2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Янги Ўзбекистонда бутун халқимиз қатори хотин-қизларимиз учун ҳам муносиб шароитларни яратиб бериш – энг муҳим вазифамиз бўлиб қолади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи

Ассалому алайкум, ҳаётимиз қувончи, файзу фариштаси бўлган муҳтарама онахонлар, ҳурматли опа-сингиллар, дилбар қизларим!

Бугун сиз, азизлар билан мана шундай тантанали анжуманда учрашиб, барчангизни, сизларнинг тимсолингизда бутун мамлакатимиз аёлларини Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбдан қутлаш мен учун улкан шараф ва саодатдир.

Барча-барчангизга самимий меҳрим ва чексиз ҳурматимни изҳор этишга ижозат бергайсиз.

Ўзларингиз каби гўзал байрамингиз муборак бўлсин!

Муҳтарам ватандошлар!

Ушбу шукуҳли айёмда ҳаммамиз бизни дунёга келтирган, оқ сут бериб, меҳр ва тарбия бериб вояга етказган буюк она сиймосига, мўътабар аёл зотига таъзим қиламиз. Зеро, инсон қадрини улуғлаш аввало азизу мукаррама аёлларимизни улуғлашдан бошланади.

Шу маънода, Мир Алишер Навоий бобомизнинг, жаннат боғидан баҳрамандлик истар экансан, аввало, мунис онани рози айлагин, деган сўзларини биз энг эзгу даъват сифатида қабул қиламиз.

Биз ҳаётимизнинг маъно-мазмуни, бутун борлиғимизни сиз, қадрли опа-сингилларимиздан айри ҳолда тасаввур этолмаймиз. Сизлар биз учун ҳамиша гўзаллик ва назокат, меҳр ва садоқат, қаноат ва шукроналик тимсоли бўлиб келгансиз ва доимо шундай бўлиб қоласиз. Мана шундай олижаноб фазилатларингиз билан бизларга ҳамма вақт куч-ғайрат, ҳаётга, келажакка ишонч бағишлаб келаётганингиз учун сиз, азизларга ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак, арзийди.

Ҳурматли опа-сингиллар!

Юртимизда меҳнаткаш, олижаноб халқимиз, биринчи навбатда, хотин-қизларимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш – давлатимиз ва жамиятимизнинг энг устувор вазифаси этиб белгиланган. Жумладан, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида хотин-қизларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий фаоллигини ошириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, гендер тенгликни қарор топтириш, аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу мақсадда, аввало, миллий қонунчилигимиз такомиллаштирилиб, опа-сингилларимиз учун янада кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Бунинг тасдиғини биргина мисол, яъни, сайлов кодексимизда депутатликка номзодларнинг камида 40 фоизи ёки ҳар 5 нафаридан 2 нафари аёл киши бўлиши зарурлиги  мустаҳкамлаб қўйилганида яққол кўриш мумкин.

Бугун ушбу муҳташам залда ҳурматли депутат ва сенатор аёлларимизни кўриб турганимдан хурсандман. Мамлакатимизда қонунчиликни мустаҳкамлаш, қабул қилинаётган қонунларимизнинг адолатли ва таъсирчан бўлишида уларнинг ҳам албатта ҳиссаси катта. Бунинг учун халқ вакиллари бўлган бу аёлларимизга чин қалбдан миннатдорлик билдирамиз.

Ҳозирги вақтда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши 2017 йилдаги 27 фоиздан 35 фоизга етгани айниқса эътиборлидир. Шу билан бирга, юзлаб оқила аёллар ҳаётимизнинг барча соҳаларида жонбозлик билан фаолият кўрсатаётгани барчамизни қувонтиради.

Бу борада Гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси самарали иш олиб бораётганини таъкидлаш лозим.

Хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда.

Сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистонда ишбилармон аёллар сафи икки баробар кенгайиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркор хотин-қизлар сони 205 мингдан ошди. Биргина 2023 йилда 279 мингдан зиёд тадбиркорлик лойиҳаларига 13 триллион сўмдан ортиқ кредит, қарийб 57 минг нафар хотин-қизга салкам 300 миллиард сўм субсидия ажратилди. Шунингдек, 200 мингга яқин аёллар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Энг асосийси – 400 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз иш билан таъминланди.

Бундан ташқари, хотин-қизларга ажратилган 6 триллион сўмлик ипотека кредитлари ҳисобидан 25 мингдан зиёд оилалар ўз уйига эга бўлди. Бу борада 6 минг 200 нафар аёлга уй-жой шароитини яхшилаш ва кредитнинг бошланғич бадалини тўлаш учун 200 миллиард сўм субсидия ажратилганини қайд этиш лозим.

Шу билан бирга, жойларда хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга қаратилган ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида “Аёллар дафтари” бўйича 1 триллион 234 миллиард сўм ҳисобидан қарийб 994 минг нафар хотин-қизнинг муаммоси ҳал этилгани бу фикрни тасдиқлайди.

Бу вазифаларни бажаришда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларининг иштироки кучайиб бораётгани айниқса муҳимдир. Улар томонидан “хонадонбай” ўрганишлар натижасида ижтимоий ёрдамга муҳтож 690 мингдан зиёд оилага манзилли ёрдам кўрсатилгани, 116 мингта нотинч оилада муҳит соғломлаштирилганини бугун алоҳида эътироф этамиз.

Қадрли дўстлар!

Мамлакатимизда бўлғуси оналар, келажак тарбиячилари бўлмиш қизларимиз камолотига, уларнинг олий таълим олиши, замонавий касб-ҳунар ва технологиялар, хорижий тилларни эгаллашига катта аҳамият берилмоқда.

Ҳозирги кунда олийгоҳларда таълим олаётган 1 миллион 300 минг нафарга яқин талабанинг ярмидан кўпи – эътибор беринг, ярмидан кўпи, яъни, 653 минг нафардан зиёдини қизлар ташкил этмоқда. Магистратурада ўқиётган ёшларимиз орасида қизларнинг улуши янада кўп, яъни, салкам 14 минг нафарни ташкил этмоқда. Бу – жами магистрантларнинг қарийб 60 фоизи дегани.

Жорий ўқув йилида эҳтиёжманд оилаларга мансуб 1 минг 914 нафар хотин-қиз олийгоҳларга қўшимча давлат гранти бўйича ўқишга қабул қилинди. 181 минг 500 нафардан ортиқ қизларимиз учун имтиёзли таълим кредитлари ажратилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг вакиллари, етим қолган ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 2 мингдан зиёд талаба учун 14 миллиард 500 миллион сўм контракт пули маҳаллий бюджетлар ҳисобидан қоплаб берилди. Сўнгги йилларда давлат олийгоҳларининг магистратура бўлимида ўқиётган хотин-қизларнинг контракт пуллари бюджетдан тўланмоқда.

Энг муҳими, қизларимиз ўртасида замонавий билим ва касб-ҳунарларга қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Масалан, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида таълим олган ёшларнинг 47 фоизи, яъни қарийб ярмини қизлар ташкил этган.

Кейинги пайтда юртимизда илм-фан ва таълим, хусусан, олий таълим соҳаси ислоҳ этилиб, жаҳон стандартларига мослаштирилаётгани сабабли хотин-қизлар бу йўналишда ҳам катта натижаларга эришмоқдалар. Бунинг амалий ифодасини сўнгги етти йилда 5 минг 247 нафар аёлларимиз фан доктори (DSc) ва ўз соҳалари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олгани мисолида кўриш мумкин. Биргина 2023 йилнинг ўзида 147 нафар хотин-қиз фан доктори, 1 минг 238 нафари эса фалсафа доктори илмий даражасига эришгани барчамизни мамнун этади.

Ҳозирги кунда илм-фан соҳасида жами 5 мингга яқин олима аёлларимиз фаолият кўрсатмоқда. Олийгоҳларда эса 14 мингдан зиёд опа-сингилларимиз педагогика ва илмий тадқиқот йўналишида иш олиб бормоқда.

Бу рақамлар нимадан далолат беради?

Бу аввало қизларимиз, опа-сингилларимизнинг интеллектуал салоҳияти нақадар баландлигидан, агар тегишли шароит ва имконият яратиб берсак, улар ҳар қандай юксак маррани забт этишга қодирлигидан далолат беради.

Албатта, оила юмушлари, фарзанд тарбияси билан бирга, турли соҳа ва тармоқларда фидокорона хизмат қилаётган опа-сингилларимизнинг меҳнатини муносиб қадрлаш доимо давлатимиз эътиборида бўлиб келмоқда.

Мустақиллик йилларида 17 нафар ҳурматли аёлларимиз “Ўзбекистон Қаҳрамони” деган олий унвонга сазовор бўлган бўлса, уларнинг 7 нафари фан, таълим ва санъат соҳаси вакиллари эканини алоҳида таъкидлаш лозим. 11 нафар аёл фан соҳасидаги энг юксак даражага, яъни академик унвонига сазовор бўлгани, минглаб хотин-қизларимиз давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланиб келаётгани эл-юртимизнинг уларга нисбатан юксак эҳтироми ифодасидир.

Азиз ватандошлар!

Ҳаммамизга маълумки, бугун дунёда мураккаб ва оғир вазият, иқтисодий инқироз ҳукм сурмоқда. Табиийки, бу ҳолат мамлакатимизга ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Бундай шароитда ижтимоий соҳалар учун бюджетдан маблағ ажратиш албатта осон бўлаётгани йўқ. Лекин, қанчалик қийин бўлмасин, биз қўшимча имконият топиб, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш, хотин-қизларимизнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун шароит яратмоқдамиз ва бу ишларимиз албатта давом этади. Чунки аёлларнинг, хусусан, қиз боланинг ўқиб, олий маълумотли бўлиши, касб-ҳунар эгаллаши оила бахти, фарзандлар камоли учун, шу асосда бутун жамият равнақи учун хизмат қилади.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Опа-сингилларимиз саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, халқимиз генофондини мустаҳкамлаш инсон қадрини улуғлашнинг ўзак масаласидир. Шу мақсадда 2023 йили 6 миллион 500 минг нафардан зиёд аёллар тиббий текширувдан ўтказилиб, уларга зарур маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатилди.

Бу каби эзгу ишларимизнинг давоми сифатида Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили давлат дастури доирасида хотин-қизларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш вазифалари алоҳида белгилаб қўйилди.

Бу борада, мамлакатимизда аёллар тадбиркорлигини янги босқичга кўтариш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш мақсадида, Сенат Раиси Т.Норбоева бошчилигида махсус комиссия ташкил этилади. Ушбу комиссия келгуси йил 8 мартга қадар ҳар бир ҳудудда “фавқулодда ҳолат” режимида ишлаб, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш бўйича ишларни мутлақо янгича ёндашувлар ва тизим асосида ташкил қилади.

Мазкур комиссияда “Халқ банки” раисининг ўринбосари Г.Рашидова хотин-қизларнинг бизнес ғояларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун масъул бўлади. Шунингдек, Савдо-саноат палатаси, “Бизнесни ривожлантириш банки” ва “Микрокредитбанк”да ҳам аёллар тадбиркорлигига кўмаклашиш бўйича алоҳида раис ўринбосарлари иш бошлайди. Ана шу раҳбарлар ҳар бир вилоят, ҳар бир туман, ҳар бир маҳаллада янги бизнес ғояларига эга хотин-қизларни аниқлаш, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқариш, лойиҳаларини сифатли ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ҳар томонлама кўмак берадилар.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари, ҳокимларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда фаол аёллар комиссия билан биргаликда жорий йилда 9 минг 442 та маҳалладаги 580 минг нафарга яқин ишсиз аёлларнинг бандлигини таъминлаш учун масъул этиб белгиланади.

Бу борада маҳаллаларда оилавий тадбиркорлик учун кредитларнинг камида 40 фоизи аёллар таклиф этган лойиҳаларга йўналтирилади. Шу мақсадда ҳар бир ҳудудда хотин-қизлар учун ҳунармандчилик, тадбиркорлик  марказлари ва кластерлари ташкил этилади. Ушбу масканларда 205 минг нафар опа-сингилларимиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга тайёрланади ҳамда тадбиркорлик асосларига ўргатилади.

Шунингдек, “Ёшлар дафтари”га киритилган 8 минг нафар хотин-қизга ўз бизнесини бошлаши ва меҳнат қуролларини харид қилиши учун субсидия, 10 минг нафарига эса имтиёзли кредитлар ажратилади. 50 минг нафар ёш аёллар учун малакали мутахассислар иштирокида “Бизнес марафон” лойиҳаси ташкил этилади. Ушбу лойиҳа доирасида юзлаб қобилиятли қизларимизга ўз бизнесини йўлга қўйиш бўйича амалий ёрдам берилади.

Умуман, бир ой муддатда хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниб, лойиҳаларни амалга ошириш учун 15 триллион сўм, жумладан, оилавий тадбиркорлик лойиҳаларига 6 триллион сўм ажратилади. Бундан ташқари, Саудия Арабистони, Қатар, Япония, Жанубий Корея ва Германиядаги элчиларимиз аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун 100 миллион долларлик грантларни жалб қилади.

Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам бир қатор муҳим тадбирлар амалга оширилади. Жумладан, мураккаб жарроҳлик операцияси ўтказишга муҳтож 2 минг нафар хотин-қиз давлат бюджети ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан даволанади.

Шу билан бирга, 1 миллион нафар ҳомиладор аёл ҳамда 1 миллион 500 минг нафар эмизикли она йод препарати, қарийб 6 миллион нафар репродуктив ёшдаги аёллар темир ва фолий кислотаси билан бепул таъминланади.

Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган 4 минг нафар хотин-қизларга уй-жой ажратилади. Шу тоифадаги 3 минг нафар аёл учун мураккаб тиббий операциялар бепул ўтказилади.

Юртимизда “Қизлар академияси” платформаси яратилиб, 100 минг нафар опа-сингилларимизга молиявий, ҳуқуқий, психологик, репродуктив билим бериш йўлга қўйилади.

Бундай амалий ишларимиз рўйхатини яна давом эттириш мумкин.

Қадрли анжуман иштирокчилари!

Яқинда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ва унинг ҳудудий тузилмалари ташкил этилганидан хабарингиз бор. Бу эса аҳолининг, биринчи навбатда, хотин-қизларимиз муаммоларини ҳал этиш бўйича янги имкониятлар очиб бермоқда.

Айниқса, “Маҳалла еттилиги” таркибидаги хотин-қизлар фаолларидан биз катта натижаларни кутиб қоламиз. Опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларига ечим топиш, керак бўлса, оилавий масалаларда аёлларимизнинг яқин сирдошига айланиш улар учун биринчи даражали вазифа бўлиши лозим.

Дунёда ўхшаши бўлмаган бундай тизимни жорий этишдан мақсад ҳам хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қуйи бўғиндан бошлаб самарали ҳимоя қилиш эканини сиз, азизлар албатта яхши тушунасиз. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти қуриш йўлида ташланган янги бир амалий қадам, десак, тўғри бўлади.

Азиз юртдошлар!

Ватанни севиш, унга садоқат билан хизмат қилиш, эл-юрт учун муносиб фарзандлар тарбиялаш – бу дунёдаги энг улуғ ва шарафли ишдир. Меҳрибон ва оқила, жонкуяр аёлларимиз бу борада ҳамиша фидойилик кўрсатиб келмоқдалар.

Маълумки, ҳар йили аҳолимиз сони қарийб 900 минг нафарга кўпаймоқда. Жорий ўқув йилида 733 минг нафар фарзандларимиз биринчи синфга қадам қўйди. Эртага ҳаётимизга қудратли тўлқин бўлиб кириб келадиган ана шундай навқирон авлодимиз тимсолида биз Янги Ўзбекистон бунёдкорларини кўрамиз.

Шу боис, ўғил-қизларимизни жисмоний ва маънавий баркамол этиб тарбиялаш, уларни миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида вояга етказиш барчамизнинг асосий бурчимизга айланиши зарур.

Бугунги таҳликали замонда жаҳон миқёсида кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик, ҳаётга енгил-елпи, истеъмолчилик кайфияти билан қараш каби хатарлардан ёшларимизни ҳимоя қилиш ўта долзарб масалага айланмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги барча аёлларга мурожаат қилмоқчиман.

Азиз опа-сингиллар, оилада фарзанд тарбиясига эътиборни кучайтирайлик, боғча, мактаб ва олийгоҳларга кириб борайлик.

Ўқитувчи ва мураббийлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, фарзанд ва набираларимизнинг ўқиши, давомати масаласи, ахлоқ-одоби билан қизиқайлик.

Болаларимизни билимли ва ақлли, оқни қорадан ажрата оладиган, эл-юртимизга содиқ, ҳаёли ва иболи, мустаҳкам иродали инсонлар этиб тарбиялаш учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилайлик.

Биз маънавий тарбия ишларини энди мутлақо янгича усулда олиб боришимиз керак. “Эзгулик – шиоримиз, маърифат – қуролимиз” деган ғоя асосида бу жараённи аввало оиладан, маҳалладан бошлашимиз лозим.

Зотан, ҳадиси шарифда айтилганидек, “Ота-она ўз фарзандига яхши тарбиядан бошқа мерос қолдиролмайди”.

Муҳтарама опа-сингилларимиз, дуогўй онахонларимизнинг масъулияти – айнан ана шу масалаларда яққол намоён бўлади.

Чиндан ҳам, жондан азиз болаларимиз ҳамма ҳавас қиладиган таълим ва тарбия олса, биласизларми, жамиятимиз, ҳаётимиз қандай ўзгаради?

Ҳал қилувчи аҳамиятга эга бу вазифани адо этишда биз аввало сиз, азизларга ишонамиз ва таянамиз.

Қадрли дўстлар!

Мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича тўпланган миллий тажриба халқаро миқёсда кенг эътироф этилмоқда. Жаҳон банкининг куни кеча эълон қилинган индексида Ўзбекистон гендер тенглик соҳасида дунёдаги энг тез ривожланаётган 5 та мамлакат қаторида қайд этилди.

“Аёллар, бизнес ва қонун” деб номланган ушбу йиллик ҳисоботда дунёнинг 190 та давлатидаги ҳолат 10 та кўрсаткич бўйича баҳолаб борилади. Янги индексда мамлакатимизда меҳнат муносабатлари ва оиладаги зўравонликка қарши кураш соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар муваффақиятли деб топилган. Ўзбекистон бу борада яхши натижага эришгани эътироф этилган.

Ўтган йили Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган нуфузли халқаро хотин-қизлар форумларида ҳам мустақил таҳлилчи ва экспертлар томонидан айни шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас.

Буларнинг барчаси албатта биз биргаликда қўлга киритган катта ютуқ бўлиб, бу ишларимизни янги босқичга кўтаришимиз лозим.

Жорий йилда мамлакатимиз яна бир йирик анжуман – Осиё хотин-қизлар форумига мезбонлик қилади. Мазкур анжуман “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – Хотин-қизлар” тузилмаси билан ҳамкорликда ташкил этилади.

Бу форум гендер сиёсати, хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқаруви, иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтириш бўйича самарали мулоқот майдони бўлади, деб ишонамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда иштирок этаётган хорижий давлатларнинг ҳурматли элчилари ва халқаро ташкилотлар вакилаларини ҳам самимий қутлаймиз. Уларнинг мамлакатлари ва халқларига чин дилдан тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилаймиз.

Ҳурматли дўстлар!

Хабарингиз бор, ҳар йили 8 март айёмида турли соҳалардаги дастлабки ютуқлари учун буюк ўзбек шоираси – Зулфияхоним номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган истеъдодли қизларимизни муборакбод этамиз.

Бугунги байрам тадбиримиз ана шу қизларимиз, уларнинг ота-оналари, устозлари учун, ўйлайманки, унутилмас тарихий воқеа бўлиб қолади.

Сиз, азиз фарзандларимни юксак мукофот билан ўз номимдан, халқимиз номидан самимий табриклайман. Бундай улкан эътирофни келажакда катта-катта ютуқлар билан албатта оқлайсизлар, деб ишонаман.

Айни вақтда бугунги байрам арафасида меҳнат ва жамоатчилик фаолиятида муҳим натижаларга эришган, ёш авлод тарбиясига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ҳурматли аёлларимиздан катта бир гуруҳи давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирландилар.

Барчамиз уларни чин қалбдан қутлаб, келгуси ишларига янги муваффақият ва омадлар тилаймиз.

Муҳтарама опа-сингиллар!

Сиз, азизларни бугунги баҳор ва нафосат байрами билан яна бир бор табриклайман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-омонлик, файзу барака тилайман.

Ҳар бирингизга ҳамиша оилангиз, фарзанду набираларингиз, эл-юртимиз ардоғида бўлиш насиб этсин!

Катта раҳмат сизларга!

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар