Президент Шавкат Мирзиёев 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 79 йиллигига бағишланган маросимда иштирок этди.
Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойил барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош ғоясини ташкил этади.
Бу жиҳатлар Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ватан ва халқ озодлиги йўлида мардлик ва жасорат намунасини кўрсатиб, жанг майдонларида жонини фидо қилган ота-боболаримиз, мустақиллик йилларида халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилиш ҳамда ўз хизмат бурчини адо этиш йўлида ҳалок бўлган жасур ҳарбийларимиз хотирасини абадийлаштириш, уруш йилларида катта қийинчиликларни сабр-бардош билан енгиб ўтган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган фахрийларимизга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш борасидаги ишларда ҳам намоён бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тошкент шаҳрида халқимиз жасоратининг ёрқин рамзи сифатида бунёд қилинган муҳташам Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуаси қисқа вақт ичида қутлуғ зиёратгоҳга айланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғига ташриф буюриб, хотира маросимида иштирок этди. “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди.
Ушбу мажмуадаги ҳар бир экспозиция, тимсол ва битиклар мудҳиш уруш ҳақиқатларини ифода этади. “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги урушда ўз боласидан, ёридан жудо бўлган барча аёллар шарафига ўрнатилган муаззам обидадир. Боғ бўйлаб таралаётган мунгли куй халқимизнинг йўқотишлари, ҳалок бўлган инсонлар тақдирини ёдга солади.
– Бу санани биз ҳам хурсандчилик, ҳам изтироб билан нишонлаймиз. Урушнинг халқимиз бошига солган оғир кулфатлари, орадан шунча йиллар ўтса-да, унутилмайди. Ўша пайтда республикамиз аҳолиси 6,5 миллион киши бўлган бўлса, шундан 1 миллион 950 мингдан ортиғи урушда қатнашган. Уларнинг 538 мингдан зиёди қонли жангларда ҳалок бўлгани, 158 мингдан кўпроғи бедарак кетгани биз учун ҳеч қачон ўрнини тўлдириб бўлмайдиган оғир йўқотишдир. Сўнгги йилларда мана шундай хотира мажмуалари ва музейлар ташкил қилиб, бу ҳақиқатни муҳрлаб қўйдик. Бу ишларимиз халқимиз, айниқса, ёшларимиз тарбиясида улкан аҳамиятга эга, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бугунги кунда Ғалаба боғи юртдошларимиз, ёшлар учун ўзига хос ватанпарварлик, тинчликсеварлик мактаби бўлиб хизмат қилмоқда. Бу ерда “уч авлод учрашувлари”, хотира тадбирлари, тарих дарслари ўтказилмоқда. Шу кунгача мажмуага 2 миллион 200 минг нафардан зиёд киши ташриф буюриб, Иккинчи жаҳон урушида кўпмиллатли Ўзбекистон халқи кўрсатган жасорат ва матонат тафсилотлари билан яқиндан танишган.
Мажмуа жамоаси томонидан 50 га яқин китоб-альбом ва монографиялар яратилгани, илгари номаълум бўлган юзлаб тарихий далиллар илмий муомалага киритилгани, 2 миллион нафарга яқин уруш қатнашчилари рўйхати шакллантирилгани, аҳоли мурожаатлари бўйича бедарак кетган жангчилар тақдирига оид маълумотлар тўпланганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Мамлакатимизда хотира маросимлари, уруш ва меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хотирасини улуғлашга қаратилган катта ишлар мунтазам амалга оширилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 16 апрелда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ана шундай ҳурмат ва эътиборнинг яна бир амалий ифодасидир. Мазкур фармонга мувофиқ, уруш қатнашчилари ва ногиронларига пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Ёлғиз яшаётган уруш ва меҳнат фахрийлари, истиқлолимиз ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларининг уй-жойлари таъмирланиб, обод қилинмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Қуролли Кучлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар ҳам иштирок этиб, “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гуллар қўйишди.
Президентимиз ташаббуси билан Ғалаба боғи ҳудудида яна бир мажмуа – Мустақиллик фидойилари хиёбонини ташкил этиш режалаштирилган. Ташриф чоғида ушбу мажмуа лойиҳаси тақдимот қилинди.
– Инсон хотираси ва қадрини улуғлаш борасидаги ишларимизнинг узвий давоми сифатида Ғалаба боғи таркибида мана шу хиёбонни барпо этсак ва унга Мустақиллик фидойилари хиёбони, деб ном берсак, ўйлайманки, эл-юртимиз қалбидаги орзу-армон ва эзгу интилишларни рўёбга чиқарган бўламиз, – деди давлатимиз раҳбари. – Истиқлол йилларида Ўзбекистон Республикасини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган мард ва жасур ўғлонларимизнинг азиз хотирасига эҳтиром кўрсатиш барчамиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Ватанга фидойилик намунасини кўрсатган, юрт тинчлиги ва келажаги учун керак бўлганда жонини қурбон қилган бу баҳодир фарзандларимизнинг қаҳрамонлиги халқимиз, ёш авлодимиз учун доимо ўрнак ва намуна бўлиб хизмат қилади.
Мамлакатимиз ва чет эллик мутахассислар ҳамкорлигида ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилган бетакрор лойиҳага кўра, Мустақиллик фидойилари хиёбонида она юртимизга уюштирилган террорчилик хуружларига қарши курашда, шунингдек, ўз ҳарбий бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган аскар ва офицерларнинг қутлуғ номлари ва ўчмас хотираси абадийлаштирилади.
Давлатимиз раҳбари мажмуа ғояси ва қурилиши бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Мурожаат таснифи | Юбориш усули | Келиб тушган сана | Кўриб чиқилган сана | Ҳудуд |
---|---|---|---|---|
Бузилган уй-жой, олиб қўйилган ер майдони ўрнига ер майдони, уй-жой ва компенсация ажратиш | Президент почтаси | 6 Май 2024 | 18 Сентябрь 2024 | Навоий вилояти |
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуриш | Ишонч телефони | 17 Ноябрь 2023 | 27 Февраль 2024 | Тошкент вилояти |
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозилик | Веб-сайт | 14 Февраль 2024 | 20 Февраль 2024 | Жиззах вилояти |
Жамоат тартиби муҳофазаси ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси | Веб-сайт | 13 Февраль 2024 | 27 Февраль 2024 | Сурхондарё вилояти |
Пенсия ёки нафақа тўлови ТЎХТАТИЛГАНЛИГИ | Веб-сайт | 29 Апрель 2024 | 2 Май 2024 | Тошкент вилояти |