2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Ўзбекистон халқига Рамазон ҳайити табриги

Қадрли юртдошлар!

Аввало, сиз азизларни, бутун халқимизни улуғ айём – муборак Рамазон ҳайити билан чин юракдан самимий табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман.

Ушбу саодатли дамларда бу йилги Рамазон ойини ҳар томонлама муносиб ўтказиб, Ийд-ал-Фитрни эл-юртимиз билан бирга мана шундай шоду хуррамликда кутиб олаётганимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз.

Албатта, туб моҳиятида инсонпарварлик ғояси мужассам бўлган муқаддас ислом динининг эзгу қадриятлари бугунги кунда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга нақадар уйғун ва ҳамоҳанг экани Рамазон ойида янада яққол намоён бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Бу ҳақда сўз юритганда, аввало, маънавий покланиш, сабр-қаноат, шукроналик, хайру саховат фазилатлари улуғланадиган ушбу ойни миллий анъана ва қадриятларимизга мос тарзда, юксак савияда ўтказиш, юртимиз мусулмонлари ибодат амалларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шароитлар яратилганини таъкидлаш лозим.

Айниқса, бу муборак ойнинг “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” деган ғоя асосида ўтказилгани жамиятимизда тинчлик, дўстлик, меҳр-оқибат ва саховат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Шу мақсадда кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилалар, кекса, ногирон ва ёлғиз инсонлар ҳолидан хабар олиш, камбағал кишиларнинг оғирини енгил қилиш, уйлар ва маҳаллаларни обод этиш, уч авлод вакиллари иштирокида оммавий дарахт экиш, янги боғу роғлар барпо этиш бўйича кўплаб хайрия тадбирлари ўтказилганини қайд этиш зарур. Жумладан, республикамиз бўйлаб кўпмиллатли, кўпконфессияли мамлакатимиз жамоатчилиги вакилларини бирлаштирган ифторлик маросимлари бизнинг кучимиз бирликда ва ҳамжиҳатликда эканини яна бир бор яққол намоён этди.

Ўйлайманки, кейинги йилларда яхши анъанага айланган бундай маросимлар инсон қадрини улуғлаш, меҳнаткаш ва олижаноб халқимизни ягона, аҳил оила сифатида бирлаштириш борасида беқиёс аҳамиятга эга бўлиб, биз бу ишларни бундан буён ҳам албатта давом эттирамиз.

Ҳурматли дўстлар!

Барчангизга маълумки, ислом – бу аввало, одамийлик, илм-фан, билим ва маърифат, эзгу фазилатларни улуғлаш таълимотидир.

Шу борада мамлакатимизда ислом цивилизацияси ва маданияти асосида яратилган бой илмий-маънавий меросни тўплаш, ўрганиш ва кенг тарғиб этишга сўнгги йилларда улкан эътибор берилмоқда. Айни шу мақсадда юртимизда янги-янги илмий-маърифий марказлар, диний йўналишдаги таълим масканлари, қутлуғ зиёратгоҳлар барпо этилиб, самарали фаолият олиб бормоқда.

Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси гўзал диёримизда барча соҳа ва тармоқлар қатори диний-маърифий ҳаёт ҳам узлуксиз ривожланишда эканидан далолатдир. Бу ишларда юртимиз мўмин-мусулмонлари, бутун халқимизнинг муносиб ҳиссаси борлигини таъкидлаб, бунинг учун барчангизга самимий миннатдорлик билдираман.

Мана шу шукуҳли айёмда чет элларда она юртга садоқат туйғуси билан яшаётган ватандошларимизни ҳам Рамазон ҳайити билан чин дилдан қутлаб, уларга эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.

Ушбу шарофатли кунда дунёнинг узоқ-яқин ўлкаларидаги мусулмон умматини ҳам қизғин табриклаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига дўстлик саломимизни йўллаймиз.

Азиз ва муҳтарам ватандошлар!

Сиз, азизларни Рамазон ҳайити билан яна бир бор чин қалбимдан муборакбод этиб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Рамазон ойида қилган барча эзгу ният ва дуоларимиз ижобат бўлсин!

Аллоҳ таоло жонажон Ватанимиз ва халқимизни ўз паноҳида асрасин!

Ийд-ал-Фитр айёми барчамизга муборак бўлсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Таълим кредитиИшонч телефони8 Май 202423 Май 2024Хоразм вилояти
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратишПрезидент почтаси6 Май 202418 Сентябрь 2024Навоий вилояти
Тадбиркорлик фаолияти учун дастурлар асосида имтиёзли кредитлар (иссиқхона, чорва, парранда, балиқ, қуён, асалари, тикувчилик, боғдорчилик, ҳунармандчилик ва бошқалар)Ишонч телефони9 Апрель 202419 Апрель 2024Андижон вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар