2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Сайёр қабулда 57 та мурожаат ижобий ҳал қилинди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг хабар беришича, Бухоро вилояти Вобкент туманида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳамда вилоят тиббиёт муассасалари раҳбарлари иштирокида сайёр қабул ўтказилди.

Вобкент, Ғиждувон, Шофиркон, Ромитан, Пешку ҳамда Бухоро туманлари фуқаролари қатнашган мазкур тадбирда 57 нафар фуқаронинг мурожаати атрофлича ўрганиб чиқилди ва ижобий ҳал этилди.

Қайд этиш жоизки, мурожаатларнинг асосий қисми туғма юрак нуқсони, таянч-ҳаракат аъзолари, асаб тизими, буйрак ва нафас йўллари хасталиклари юзасидан бўлиб, уларнинг аксарияти имтиёзли асосда тегишлилиги бўйича вилоят тиббиёт муассасалари ва республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида даволаниши белгиланди.

Жумладан, кардиологик жарроҳлик операцияси орқали даволанишда амалий ёрдам сўраган вобкентлик Мафтуна Эргашевага Республика ихтисослаштириш хирургия илмий-амалий тиббиёт марказига даволаш ва операция қилиш учун имтиёзли асосда йўлланма бериладиган бўлди. Ногиронлик аравачасига эҳтиёжи бор яна бир вобкентлик фуқаро Жалил Жўраевга шу ернинг ўзида ногиронлик аравачаси тақдим этилди.

Шофиркон туманидан Ўғилой Камолова эса бош мия хасталиги билан оғриган набираси Мирзоҳид Хайруллаевнинг даволаниши учун амалий ёрдам сўради. Ушбу мурожаат юзасидан вилоят тиббиёт муассасаларидан педиатр, психиатр, невропатолог, ортопед каби етакчи тор мутахассисларни туманга юбориб, беморни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, тажрибали мутахассислар иштирокида консилиум қилган ҳолда вилоят ёки республика тиббиёт муассасаларида даволаш чораларини кўриш белгиланди.

Сайёр қабулда ромитанлик Дилмурод Саидовнинг муаммоси ҳам ечим топди. У икки томонлама коксартроз операциядан кейинги ҳолат ташхиси билан даволаниш ва операция учун амалий ёрдам сўраган эди. Уни эндопротез билан таъминлаш масаласи шу куннинг ўзида ҳал қилиниб, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида имтиёзли равишда операция қилиш ва даволаш режалаштирилди.

Ҳозирги кунда жойларда аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Шу маънода, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мунтазам ташкил этилаётган сайёр қабуллар тиббиёт ходимлари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Шундан келиб чиқиб, халқ билан янада самарали мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг ҳаётий эҳтиёж ва талабларини яқиндан билиш, хусусан, юртимизда кўрсатилаётган кафолатланган ҳамда бошқа тиббий хизмат турлари бўйича ҳал этилмаган муаммо ёки таклифларни атрофлича ўрганиб, уларга ўз вақтида ечим топиш муҳим аҳамият касб этади.

Сайёр қабулда иштирок этган фуқаролар соғлиқ аталмиш улкан бойликни асраб-авайлашда ўз ёрдамини аямаётган шифокорларга миннатдорлик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг виртуал қабулхонаси ташкил этилган бўлиб, фуқаролар вазирликнинг расмий веб-сайти – www.ssv.uz, шунингдек, ушбу интернет манзилида кўрсатилган электрон почта ёхуд телефон орқали мазкур виртуал қабулхонага тўғридан-тўғри мурожаат юбориши мумкин. Ҳар бир мурожаат шахсан Соғлиқни сақлаш вазири томонидан кўриб чиқилиб, назоратга олинади ҳамда қонун доирасида ҳал этилади.

ЎзА

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар