2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
Оммавий сайёр қабуллар: ҳар бир мурожаат ечимини топади

Инсон манфаати – олий қадрият! Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар негизида айни мақсад устувор ўринга қўйилаётгани жойлардаги ўзгаришларда яққол сезилмоқда. Бинобарин, одамларни рози қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси йўлидаги саъй-ҳаракатлар амалий натижасини бермоқда.

Айниқса, аҳоли муаммоларини ечишнинг мутлақо янги, самарали тизимини яратиш мақсадида юқори даражадаги давлат органлари раҳбарларининг халқ орасига киришини таъминлайдиган оммавий сайёр қабуллар оддий одамлар ҳаётида муҳим ўрин тутмоқда. Буни сўнгги икки кун давомида Наманган вилоятида ўтказилган шундай тадбир натижалари ҳам яна бир карра тасдиқлади.

Дастлабки куни Наманган давлат университетининг талабалар турар жойи ҳовлисида ташкил этилган очиқ мулоқот шаклидаги оммавий сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президент маслаҳатчиси Турсунхон Худойбергенов раҳбарлигида 44 та вазирлик ва идоралар, секторлар, ҳудудий бошқарма, ташкилот ҳамда муассасалар мутасаддилари аҳоли мурожаатларини тинглади. Шу куни Наманган шаҳри, Давлатобод, Янги Наманган ва Наманган туманидан 514 фуқаро ўз таклиф, шикоят ва аризалари билан масъулларга юзланди. Уларнинг суд-прокуратура, ички ишлар ва маҳаллий ҳокимият идоралари фаолияти билан боғлиқ, шунингдек, бандлик, тадбиркорликни йўлга қўйиш, банк-кредит, соғлиқни сақлаш масалаларига оид мурожаатларининг эллик фоизи жойида ўз ечимини топди. 56 мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат берилган бўлса, ечими алоҳида ўрганишни талаб этадиган 120 та масала назоратга олинди.

Амалда ечимини топмайдиган муаммолар унча кўп эмас. Гап масаланинг моҳияти, ўз вақтида тегишли идоралар олдига қўя билишда. Бошқа жиҳати, кўпчилик юртдошларимиз ўз ҳуқуқларини яхши билмаслиги ҳам ҳақиқат. Бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳар бир мурожаатга қонун доирасида қатъий ёндашилмоғи лозим. Чунки унинг ортида инсон, розилик истаётган бир юртдошимиз турибди.

Наманган тумани Паст Қиёт маҳалласида яшовчи Гулбаҳор Нуриддинова 2020 йилда тиббиёт коллежини тамомлаган. Шундан буён ўзига муносиб иш топа олмаётганидан норози. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг республика ишчи гуруҳи таркибидаги вакили аралашуви билан унга Наманган шаҳридаги 12-оилавий поликлиникага ишлаш учун йўлланма берилди. Иш излаб юрган давлатободлик Марғуба Маматова эса «Орзу идеал» масъулияти чекланган жамиятида қадоқловчилик қиладиган бўлди.

Шу ерда ҳақли савол туғилади, бу сингари фуқароларнинг ишга кириш бўйича мурожаатлари нега шу пайтга қадар ҳал этилмаган?

— Йигирма ёшли қизим жигар хасталигидан азоб чекади, шифокорларнинг айтишича, уни ана шу аъзо трансплантациясини ўтказиш билан дарддан халос қилса бўларкан, — дейди Давлатобод туманида яшовчи Ўктамхон Тўраева. — Анчадан буён бу масалада қаерга боришни, кимга арзимизни айтишни билмай юргандик. Бугунги қабулда ичимга ёруғлик кирди. Қизимга донор юрагини ўрнатиш учун академик Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказига имтиёзли йўлланма берилди.

Мурожаатлар орасида тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан боғлиқ масалалар ҳам анчагина. Қайсидир хусусий корхона эгаси кредит олишда қийналаётган бўлса, бошқа бири ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун ер майдонига муҳтож. Молиявий масалада муаммога учраётганлар ҳам бор.

Наманган шаҳрида фаолият юритаётган «Мададкор таъминот савдо» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Баҳодир Аҳадов аутсорсинг хизмати кўрсатиш бўйича ундира олмаётган ҳақи юзасидан мурожаат қилди. Бизнес омбудсманнинг вилоят вакиллиги ёрдами билан 456 миллион сўм миқдоридаги маблағ тадбиркорнинг ҳисоб рақамига тушириб берилди. Унинг яна бир муаммоси - қўшимча қиймат солиғини ундириш бўйича талаби юзасидан шу куннинг ўзида процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди. Бундан ташқари ўндан ортиқ бизнес эгаларининг инфратузилма билан боғлиқ муаммолари ваколатли органлар иштирокида ечилди.

Сайёр қабулнинг Чортоқ туманида ўтказилган иккинчи иш куни ҳам самарали бўлди. Чортоқ, Уйчи, Норин ва Янгиқўрғон туман фуқаролари иштирокидаги мулоқотларда 784 киши ўзининг муаммоли масаласини мутасаддилар олдига қўйди. Мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб уларнинг 363 тасига жойида ечим топилди, 70 мурожаатчи ҳуқуқий маслаҳат олган бўлса, 237 та мурожаатга батафсил ўрганишлардан сўнг ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

— Мен ҳузурингизга кўпчилик номидан келдим, — деди Чортоқ туманидаги Ласкидон маҳалласи фуқароси Хайрихон Бобоева мактабгача таълим вазири ўринбосари У. Бегимқуловга юзланаркан. — Бундан икки йил аввал тегишли ҳужжатларга кўра, ҳудудимизда 120 ўринли янги давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси қурилиши айтилган эди. Орага пандемия тушди, бошқа сабаблар дегандай... ҳамон қурилишдан дарак йўқ. Бироқ, биз умидимизни узганимиз йўқ.

Вазир ўринбосари масаланинг сабабини ўрганди. Ечимга доир кўрсатмалар берилиб, ижобий ҳал этилиши қатъий назоратга олинадиган бўлди.

Бугун оммавий қабуллар Чустда давом этмоқда. Унда Мингбулоқ, Косонсой, Поп, Чуст ва Тўрақўрғон туманлари фуқароларининг мурожаатлари эшитилаётир.

Халқ билан мулоқотлар уларнинг дарду ташвишларини бартараф этишни мақсад қилган. Амалда бунга маълум даражада эришилмоқда. Буни қабулдан қайтаётган инсонларнинг чеҳрасида зоҳир бўлган миннатдорлик кайфияти ҳам кўрсатиб турибди.

Ҳал этилган мурожаатлар

Мурожаат таснифиЮбориш усулиКелиб тушган санаКўриб чиқилган санаҲудуд
Ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақасини тайинлашИшонч телефони12 Февраль 202421 Февраль 2024Қорақалпоғистон Республикаси
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилига (декретга) чиқиш, таътил даврида тўланадиган нафақаИшонч телефони19 Февраль 202426 Февраль 2024Сурхондарё вилояти
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) оид масалаларИшонч телефони20 Февраль 202423 Февраль 2024Самарқанд вилояти
Муҳтожларга бир марталик моддий ёрдамИшонч телефони27 Январь 202424 Февраль 2024Бухоро вилояти
Йўл, унга қарашли йўлак, лоток, ариқ ва бошқаларнинг талабга мувофиқ эмаслигиИшонч телефони26 Октябрь 202323 Февраль 2024Тошкент вилояти
Янги мактаб ташкил этиш, мактабга қўшимча иншоотлар қуришИшонч телефони17 Ноябрь 202327 Февраль 2024Тошкент вилояти
Суриштирув, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларидан норозиликВеб-сайт14 Февраль 202420 Февраль 2024Жиззах вилояти

Фойдали ресурслар