2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Тизим бор, назорат етишмайди

Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасида Сирдарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов раҳбарлигида “Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар вақти” дастури доирасида соҳага оид ислоҳотларнинг амалиётдаги самарадорлиги муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш танқидий-таҳлилий руҳда ўтди ва соғлиқни сақлаш тизимидаги рақамлаштириш жараёнида кузатилаётган камчиликлар атрофлича таҳлил қилинди.

Мазкур йиғилишда соҳа вакиллари билан бир қаторда прокуратура органлари, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бўлими масъуллари, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳам онлайн тарзда иштирок этишди.

Муҳокаманинг асосий мавзуларидан бири стационар шароитда даволанаётган беморлар тўғрисидаги маълумотларни DMED ахборот тизимига тўлиқ ва ўз вақтида киритиш масаласи бўлди. Тақдим этилган маълумотларга кўра, айрим ҳудудларда бу йўналишдаги кўрсаткичлар қониқарсиздир. Жумладан, Ширин шаҳрида  38,2 фоиз, Сайхунобод туманида  62,2 фоиз, Ховос туманида  64,5 фоиз, Сардоба туманида  69,5 фоиз. Бу ҳолат ҳудудий тиббиёт муассасаларида рақамлаштириш жараёни етарлича тизимлаштирилмаганини кўрсатади.

Лаборатория таҳлили натижаларини электрон тизимга киритиш борасида ҳам жиддий камчиликлар мавжуд. Хусусан, Сайхунобод, Гулистон, Боёвут туманлари ҳамда Ширин шаҳри тиббиёт бирлашмаларида бу йўналишдаги ишлар сусайган.

Вилоят Онкология ва радиология марказида электрон касаллик тарихи нотўғри юритилгани ва пуллик хизматлардан тушган даромадлар маълумотлар базасига тўлиқ киритилмаётгани аниқланди. Шунингдек, Вилоят дерматовенерология ва косметология марказида 1 майдан 17 майгача 58 миллион сўмлик даромад тушган бўлса-да, шундан фақат 20,4 миллион сўмигина (яъни 35,9 фоиз) электрон базада акс эттирилган. Қолган 64,1 фоиз маблағ ҳеч қандай расмий ҳисоботда кўрсатилмаган.

–  Бу бир муассасага хос ҳолат эмас, афсуски, бошқа шифохоналарда ҳам шунга ўхшаш камчиликлар кузатиляпти, “90 кунлик ўзгаришлар” – бу шунчаки шиор эмас, балки ҳар бир раҳбар ва мутахассис зиммасига юклатилган аниқ вазифа ва жавобгарликдир, – деди вилоят раҳбари Эркинжон Турдимов.

Вилоят наркология маркази, юқумли касалликлар шифохонаси, ахборот-коммуникация технологиялари мутахассислари, маҳаллий ҳокимликлар ҳам танқид қилиниб, масъулиятсизликка йўл қўйилаётгани, назоратнинг етарли эмаслиги  қайд этилди. Йиғилиш давомида ҳар бир раҳбар ва мутасаддиларга амалий натижага йўналтирилган вазифалар юклатилди.

Йиғилишда фармацевтика соҳасидаги вазиятга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Вилоятда 219 та фармацевтика субъекти фаолият юритмоқда. Улар орасида 10 та ишлаб чиқариш корхонаси, 15 та улгуржи савдо ташкилоти ва 194 та чакана дорихона бор. Текширувлар натижасида 150 та дорихонада ноқонуний айланма ва қонунбузарлик ҳолатлари аниқланган. Бу аҳоли саломатлигига бевосита хавф туғдирувчи ҳолат сифатида баҳоланди.

Шунингдек, дори воситаларини тайинлаш ва рецептларни расмийлаштириш тартибида ҳам жиддий камчиликлар мавжуд. Жорий йил бошидан буён 52 та ҳолатда шифокорлар белгиланган расмий бланкалар ўрнига оддий қоғоз парчаларида рецепт бергани аниқланган. Масалан, Сайхунобод туман болалар бўлими шифокори “Nitroksolin” дори воситасини, Сирдарё туман тиббиёт бирлашмаси шифокори эса “Мидокалм” ва “Диклоберл” препаратларини рецептсиз тайинлаган.

Бундай ҳолатлар нафақат қонунбузарлик, балки бемор хавфсизлиги, дори воситаларининг айланмаси ва назорат тизими учун жиддий таҳдид ҳисобланади. Шу сабаб, шифокорларнинг ҳуқуқий билим ва масъулиятини ошириш мақсадида мунтазам ўқув-семинарлар ташкил этилиши зарурлиги таъкидланди.

Молиявий интизом масаласида ҳам жиддий муаммолар қайд этилди. Йил бошидан буён 6 та жиноий ва 3 та маъмурий иш юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда. Гулистон, Сайхунобод, Оқолтин туман тиббиёт бирлашмалари ҳамда Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида юзлаб миллион сўм маблағлар асоссиз равишда сарфланган ёки талон-торож қилинган.

Шунингдек, Гулистон шаҳар тиббиёт бирлашмаси мансабдорлари дори воситаларини бозор нархидан юқори нархларда харид қилиш орқали давлат маблағларини самарасиз йўналтиргани маълум бўлди. Бундай ҳолатларни бартараф этиш учун масъул раҳбарларнинг жавобгарлигини ошириш, ишга янгича ёндашувга эга мутахассисларни жалб этиш ҳамда тизимли қайта тайёрлаш ишларини ташкил этиш топширилди.

Йиғилиш якунида таъкидланганидек, рақамлаштириш жараёнидаги камчиликлар, молиявий ҳисобдорликда шаффофликнинг йўқлиги ва шифокорлар масъулияти  соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг самарадорлигига бевосита таъсир кўрсатувчи омиллар ҳисобланади. Танқидий таҳлил, шахсий жавобгарлик ва қатъий назорат  бугунги кун талабига айланган.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Таълим кредитиИшонч телефони8 Май 202423 Май 2024Хоразм вилояти
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Тадбиркорлик фаолияти учун дастурлар асосида имтиёзли кредитлар (иссиқхона, чорва, парранда, балиқ, қуён, асалари, тикувчилик, боғдорчилик, ҳунармандчилик ва бошқалар)Ишонч телефони9 Апрель 202419 Апрель 2024Андижон вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар