Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Президент Администрацияси ҳамда Халқ қабулхонаси бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи вакиллари ижтимоий-иқтисодий ҳолати оғир энг чекка ҳудудларда камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда жойларда қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича фаолиятини давом эттирмоқда.
Ҳозирда Президент маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳ Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳри, Бўка, Оққўрғон, Қуйи Чирчиқ, Юқори Чирчиқ туманларидаги 246 та маҳаллада хонадонбай ишларни амалга оширмоқда.
Хусусан, Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар ҳамда ўрганишлар натижаси асосида ўтган бир ойдан зиёд давр мобайнида мазкур туманлардаги 348 та шароити оғир бўлган оилага моддий ёрдам кўрсатилди, 249 та оиланинг уй-жойи таъмирланди, 100 га яқин оилага турли асбоб-ускуналар хариди учун cубсидия ажратилди, 13 мингга яқин ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, тадбиркорликни бошлаш ёки кенгайтириш учун 400 га яқин фуқарога 5 миллиард 738 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилиши таъминланди.
Мисол учун, Бўка тумани "Гулистон" кўчасида яшовчи Актам Жўраев ишсиз эди. Оилани камбағалликдан чиқариш мақсадида ўз томорқасида иссиқхона ташкил қилиши учун Республика ишчи гуруҳи томонидан моддий кўмак кўрсатилди. Айни пайтда у оила аъзолари билан тўқсонбости экинлар экмоқда.
Юқори Чирчиқ тумани Усмонобод маҳалласида яшовчи Беҳзод Жамолиддиновга рўзғорини ўнглаб олиши учун 30 сотих ер ажратилди ҳамда хонадонида 3 сотих иссиқхона ташкил этиши учун 10 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди, иссиқхона устига ҳомийлик ҳисобидан полиэтилен қоплама ҳам олиб берилди.
Туманинг Чумчуқжар маҳалласида яшовчи Наргиза Умарқулованинг турмуш ўртоғи кутилмаганда вафот этиши аёлни уч нафар вояга етмаган фарзанди билан оғир синовлар гирдобида қолдирди.
Бевосита Республика ишчи гуруҳининг моддий кўмаги билан қаҳрамонимиз қийинчиликларни енгиб, рўзғорини бутлаб олади. Унга тикув машиналари ва керакли матолар олиб берилди. Шу тариқа аёл ўзидан ташқари ишсиз қўшни аёлларни ҳам банд қилиб, хонадонида кичик тикув цехи ташкил этишга киришди. Унга ҳомийлар томонидан қўшимча бино қуриб берилмоқда.
Худди шундай Баҳор маҳалласида яшовчи кўмакка муҳтож оила вакилларидан Фотима ва Зиёда Жўраевалар ҳам эътибордан четда қолмади. Зиёдага кредит, субсидия ва ҳомийлик асосида 3 та тикув машинаси олиб берилди. Рўзғорига барака кираётган аёл ўзидан ташқари қўшни аёлларни ҳам ишли қилди. Шунингдек, Фотима Жўраеванинг хонадони ҳам ҳомийлар томонидан таъмирлаб берилмоқда.
Бўка тумандаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва уларни қайта ишлашга мўлжалланган агрокластер ҳам бир неча йиллардан бери ҳудудда камбағалликни қисқартириш, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлашга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Хусусан, кластерда 80 дан ортиқ доимий, 150 дан ортиқ мавсумий иш ўрни мавжуд. Давлатимиз раҳбарининг топшириға кўра, ҳар бир камбағал ва ишсиз оилага 1 гектардан ер ажратилган бўлиб, уларга экин экиш ва маҳсулотини сотишда маълум фермер хўжаликлари ва агрокластерлар кўмаклашмоқда. Шу жиҳатдан, Агрокластер ҳам 35 дан ортиқ хонадонга бепул кўчатлар етказиб берди ва улар томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиб, моддий жиҳатдан кўмаклашиб келмоқда.
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига яратиб берилаётган шароитлар сабаб бугун янгидан-янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланмоқда. Натижада ўша ҳудуднинг ишсиз фуқаролари бандлиги таъминланяпти. Хусусан, Бўка тумани Бўстон маҳалласида ташкил этилган тикув-трикотаж корхонасида ҳам у ердаги 60 дан ортиқ камбағал оила хотин-қизларининг бандлигини таъминлади.
Шунингдек, Юқори Чирчиқ тумани Дарҳон маҳалласида дурадгорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган Айман Амриевга замонавий дастгоҳлар харид қилиш ва ишини кенгайтиришда Республика ишчи гуруҳи кредит олишига кўмаклашди ҳамда “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо қилинди.
Энди у даромад солиғидан озод қилинди. Қаҳрамонимиз бундай имкониятлардан фойдаланиб, қўшимча иш ўринларини ташкил этишни мақсад қилган.
Республика ишчи гуруҳининг жойлардаги фаолияти давом этмоқда.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |