2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Музработда 70 ёшдаги отахоннинг икки йиллик оворагарчилигига чек қўйиладиган бўлди

Аввал хабар берганимиздек, Президентимизнинг жорий йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини жойларда кенг тушунтириш ва учрашувлар ўтказиш бўйича Республика ишчи гуруҳи Сурхондарё вилоятида бўлиб, тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказмоқда.

Кеча мазкур тадбир Термиз шаҳри, Ангор, Қумқўрғон, Жарқўрғон ва Термиз туманлари тадбиркорлари учун вилоят марказида, Узун, Сариосиё, Денов, Олтинсой, Шўрчи туманлари кичик бизнес вакиллари иштирокида Денов туманида бўлиб ўтди.

 

Бугун Шеробод тумани ҳокимлигида ўтказилган учрашувда Бойсун, Шеробод, Қизириқ, Музработ туманларининг тадбиркорлари қатнашди.

 

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси, Республика ишчи гуруҳи раҳбари А. Икрамов мазкур ҳужжатнинг мамлакатимизда кичик бизнесни ривожлантириш, аҳоли тўкинлигини таъминлаш ва иқтисодий қудратимизни мустаҳкамлаш ҳақидаги аҳамияти ҳақида атрофлича фикр юритди. Ҳудудларда иш бошлаган Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ва фаолият юритиш механизмлари хусусида фикр алмашилди.

 

13.jpg

 

10.jpg

 

Мамлакатимизда кейинги йилларда соҳани қўллаб-қуватлаб, юксалтиришга қаратилаётган изчил ислоҳотлар кичик бизнесни янада ривожлантириб, обод ва фаровон турмушимизни таъминлашга хизмат қилмоқда. Тадбиркорлар таклиф ва муаммоларини тинглаб, уларни ҳал этишнинг самарали янги тизими яратилгани бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Хусусан, жорий йилнинг дастлабки чорагида воҳа ялпи ҳудудий маҳсулотида кичик бизнеснинг улуши 68.2 фоизга етди. 51 та хорижий сармоя иштирокидаги ва икки мингга яқин хусусий корхона ташкил этилди. Хусусий секторни молиявий қўллаб-қувватлаш учун 335 миллиард сўм кредит маблағи ажратилди. Кичик бизнес субьектлари томонидан 36.7 миллион доллар қийматидаги маҳсулот экспорт қилинди. Бу вилоят умумий экспортининг 90.8 фоизини ташкил этади.

 

Элликдан ортиқ вазирлик, идоралар, хўжалик бошқаруви органлари мутасаддилари, алоқадор туманлар ҳокимлари, вилоят ташкилотлари раҳбарлари иштирок этган тадбирда Ишчи гуруҳ ва вилоят Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ҳамкорлигида хусусий сектор вакилларининг муаммо ҳамда таклифлари тингланиб, уларни тезкор ҳал этиш йўллари изланди.

 

20.jpg

 

16.jpg

 

14.jpg

 

– Икки йилдан буён боғдорчиликни йўлга қўйиш учун бир гектар ер сўраб, туманда бормаган раҳбарим қолмади, – Музработ туманидаги Орият маҳалласида яшайдиган Т.Жумаев. – Ҳудудимиздаги ташландиқ кўлда балиқ парваришлашни кўнглимга тугиб, уни ҳам сўраб кўрдим, рухсат беришмади. Халқ банкига раҳмат. Асаларичилик учун имтиёзли маблағ сўраган эдим, оз бўлса-да кредит ажратди. Учрашувда мутасаддиларга ушбу муаммоларимни рўй-рост айтдим. Маҳаллий ҳокимлик ва мутасадди идоралар билан ҳамкорликда шу ернинг ўзида ечими изланди. Иккита масалам ҳам тегишли тартибда кўриб чиқилиб, ҳал этиладиган бўлди. Адолат бор экан. Бундай эътибордан жуда қувондим.

 

Республика Ишчи гуруҳи икки кун давомида вилоятда Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси ҳамкорлигида 200 дан ортиқ кичик бизнес субьектининг таклиф ва муаммосини эшитиб, уларни адолатли ҳал этишга кўмаклашди. Туман ва вилоятда ечими топилмайдиган масалаларни ҳукумат даражасида ҳал этишга келишиб олинди.

 

Республика Ишчи гуруҳи Қашқадарё вилоятига жўнаб кетди.

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА

Фойдали ресурслар