўлмаган ёки авария ҳолатидаги ва жуда эски уйларда яшовчи оилаларга арзон уй-жойлар берилмоқда.

Шундай экан, оғир ижтимоий шароитга тушиб қолган аёлларнинг уй-жойи масаласи ҳам, албатта, амалий ечим топади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан мазкур тоифадаги 1 минг 576 нафар хотин-қизларга жорий йил давомида уйларни топшириш режалаштирилган бўлиб, 10 фоизли бошланғич бадали тўлаб берилиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда 1 минг 576 нафар оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бўлган уй-жойга муҳтож хотин-қизлар рўйхатлари шакллантирилди ва ҳудудий комиссиялар томонидан ўрнатилган тартибда ўрганилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи чорак якунига кўра, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси тавсиясига асосан 110 нафар уй-жойга муҳтож оғир турмуш шароитидаги ва ногиронлиги бўлган хотин-қизга уй-жой қурилиши учун 10 фоизли бошланғич бадали тўлаб берилди.

 

Муҳайё ТОШҚОРАЕВА ёзиб олди, ЎзА

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар