2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Мурожаатчиларга нисбатан “муомаласизлик” 822 та норозилик мурожаатига сабаб бўлган

Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг мурожаатларида кўтарилган масала ва муаммоларни ҳал этиш, инсон қадрини улуғлаш бугунги ислоҳотларнинг бош мезонига айланди.

Бугунги кунда ҳар бир ташкилот ва идора, мансабдор шахс фуқароларнинг мурожаатларига алоҳида эътибор қаратиб, уларда акс этган муаммоларни ҳал этиш чораларини кўрмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда унинг минтақавий вакиллари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилиши мунтазам равишда таъминланмоқда. 2022 йилнинг ўтган саккиз ойи давомида Вакил номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 9 минг 166 та мурожаат келиб тушган.

Уларнинг 5,4 фоизи, яъни 495 таси Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакилларига юборилган. Мурожаатларнинг 2 минг 448 таси такрорий равишда келган бўлса, 70 таси белгиланган тартибда аноним деб топилди.  

Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг мурожаатлар билан ишлаш бўйича 8 ойлик фаолияти натижаларига бағишланган брифингда айтиб ўтилди.

— Мурожаатларнинг 14,2 фоизи фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига оид, 33 фоизи ижтимоий ҳуқуқлар, 25,8 фоизи иқтисодий ҳуқуқлар, 15 фоизи сиёсий ҳуқуқлар ва 1 фоизи экологик ҳуқуқларга тегишлидир, — деди брифингда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг матбуот котиби Фотима Мадраҳимова. — Мурожаатларнинг 16 таси хорижий давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсманларидан келиб тушган. Юқорида тасниф этилганлардан ташқари, фуқароларнинг давлат ижро ҳокимияти, давлат бошқаруви органлари ходимларининг мурожаатчиларга нисбатан муомала маданиятига амал қилмаганлиги юзасидан 822 та мурожаат келиб тушган.

Омбудсманнинг ўзига юборилган 8 минг 671 та мурожаатдан 2 минг 532 таси парламент назорати субъекти сифатида назоратга олинган. 979 та мурожаат бўйича мурожаатчига батафсил ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилган. Қолган 5 минг 160 та мурожаат тегишлилиги бўйича ваколатли ташкилотларга мазмунан кўриб чиқиш учун юборилган. Мурожаатларнинг 26 фоизи назоратга олиниб, 88,4 фоизи эса ижобий ҳал этилган.  

Мурожаатлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп мурожаат Қашқадарё вилояти (1 650 та), Тошкент шаҳри (1 510 та), Сурхондарё (1184 та), Тошкент (696 та), Самарқанд (668 та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Энг кам мурожаатлар эса Сирдарё вилоятидан (216 та) ва Қорақалпоғистон Республикасидан (212 та) келиб тушган, — деди ахборот берувчи.    

Шунингдек, Омбудсман томонидан ҳисобот даврида фуқароларнинг манфаатлари юзасидан ташкилотларга 52 та таъсир чоралари  қўлланилган. Фуқароларнинг қарздорлиги, соғлиғига етказилган зарарлар, моддий ва маънавий зарарлар ва бошқа мажбурий тўловлар оқибатида юзага келган ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиши натижасида жами 143 миллион сўмдан ортиқ маблағлар фуқаролар фойдасига ундирилган. Бундан ташқари, 31 миллион сўмдан ортиқ алимент тўловлари ундирилиши таъминланган. 4 нафар фуқаро ишга тикланган, 2 нафар фуқаро иш билан таъминланган.  

Вакил томонидан фуқароларнинг давлат органлари ва ташкилотлар мансабдор шахслари хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган мурожаатлари ҳам батафсил ўрганилди. Натижада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 3 нафар масъул ходими ўз вазифасини лозим даражада бажармаганлиги учун интизомий жавобгарликка тортилган, 1 нафарига қаттиқ огоҳлантириш берилган. Шунингдек, Омбудсман сўровига асосан ваколатли давлат органлари томонидан масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларида қонунбузилиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланиб, 1 нафар мансабдор шахс эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. 3 нафар масъулга “хайфсан” интизомий жазоси қўлланилган, 4 нафар масъулга ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоиз миқдорида “жарима” интизомий жазоси қўлланилган, 2 нафар масъул ишига совуққонлик билан ёндашгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган.  

Таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг Омбудсман номига юборган ҳеч бир мурожаати эътиборсиз қолмаган. Ҳар бири юзасидан тегишли тартибда чоралар кўрилган. Бу эса мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, манфаатлари, қадр-қиммати ҳар нарсадан устун эканлиги ва доим эътиборда бўлишини намоён этади.  

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни ундиришИшонч телефони5 Июнь 202117 Июнь 2021Андижон вилояти

Фойдали ресурслар